Рамазон – маънавият ойи

0
67

Мўмин-мусулмонлар ўн бир ой соғинч ва иштиёқ билан кутадиган эзгулик ва хайр мавсуми — муборак Рамазон ойидир. Унга буюкликда ҳеч бир ой тенг кела олмайди. Негаки, бу ойнинг фазилатларию хислатлари кўп.

Рамазон маънавият ойи дейилишининг ўзига хос сабаблари бор:

Биринчидан, бу ойда илм билан машғул бўлинади. Қуръони карим ўқилади, ҳадислар айтилади.

Иккинчидан, инсонлар бир-бирининг ҳолидан хабар олади. Уришганлар ярашади.

Учинчидан, рамазон ёрдам, кўмак ойидир. Муҳтожлар ёд олиниб, эҳтиёжмандларга ҳам моддий, ҳам маънавий томондан мадад берилади.

Тўртинчидан, унинг шарофатидан инсон ўзида эзгу амалларни мужассам қилади. Ушбу муборак ойда ибодат қилинади, эзгу ниятлар ижобати сўралади.

Бешинчидан, рамазонда мақсадлар муштарак бўлиб, бирдамлик ойи саналади. Одамлар елкама-елка туриб ибодат қилади, ҳурмат, иззат, эҳтиром кўрсатади. Риёзат билан ўзини ислоҳ қилишга шошади. Шу боисдан рамазонда ҳасад, гинаю кудрат, хусуматга ўрин йўқ.

Олтинчидан, бу ой огоҳлик, дахлдорлик ойи дир. Бунда иймон синовдан ўтади. Атрофдагиларга ўзгача меҳр-муҳаббат, ҳурмат нигоҳи билан қараш керак. Ана шундагина ўзгаларнинг айблари кўринмайди, камчиликлари ёпилади.

Еттинчидан, Рамазон ғанимат ойи. Олдига мақсад қилиб олган ишларига шошиладиган, берилган вақтни ғанимат билиб, натижадор ишларга бел боғланадиган ой ҳисобланади.

Рамазоннинг боши – ният. Ният бўлганда ҳам ибодат, эзгулик учун қилинадиган ният. Қалб тайёрлиги. Жисм ҳозирлиги. Чин ихлос. Икки дунё саодати ҳақида тафаккур. Демак, рамазонга руҳан ва жисман тайёр бўлиш зарур. Жисм ҳозирлиги очликка бардош, турли иллатлардан, ёмон сўзлардан йироқлик бўлса, яратганига яқинликни ҳис этиши, у ҳар қачонгидан-да кўпроқ кузатилаётганию тингланаётганидан завқ олиши руҳ тайёрлигидир.

Манбаларда келтирилишича, Рамазон ойида жаннат дарвозалари очилиб, дўзах эшиклари ёпилади. Бу эса оз амал билан кўп савоб олиш имкониятидир. Ундан қандай фойдаланиш эса ақл эгаларининг ишидир.

Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки, рамазонда бир фарзни адо қилса, гўё рамазондан бошқа ойда етмишта фарзни адо қилгандек савобга эга бўлади”, дея марҳамат қиладилар. Масалан, закотни рамазонда бериш керак, деган ҳеч қандай мажбурият йўқ, аммо ўша фарз (закот) рамазонда адо этилса, рамазондан бошқа ойда адо этилган етмишта фарз амалнинг савобига тенг бўлади.

Зеро, ҳар биримиз дуолар ва амаллар мустажоб бўладиган муқаддас ойда эзгу амалларни бажаришга шошилайлик.

Руҳуллоҳ ДОНАЕВ,
“Эшмат ўғли Мўмин бобо” жомеъ масжиди имом хатиб

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг