Бош саҳифа / Жамият / Равон йўллар тараққиётдан нишона

Равон йўллар тараққиётдан нишона

Қайси халқнинг маъмурлиги ва юртининг қудратини билмоқчи бўлсанг, унинг бозорлари, йўл ва кўприкларига разм сол, деган гаплар бежиз айтилмаган. Мана 2 йилдирки, муҳтарам Президентимизнинг бевосита ташаббуслари ва раҳнамоликларида республикамиздаги барча вилоятлар ҳамда туман, қишлоқлар-даги йўллар таъмирланмоқда, янгидан бунёд этилмоқда.

Бу эса халқимизнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилишдан ташқари, юрт фаровонлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Биргина Сурхон воҳасида бу борада олиб борилаётган ибратли ишлар мисолида ҳам юқоридаги фикримиз янада ойдинлашади.

Вилоятда 15 минг 12 километр автомобиль йўли мавжуд бўлиб, ундан 2843 километри умумий фойдаланишдаги йўллар ҳисобланади. Вилоятдаги шаҳар, қишлоқ, маҳалла ва ички хўжаликлараро автомобиль йўли 12169 километрни ташкил этади. Бу ҳазилакам рақам эмас. Биргина ўтган йили аҳолига қулай шароит яратиш, транспорт воситалари хавфсиз ҳаракатини таминлаш мақсадида 674,6 километр йўлда қурилиш — таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бунинг учун 162,6 миллиард сўмлик маблағ ўзлаштирилгани айтишгагина осон.

Шуни фахр билан айтиш лозимки, соҳага оид давлат дастурларига асосан Термиз шаҳридаги 15,7 километрлик кичик ҳалқа йўли ва Термиз шаҳри ҳамда туманидаги 30,6 километр автомобиль йўлларида 23 миллиард сўмлик қуриш ва реконстурикция ишлари амалга оширилди. 3 километрлик янги автомобиль йўли фойдаланишга топширилди. Бу эса вилоят марказининг меъморий қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди. Шунингдек, М-39 “Алмати-Бишкек-Тошкент-Шаҳрисабз-Термиз” трассасининг 1315-1330 километрида 7,912 миллиард сўмлик иш амалга оширилиб, 8 километрлик йўл фойдаланишга топширилди. М-41 халқаро “Бишкек-Душанбе-Термиз” авто йўлининг 1618-1622 километрида 4,4 миллиард сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилиб, 1,5 километр йўл қайта бунёд этилди. Айниқса М-39 халқаро йўлининг 100 километри замонавий таъмирлангани аҳоли учун ҳам, транспорт воситалари учун ҳам катта қулайлик яратди. Жумладан, “Маданият-Қорлиқ-Хўжаипоқ” автомобиль йўлининг 15-21 километрларида 2 миллиард сўмлик қурилиш таъмирлаш ишлари уддаланган.Ўтган йили жами 91 километрлик умумфойдаланувдаги автомобиль йўлини жорий таъмирлаш учун 41,5 миллиард сўмлик ишлар бажарилган.

Яна бир гап, чорак асрдан буён қишлоқ, овул, маҳаллалардаги ҳамда ички хўжаликлараро йўллар ачинарли ва таъмирталаб эди. Юртбошимизнинг таклиф ва талаблари билан ўтган йили вилоятда 387,1 километрлик қишлоқ ички йўллари қайта таъмирланди. Бунинг учун 36,4 миллиард сўм маблағ сарфланди. Биргина “Обод қишлоқ” Давлат дастури доирасида Сурхон воҳасида 30 қишлоқда 148,7 километр ички автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлашга 14,8 миллиард сўмлик маблағ сарфланганлиги Президентимиз ва ҳукуматимизнинг халқимиз турмуш шароитини яхшилашга бўлган эътиборининг ёрқин намунасидир.

Жорий йилда ҳам бу ишлар давом эттирилмоқда. Йил бошида воҳа ҳудудидан ўтувчи 742 километрлик йўлни қуриш ва таъмирлаш учун 286,1 миллиард сўм маблағ ажратилган. Ўтган ойлар мобайнида Термиз кичик ҳалқа йўли ва Термиз туманида 30,6 километрлик автомобиль йўлини қуриш ва реконструкция қилиш учун 32 миллиард сўмлик иш бажарилганлиги таҳсинга лойиқдир.7 ой давомида М-39 халқаро автомагистралда 6 миллиард 900 миллион сўмлик иш бажарилган. Бу ерда 7 киломертлик йўлни қурувчилар октябрь ойида фойдаланишга топшириш учун астойдил ҳаракат қилишмоқда. Термиз шаҳридан ўтувчи М-41 халқаро магистрал йўлида 7 ой давомида 4 миллиард 500 миллион сўмлик иш амалга оширилганлиги Термиз туман йўлсозларининг ғайрат-шижоатидан далолатдир. Жорий йилнинг ўтган ойлари мобайнида воҳадаги умумфойдаланувдаги автомобиль йўлида 17,6 миллиард сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилганлиги вилоят йўлсозларининг давлат дастурлари ижросини таъминлашдаги жонбозлиги, десак бўлади.

Бугунги кунда “Сариосиё-Тайёрагоҳ-Чинор”, “Бишкек-Душанбе-Термиз” ва М-39 халқаро магистрал йўлларида кенг кўламдаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари жадал олиб борилмоқда.Бундан ташқари, вилоятда қишлоқ ва овуллар, ички хўжаликлараро йўлларнинг 40 километри қайта таъмирлаб бўлинди.

Жорий йилданинг 7 ойида “Обод қишлоқ” Давлат дастури доирасида воҳанинг 40 та қишлоғида 130 киломертлик йўллар таъмирланди. Эл-юрт ободлиги учун ички йўлларни таъмирлашга 14 миллиард 856 миллион сўмлик маблағ сарфланди. Яна бир мисол, “Халқаро бахшичилик фестивали”га тайёргарлик кўриш муносабати билан Термиз шаҳридаги 14 кўчада 12 миллиард 676 миллион сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилганлиги шаҳарга алоҳида салобат ва шукуҳ бахш этди. Бундай мисол ва рақамларни кўплаб мисол келтириш мумкин.

ХУЛОСА ҚИЛИБ АЙТГАНДА, Сурхон воҳасидаги қишлоқ ва шаҳарлар, маҳалла ва овуллардаги автомобиль йўллари кўз кўрса қувонадиган даражада равон ва шинам бўлиб бормоқда. Бу улкан ҳажмдаги қурилиш ишлари, халқаро андозага жавоб берадиган, талабга мос жиҳозланган автомобиль йўллари мамлакатимизнинг қудратли иқтисодий салоҳиятидан ва бардавом тараққиётдан дарак беради. Воҳамизга келган ҳар қандай сайёҳ бу заминдаги улкан ўзгаришларни тан олмай иложи йўқ. Бу эса юртимизнинг ҳар бир фуқароси учун фахр ва ифтихордир.

Суратларда: йўл қурилишидан лавҳалар.

Сафар ОМОН,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE