Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Рақобатбардошлик – юксалиш омили

Рақобатбардошлик – юксалиш омили

Бугунги тезкор давримизнинг замон билан ҳамнафас кадрларга бўлган эҳтиёжи ниҳоятда баланд. Давлатимиз раҳбарининг олий таълим соҳасида қабул қилган фармон ва қарорларида ҳам айни эзгу мақсадлар мужассамдир.

Дарҳақиқат, Термиз давлат университети яқинга қадар вилоятимиздаги ягона олий ўқув юрти саналар эди. Бугун эса воҳада қатор олий ўқув юртларининг филиаллари фаолият юритмоқда. Шу билан бирга жорий йилнинг февраль ойидан Термиз давлат университетининг Денов филиали ҳам иш бошлади. Бу ўз навбатида иқтидорли ёшларимизнинг олий маълумот олиш имкониятини янада оширди.

Айтиш жоизки, олий ўқув юртлари ўртасида ўтказиладиган анъанавий фан олимпиадасида университет талабаларидан 13 нафари бу йил мамлакат босқичида муваффақиятли иштирок этиб, республика олийгоҳлари орасида фахрли 2-ўринни эгаллади. Иқтидорли талабаларимиздан 3 нафари Японияда қисқа курсларда таҳсил олиб қайтди. Айни пайтда 3 нафар ёш профессор-ўқитувчимиз Хитойда докторантура босқичида ўқимоқда.

Университетимизга хорижий делегацияларнинг ташрифи доирасида шу кунга қадар йигирмадан ортиқ ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Университет раҳбар-ходим ва профессор-ўқитувчилари АҚШ, Япония, Қозоғистон, Польша, Туркманистон, Тожикистон, Венгрия, Озарбайжон, Россия, Чехия, Туркия сингари давлатларда хизмат сафарларида бўлиб, халқаро анжуманларда иштирок этишмоқда. Бу йил бир нафар профессор-ўқитувчи фан доктори илмий даражасига эришган бўлса, 3 нафар ёш тадқиқотчи ўз соҳаси бўйича PhD даражасига сазовор бўлди. Агар ҳар йили қабул квоталари сони ошаётганлигини ҳисобга олсак, илмий даражали кадрларга эҳтиёж янада ортади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирокида 24 октябрь куни олий таълим соҳасини янада ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кенгайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилган эди. Унда олий таълим муассасаларининг нуфузи, профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти халқаро илмий ҳамжамиятда муносиб ўринга эга эмаслиги қайд этилганди.

Давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифалардан келиб чиқиб, халқаро алоқаларни янада кучайтириш, ўзаро тажриба алмашиш мақсадида октябрь, ноябрь ойларида Польша, Чехия ва Япония давлатларига сафар уюштирдик. 28-31 октябрь кунлари Польшанинг Гданьск технология университетида ERASMUS+ дастури асосида “Интеллектуал транспорт тизимлари: Ўзбекистонда янги ахборот коммуникация технологияларга асосланган магистратура йўналиши” (“Intelligent Transport Systems: New ICT based Master”s Curricula in Uzbekistan”) лойиҳаси иштирокчиларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Лойиҳада Польша, Австрия, Словения ва мамлакатимизнинг 6 та олий таълим муассасаси, жумладан, Термиз давлат университети вакиллари ҳам иштирок этишди. Семинар жараёнида Гданьск технология университети раҳбари билан икки томонлама ҳамкорлик, истиқболли режалар, ўзаро тажриба алмашинуви борасида келишувга эришдик.

Гданьск технология университети ўқув лаборатория базаси билан танишув чоғида талабаларнинг асфальтнинг янги турини яратиш борасидаги тажрибасига гувоҳ бўлдик. Ва бу борада Европа тажрибасини ўрганиш ва уни амалиётга жорий қилиш яхши натижалар беришига амин бўлдик.

Япониянинг Рисшё университетига қилган ташрифимиз ҳам самарали бўлди. Рисшё университети лойиҳаси асосида ташкил этилган “Буюк ипак йўли – тарих, археология ва санъат” мавзуидаги халқаро симпозиумда мамлакатимиз олийгоҳларининг профессор ва тадқиқотчилари, илмий-академик доиралари вакиллари сўнгги илмий-тадқиқот натижалари билан қатнашишди. Биз “Термиз давлат университети ва Япония нинг Рисшё университети ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболлари: туризмнинг ривожланиши” номли маърузамизда дунё аҳлини қизиқтириб келаётган Қоратепа, Фаёзтепа, Далварзинтепа, Кампиртепа ва Зартепа сингари қадимий будда маданияти ёдгорликларини замонавий сайёҳлик масканларига айлантириш, хорижликлар ва юртдошларимиз учун қатор қулайликлар яратиш ҳақида сўз юритдик. Симпозиум кунлари Япония матбуотида Термиз давлат университети, Сурхондарё вилоятининг бой тарихи, ўтмиши ва бугуни, сайёҳлик салоҳияти ҳақида мақолалар эълон қилинди.

Халқаро симпозиум доирасида Рисшё университитети президенти Нобуро Саито билан келгуси йил баҳорида ҳамкорликда йирик конференция ўтказишга ҳамда Термизда археология факультетини ташкил этишга келишиб олдик. Шунингдек, иқтидорли беш нафар талабамиз келгусида Рисшё университетида ўқишни давом эттирадиган бўлди.

Япония университетларида талабалар билан ишлаш бўлимининг очиқ ва шаффофлиги эътиборимизни тортди. Талабалар илмга ниҳоятда чанқоқ, кутубхоналар кечгача гавжум.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Европада ҳам, Японияда ҳам таълим олиш қиммат эканлигини кузатдим. У ерда талабага стипендия берилмайди. Имтиёзлар кам. Бепул ётоқ жойи билан таъминланиш катта имтиёз саналар экан. Талабалар эркин. Аммо уларга қўйиладиган талаблар жуда юқори. Агар кучли мутахассис бўлиб етишмаса, меҳнат бозорида ўз ўрнига эга бўла олмайди. Бу эса таълимда рақобатбардошликни келтириб чиқаради. Ушбу тажрибани бизда ҳам жорий қилиш вақти келди, деб ўйлайман.

Президентимизнинг соҳадаги кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни бажариш юзасидан берган топшириқларидан келиб чиқиб, ҳар бир олий ўқув юртини ривожлантириш бўйича алоҳида қарор қабул қилиниши белгиланди. Жумладан, “Термиз давлат университетида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳасини тайёрладик, лойиҳа профессор-ўқитувчилар, талабалар ўртасида кенг муҳокама қилинди. Уларнинг таклиф ва мулоҳазалари инобатга олиниб, лойиҳа анча такомиллаштирилди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида олий маълумотли офицерларга бўлган эҳтиёжнинг юқорилигини инобатга олиб, Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда кундузги бўлимда ўқийдиган талабалар орасидан резервдаги ва захирадаги офицерларни тайёрлаш бўйича ҳарбий кафедра фаолиятини йўлга қўйиш мўлжалланмоқда.

Юртбошимиз ўз нутқларида ва учрашувларда, раҳбарнинг баҳосини халқ беради, унинг обрўсини халқ белгилайди, деб айтадилар. Бундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, бугун профессор-ўқитувчини, унинг илмий салоҳиятининг баҳосини талаба берадиган пайт келди. Талабалар ўртасида ижтимоий сўровлар уюштирилиб, уларнинг фикр-мулоҳаза, таклифлари инобатга олиняпти. Замон шиддатини, талабини ҳисобга олиб, Telegram тармоғи орқали ректорнинг электрон қабулини ташкил этдик. Унда талабаларнинг мурожаатларини бевосита қабул қилиб, муаммо ва масалаларни ўз вақтида ҳал этишни йўлга қўйдик.

Албатта, давлатнинг эртаси, келажаги таълимга, ўз соҳасини пухта ўзлаштирган, юксак малакали мутахассисига боғлиқ. Шу боис, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, белгиланган янги истиқболли вазифаларни амалда жорий этиш бурчимиздир.

Абдуқодир ТОШҚУЛОВ,
Термиз давлат университети ректори, сенатор

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Талабага имтиёзли кредит

Ҳар ҳафта кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан ўтказилаётган мулоқотларда вилоят ҳокими Тўра …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE