Бош саҳифа / Жамият / Равон йўллар нега бузилмоқда?

Равон йўллар нега бузилмоқда?

ТЕРМИЗ ШАҲРИ ҲОКИМЛИГИДА БЎЛГАН ЙИFИЛИШДА АНА ШУ МАСАЛА ВА МУАММОЛАР МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

 Ўқувчилик даврида барчамиз рус адиби Иван Криловнинг “Оққуш, қисқичбақа ва чўртанбалиқ” ҳақидаги масалини ўқиганмиз. Болалик тасаввуримиз билан бу учала жонзотнинг бир аравани уч тарафга тортиши жараёни ақлсизлик ҳамда ниҳоят даражадаги мантиқсизлик эканлигини идрок қилганимиз бор гап. Болалик тасаввуримиз билан ушбу масални тўғри талқин қилганимиз ҳолда, бугунги кунда соҳа билимдонларининг мавжуд ҳаётий масалаларга ўша масал қаҳрамонларидек муносабати туфайли шаҳар инфратузилмасида баъзи бир муаммолар юзага қалқиб чиқмоқда.

Ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, Термиз шаҳар йўлларида тез-тез кузатиладиган, ҳатто, анъана тусига кирган “буз-буз”, “ковла-ковла” ишлари оддий аҳоли назарида ҳам жуда мантиқсизлик, ақлсизликнинг бир кўриниши дея баҳоланади. Энг қизиғи, бу йўлларда айрим ташкилотлар ўз билганича, қазиш ишларини олиб боришлари натижасида йўл инфратузилмаси жиддий зарар кўрмоқда.

Жорий йилнинг март, апрель ойларида Термиз шаҳридаги автомобиль йўллари тўлиқ таъмирдан чиқарилган эди. Аммо вилоят “Сувоқова” давлат унитар корхонаси ва унинг филиаллари, шаҳар алоқа тармоқлари, Термиз туманлараро газ таъминоти участкаси, пудратчи қурилиш ташкилотлари ва айрим хусусий тадбиркорлар томонидан “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонун талабларига зид равишда белгиланган тартибга риоя қилинмасдан, махсус ваколатли органлардан техник шарт ва рухсат олмасдан бугунги кунда йўлларда турли қазиш ишлари олиб борилаётганлиги аҳоли ўртасида кўплаб норозиликларга сабаб бўлиши билан бирга пиёдалар ва автомобиллар қатновида кўплаб қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.

Куни-кеча Термиз шаҳар ҳокимлиги мажлислар залида бўлиб ўтган йиғилиш шаҳар ва туманларда йўл хўжалиги тизимида мавжуд муаммолар муҳокамасига бағишланди. Йиғилишда Президентимизнинг 2017 йил 14 февралда қабул қилинган “Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси таҳлил қилинди. Йиғилиш иштирокчиларининг таъкидлашича, муҳокамалар давомида жойларда ноқонуний равишда қазиш ишлари олиб борилган шаҳар ва маҳаллий ички йўллари ҳамда кўприкларнинг фотолавҳалари кўрсатилиб, носоз йўлларда юз бераётган йўл-транспорт ҳодисалари, йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаёти хавф остида қолаётганлиги, қазиш ишлари олиб борилган йўлларни қайта таъмирлаш учун давлат бюджетидан кўп миқдорда ортиқча маблағ сарф этилаётганлиги мисоллар билан айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, автомобиль йўлларида юқорида номлари қайд этилган ташкилотлар томонидан ваколатли идоралар ва маҳаллий ҳокимият органларидан белгиланган тартиб ва техник шартлар асосида қазиш ишлари олиб борилган жойларда ҳам қайта ямаш тадбирлари қоидага хилоф равишда амалга оширилганлиги боис, асфальтобетон қопламаларида 2-3 ой ўтар-ўтмас, чўкиш юз бериб, бунинг натижасида йўлларнинг сифатига путур етмоқда. Зеро соҳага алоқаси бўлмаган ташкилотлар томонидан асфальтнинг юза қисми тош ва қум билан шунчаки кўмиб кетиш бугун оддий ҳолга айланиб қолмоқда.

Шунингдек, айрим автомобиль йўлларида оғирликни чекловчи белгилар ўрнатилмаганлиги сабабли ортиқча оғирликдаги транспорт воситаларининг ҳаракатланиши уларнинг яроқсиз ҳолга келиб қолишига ва ҳаракат хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Жумладан, вилоятнинг Ангор туманида 117 та, Шўрчи туманида 250 та, Олтинсой туманида 68 та, Қумқўрғон туманида 366 та, Термиз туманида 91 та, Музработ туманида 100 га яқин оғирликни чекловчи йўл белгилари ўрнатилмаганлиги таъкидланди..

Буюртмачилар томонидан лойиҳачи ташкилотларга объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун берилаётган техник топшириқларда коммуникация ва реконструкция қилиш жараёнида автомобиль йўлларини қайта тиклаш ишларига жиддий эътибор қаратилмаётганлиги танқид қилинди.

Йиғилишда Термиз шаҳар ҳокими И. Худойбериев, вилоят ҳокимлиги котибият мудири Ш. Қодиров, вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи З. Қаюмов, вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси бошлиғи Ж. Қиличев, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекциясининг вилоят бўйича инспектори У. Хушвақтов, вилоят “Сувоқова” ДУК бошлиғи А. Абдусаматов ва “ЎзИ-Термиз” филиали бошлиғи С. Кўчаров ҳамда алоқадор бошқа ташкилотлар раҳбарлари иштирок этишди.

Йиғилиш сўнггида Термиз шаҳар ҳокими И. Худойбердиев юқорида баён қилинган ҳолатлардан келиб чиқиб, Термиз шаҳар ҳокимининг ўринбосари Ш. Раҳмонқуловга алоқадор корхоналар мутахассислари иштирокида Термиз шаҳридаги барча турдаги автомобиль йўлларини ўрганиб, талаб даражасида фойдаланилмаётган коммуникация тармоқларининг рўйхатини шакллантириш ва камчиликларни бартараф этиш бўйича топшириқ берди.

Х. ТОҒАЙМУРОДОВ,“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE