Бош саҳифа / Таълим / Ранглар жилосида – она диёр

Ранглар жилосида – она диёр

Ҳаётга ўзгача нигоҳ билан қарайдиган инсонларгина ҳақиқий санъат асарини ярата олади. Воҳамизда эса ана шундай ёшлар талайгина.

Буни шаҳримиздаги “Ёшлар маркази”да Мус- тақиллигимизнинг 27 йиллигига бағишлаб ташкил этилган “Ранглар жилосида — она диёр” номли болалар ижодий кўргазмасидаги ажойиб суратлар, ёш рассомлар мисолида кўриш мумкин.

Кўргазмада “Ёшлар маркази” қошида ташкил этилган тўгараклар аъзоларининг ижодий намуналари намойиш этилди.

Марказ фоеси болалар ва уларнинг ота-оналари билан гавжум. Ўз ижодий асарларини тақдим этаётган болажонларнинг юзидаги қувонч ва ҳаяжон, уларнинг сўзларида, нигоҳларида ўз аксини топиб турибди.

Кўргазмани Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг вилоят Кенгаши раҳбари Шерзод Олимов очиб берди ва барчани Мус тақиллигимизнинг 27 йиллиги билан қутлаб, ўзининг самимий тилакларини билдирди. Шундан сўнг, рақс тўгарагининг жажжи аъзолари сурхонча ва халқ қўшиқларига монанд хиром этдилар. Тикувчилик тўгарагининг раҳбари Наргиза Ўроқова томонидан яратилган миллий либослар, тасвирий санъат тўгараги аъзоси Дилноза Шоимованинг 10 га яқин эскиз ва либос намуналари барчада катта қизиқиш уйғотди.

— Ўз либос намуналаримда миллийлик ва замонавийликни уйғунлаштиришга ҳаракат қилдим, — дейди Д. Шоимова. — Қандай иш билан машғул бўлмайин, доим янгилик яратишга интиламан. Доимо дунё мода кўргазмаларида ўзимнинг дизайнерлик ишларим билан иштирок этишни орзу қиламан ва шу мақсад билан олдинга ҳаракат қилаяпман. Келажакда Францияда ўқиб, Термизда ўз брендим остида либослар яратмоқчиман.

—    Мана, ҳозир мен ҳам кўргазмада ўзимнинг 4 та манзарали суратим билан иштирок этмоқдаман, — дейди иштирокчи Жавоҳир Муҳаммадиев. — 3 йилдан бери тасвирий санъат тўгарагига қатнайман. Рассомчиликнинг сир-асрорларини ўрганишимизда устозимиз Т. Ўроқов яқиндан ёрдам бериб келмоқдалар. Юртимиз манзараларини, тарихий ёдгорликларни чизиш севимли машғулотим.

Кўргазмада истеъдодли ёшларнинг 100 га яқин сувбўёқ ва мойбўёқ ишлари, манзара, сюжетли композициялари намойиш этилган бўлиб, уларда мустақиллик йилларида бўлган ўзгаришлар тасвири акс этган. Бундан ташқари, кўргазмадан амалий санъат тўгараги аъзоларининг ишлари ҳам жой олган бўлиб, оддий қоғоз ва рангли иплардан манзара ва ўйинчоқларни жонлантиришгани ҳар қандай санъатга ошуфта қалбни ўзига жалб этмай қолмайди, албатта.

—    Амалий санъат тўгарагимизда ёшларга тўқувчилик сирларини, мунчоқдан турли дарахт- лар, гуллар, тақинчоқлар ясашни ўргатиб келаман, — дейди тўгарак раҳбари Ситора Шарипова. — Бундан ташқари, квиллинг санъат тури сирларини ўзлаштириб, тўгарак аъзоларига ҳам ўргатдим. Квиллинг — бу турли қоғоз тасмаларидан ажойиб асарлар яратиш санъатидир. Узун ва ингичка қоғоз тасмаларидан спираллар ўраб, композициялар яратмоқдамиз. Квиллинг санъатининг ажойиб намуналарини, қўлда тўқилган ўйинчоқлар, атлас нусха кўйлакли қўғирчоқларни мактаб ёшидаги болалар яратишган. Болаларнинг қўл меҳнати бўлмиш табиий матолардан тўқилган, миллийлигимиз акс этган бу ўйинчоқлар хавфсиздир. Улар кўпчиликка манзур бўлаётганини инобатга олиб, юмшоқ ўйинчоқлар савдосини йўлга қўйишни режалаштираяпмиз.

— Қизим Руҳшона 9 ёшда, ўғлим Жалолиддин эса 7 ёшда, — дейди Гулзора Баҳовиддинова. — Ёзги таътилда “Ёшлар маркази”даги амалий санъат тўгарагига олиб келдим. Келишганига 2-3 ой бўлишига қарамай кўргазмада ўзлари тўқиган ва яратган суратларини намо- йиш этаётганидан хурсандман. Руҳшона синглисига қалпоқча, пайпоқлар тўқиб берди. Ўғлимнинг суратлари нафақат уйимизни безаяпти, балки яқинларимизга совға қилганидан барча мамнун. Фарзандларим бўш вақтида ўзларининг севимли машғулотлари билан шуғулланиб, яратувчанликка интилаётганини кўриб, улардан фахрланаяпман.

Тадбир сўнггида фаол иштирок этган истеъдодли ёшлар мутасаддиларнинг фахрий ҳамда мақтов ёрлиқлари билан тақдирланди. Ташкил этилган кўргазма ёшларнинг янгидан янги қирраларини очиб, томошабинларда ажойиб таассурот қолдирди.

Сайёра АЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Унутилмас учрашув

Анъанага айланиб келаётган “Устоз ва шогирдлар учрашуви” бу йил ҳар қачонгидан ҳам ўзгача руҳда ўтди. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE