Бош саҳифа / Адабиёт / Рамазон илҳомлари

Рамазон илҳомлари

Ўн саккиз минг олам сарвари Сен сан,
Жамики кўзларнинг гавҳари Сен сан,
Нега нил бузилди бани Одамда?!
Икки дунё рангин жавҳари Сен сан.

ххх

Тошларга дардимни сўзладим гирён,
Тошлар ҳам ҳолимга бўзлади ҳайрон:
— Сен бизни беғам деб ўйлайсан ҳар он,
Сукутнинг қаърида барча ғалаён.

ххх

Ўзини билганлар савдойи бўлмас,
Арзимас дунёга адойи бўлмас,
Шайтон ва нафсига гадойи бўлмас,
Ибодатдан улуғ худойи бўлмас.

ххх

Минглаб ғофилларни туртдим, уйғотдим,
Юзлаб жоҳилларни ул чоҳга отдим,
Жоҳил одил бўлар, худбин ориф деб,
Мен нодон қандайин гуноҳга ботдим?!

ххх

Чилланинг оҳори кумуш қор бўлар,
Дилларнинг баҳори иймон, ор бўлар.
Шукрона қилмасанг бомдод — тонг билан,
Қабрингда чаёну ҳазор мор бўлар.

ххх

Ҳасаду ғаразнинг миллати бўлмас,
Инсофу иймоннинг иллати бўлмас,
Нокасу нодоннинг ҳиммати бўлмас,
Ўзини эл чоғлар, қиммати бўлмас.

ххх

Тилни тишламадим, кесилсин тилим,
Кўзимни юммадим, ўйилсин кўзим,
Қўлимни тиймадим, узилсин қўлим,
Ўзим гуноҳкорман,ўзимман ўзим!

ххх

Минг авом биттаки аъён бўлолмас,
Дунё муаммоси поён бўлолмас,
Барининг калити — Аллоҳ каломи,
Мингта китобинг ҳам баён бўлолмас.

ххх

Бошдан ўтганлари кўзимда қолди,
Дилдан кечганлари сўзимда қолди,
Руҳдан айро тушиб бораркан бу тан,
Эй Дўст, қай бирови ўзимда қолди?!

ххх

То тириксан, қутулмассан чархи кажрафторидин,
Ўйлама сен мулки ажам, кечгил илкда боридин,
Аримас ҳеч дилда кадар афғону зоридин,
Айрилмасин ҳеч бандаси токи машҳар Ёридин.

ххх

Кунлар, ойлар ўтар ғариб, мастона,
Гўё ҳар бир йилинг тенгдир достона.
Унутма, барчамиз келган меҳмонга,
Бизни кутаётир сирли Остона.

ххх

Ҳаёт ўрмагини тинмай тўқидим,
Умр эртагини билмай тўқидим,
Фоний эрмаги деб тирикчиликни,
Ўлмай жанозамни ўзим ўқидим.

Сафар ОМОН

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Беминнат устоз

Китоб ҳаёт йўлимизни ёритиб турувчи маёқдир. Инсонга улкан маънавий озуқа бериб, қалбини эзгуликларга ошно этади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan