Бош саҳифа / Жамият / Ранг кўр, ҳол сўр

Ранг кўр, ҳол сўр

Ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларни тадбиркорликка йўналтириш учун сектор раҳбарлари ҳам ҳаракатга киришган. Хусусан, 3-сектор раҳбари, вилоят ИИБ бошлиғи, полковник А.Исмоилов ҳам ёшлар ва хотин-қизларнинг кўнглига кириб бориш мақсадида сайёр учрашувларни энг чекка ҳудудлардан бошлади.

Айни пайтда воҳамизда ҳам ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” рўйхат шакллантирилиб, кўмак ва қўллаб-қувватловга эҳтиёжи юқори бўлганлар аниқланди. Энди улар билан бирма-бир мулоқот қилиш, керак бўлса, яшаш хонадонига бориб, шароити билан танишиб, уларнинг муаммоларига ечим топиш масаласи кўндаланг турибди. 3-сектор раҳбарининг Узун ҳамда Сариосиё туманларида ўтказган сайёр учрашувларида ҳам айни шу масалаларга эътибор қаратилди.

Жумладан, Узун туманидаги “Улонқул” ва “Оқтумшуқ” маҳаллаларидаги сайёр учрашувда 85 та мурожаат келиб тушди. Улардан 18 таси ижобий ҳал этилган бўлса, 22 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди. Вақт талаб қиладиган 45 та мурожаатнинг ижроси эса назоратга олинди. Мурожаатларда асосан, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун ер майдони ажратиш, молия муассасаларидан кредит олиш, спорт майдонини замон талабларига мослаш ва зарурий анжомлар билан таъминлаш, ички йўлларни таъмирлаш ва ичимик суви ўтказиш, моддий ёрдам ажратиш, ишга жойлашиш каби масалалар кўтарилди.

— Полиз экинлари етиштириш мақсадида 2 гектар ер берилишида кўмак сўрагандим, — дейди ёш оила вакили Мадина Меликмуродова. — Унда турмуш ўртоғим билан бирга меҳнат қилиб, рўзғоримизнинг кам-кўстини тўлдирсак, деймиз. Мурожаатим ижобий ҳал этилиб, бизга ер ажратиладиган бўлди.

Тадбир давомида аҳолининг соғлигини тиклаш, тиббий маслаҳат бериш мақсадида тиббий кўрик ҳам ташкил этилди. Вилоят марказидан кўчма мобил офтольмологик клиника билан биргаликда 30 дан ортиқ касалликлар бўйича малакали шифокорлар жалб қилинди. Тиббий кўрик давомида аниқланган касалликларга ташхис қўйилиб, маслаҳатлар берилди,  жиддий касалликлари бор беморларга эса вилоят марказий шифохоналарига даволанишлари учун йўлланмалар тақдим этилди.

— Тўрт йилдан бўён жигар хасталиги билан оғрийман, — дейди  “Улонқул” маҳалласида яшовчи Гулсара Баротова. — Икки нафар фарзандим бор. Турмуш ўртоғим муқим иш жойига эга эмас, кунлик меҳнат эвазига оила тебратади. Моддий жиҳатдан қийналганлигимиз учун даволанишга қўлимиз калталик қилиб турганди. Бугунги сайёр учрашувдаги сектор раҳбарига мурожаат қилгандим, улар менга вилоят марказий шифохонасида даволаниши учун бепул йўлланма беришди. Жуда хурсандман. Бу менинг саломатлигимни тиклашимга ёрдам беради.

Айтиш керакки, биргина “Оқтумшуқ” маҳалласининг ўзида 654 та хонадонда 4003 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан 845 нафарини 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. 67 нафар аёл “Темир дафтар”га киритилган. Учрашув давомида мазкур маҳалладаги хонадонлар ҳам кўздан кечирилди. Маҳалладаги ички йўллар абгор ҳолатда эканлиги айтилгач, шу куннинг ўзида 600 метр узунликдаги йўлга вилоят автомобил йўллари бош бошқармаси ходимлари билан биргаликда қум ва тош тўшамалари тўшалди. Кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам тарқатилди. 5 та хонадонга газ баллонлари олиб берилди.

Бундай учрашув Сариосиё туманидаги “Хуршид” маҳалласида ҳам ўтказилганда ёшлар ва аёллардан 69 та мурожаат келиб тушди. Жумладан, деҳқон хўжалиги ташкил этиш бўйича 17 та, имтиёзли кредит олиш бўйича 20 та, ишга жойлашиш бўйича 12 та, тиббий ёрдам бўйича 4 та, моддий ёрдам бўйича 15 та ва 1 нафар фуқаро турмуш ўртоғи жазони ўташ муассасасида бўлганлиги сабабли унга афв сўраб мурожаат қилди. Уларнинг аксари туман ҳокимлиги, сектор раҳбари ва маҳалла кесимида ҳал бўлди.

Яна ҳудуддаги Нурли кўчасининг 1500 метр узунликдаги қисмини

тошлаб ва қумлаб бериш сўралганда шу куннинг ўзидаёқ ишга киришилди. 

         Ранг кўр, ҳол сўр, дейди доно халқимиз. Айни дамда эътибор қаратилаётган масала — ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш учун эса уларнинг олдига бориб, мавжуд ҳолатни ўз кўзи билан кўрганга етмайди барибир. Ўшандагина ҳақиқий ҳолатни кўриш, билиш ва муаммолар ечимига тўғри йўлдан бориш мумкин.

Феруза Раҳмонқулова

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Хатловдан ўтган 23 964 нафар аёл тақдирида ўзгариш борми?

Термиз шаҳрида 180 676 нафар аҳоли мавжуд бўлиб, шундан аёллар сони 88531 нафарни ташкил этади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan