Бош саҳифа / Сиёсат / “Раҳбарман, нима қилсам ҳам, меники тўғри”…ми?

“Раҳбарман, нима қилсам ҳам, меники тўғри”…ми?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 15 ноябрь куни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор ўтказилган эди.

Мажлисда раҳбарлар, айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари маънавияти масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Раҳбарнинг фазилати одамларни рози қилиш, уларга ғамхўрлик, меҳрибонлик кўрсата олиш билан намоён бўлади. Ўзгаларнинг ҳаётини яхшилаш, уларга ҳамдард бўлиш раҳбар ахлоқини белгилайди. Давлатимиз раҳбари ҳам, ориятли  халқимиз барча нарсага чидаши мумкинлиги, лекин адолатсизлик ва ноҳақликка чидай олмаслиги, уларнинг бардошини синаш эмас, балки муносиб шароит яратиб, оғирини енгил қилиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

— Агар раҳбарлар намуна бўлмаса, эртага биз одамларни эргаштира олмаймиз, — деди Президент. — Бугун халқимизнинг ҳурмат-эътибори ва ишончига сазовор бўлаётган раҳбарлар кўпчилликни  ташкил этади ва биз улар билан, албатта, фахрланамиз. Лекин, афсуски, гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек,  ўз масъулиятини унутиб, оёғи ердан узилган, “Мен раҳбарман, нима қилсам ҳам, меники тўғри”, деган хато фикр билан ғўддайиб юрган айрим одамлар ҳам йўқ эмас.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу сўзларидан кейин кўпдан бери нафақат мени, балки кўпчиликни ўйлантириб келаётган мавзуга яқин бир мисол келтириб ўтишни лозим топдим.

Аҳолисининг кўплиги билан етакчи туманларнинг бирида ишлайдиган салоҳиятли раҳбар танишим жуда таъсирли воқеани айтиб берди.

Кенг доирада ўтказилган йиғилишларнинг бирида туманнинг биринчи раҳбари билан хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосар ўртасида хунук бир ҳолат содир бўлибди. Раҳбар йиғилишда белгиланган топшириқнинг бажарилмаганлиги билан боғлаб, аёл ўринбосарини оғизга олиб бўлмайдиган cўзлар билан бўралаб сўкади. Аёл раҳбар эса кўпчиллик олдида мулзам бўлганидан “Бу нима деганингиз, сиз шунча одамнинг олдида мени изза қилдингиз, буни бутун туман аёлларига айтилган ҳақорат, деб ҳисоблайверайми?” — дея савол берибди. Туман раҳбари эса: “Яна бир бор “шундайсан” пошёл  ….”, деб юборибди. Ҳақоратнинг бунчалар кескинлашувига чидай олмаган аёл раҳбар ҳам кўпчилик олдида, ундан-да ҳунук сўзлар билан “сийлабди” ва “… сендай тўнка билан ишламаганим бўлсин”,   деб чиқиб кетибди.     Энди 200 мингга яқин фуқарога етакчи бўлган раҳбарлар ўртасидаги бундай хунук муносабатнинг сабаби ҳақида фикр юритайлик.

Бу иллатларнинг асосий сабаби жамоа билан ўзаро одамлар кўнглига йўл тополмаслик, кенгашмаслик, режаларни аниқ ва пухта ишлаб чиқмасликдир. Яшириб нима қиламиз, кўплаб идораларда ходимлар ўз йиллик фаолиятининг режасидан хабардор эмас. Раҳбар томонидан муҳр ва ҳашамдор имзо билан тасдиқланган бу «ҳужжат» ҳеч қачон қўлга олинмайди. Негаки,  бу режанинг ижроси сўралмайди, назорат қилинмайди. Чунки жамоанинг фикри ўрганилмайди, ҳар бир ходим ва раҳбар бир-бирига ўз фаолияти юзасидан ҳисоб бермайди.

Ҳеч кимни ёқтирмайдиган, инжиқ, ҳамма нарсага шубҳа  кўзи билан қараб,  ўз билганини мутлоқ мезон деб биладиган, атрофидагиларнинг фақат хатосини кўрадиган раҳбар кўпчилик олдида ана шундай мулзам бўлишининг сабаби шу!

Қолаверса, жамиятда аёлларнинг мавқейи ва ўрни тикланиб, фаол иштирокчига айланганига қарамай, ҳамон хотин-қизларга нисбатан паст назар билан қараш ҳар қандай раҳбар учун маънавиятсизликдан ўзга нарса эмас. Албатта, ўша вазиятда раҳбар аёлнинг ҳам қўполликка ундан ўтказиб, қўполлик билан жавоб берганини оқлаб бўлмайди. Бироқ, аёл ор-номуси шаънини кўпнинг олдида тўкишни ҳам ҳеч қанақасига оқлай олмаймиз.

Энг қизиғи эса, мазкур ҳолат ва бу воқеа ҳақида кун сайин болалаган гапларга ўша туманнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган раҳбарлари ҳам гувоҳ бўлсалар-да иккала раҳбарнинг орасини ислоҳ қилиш, ўша ернинг ўзида бундай хунук ҳолат қайта такрорланмаслиги ҳақида келишиб олиш тўғрисида ўйлаб ҳам кўрмайди!

Давлатимиз раҳбари; “Бундай раҳбарлар ўзининг кибру ҳавоси, бошқаларни менсимаслиги, ўзбошимчалиги ва қўполлигги билан одамларни, жамоатчиликни бирлаштириш ўрнига, аксинча, жамиятимиздаги бирдамлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳитини бузишга сабаб бўлаётгани бизда катта ташвиш уйғотмоқда. Ўзини йўқотиб, манманликка берилиб кетган бу шахслар нафақат ўз обрўсини, энг ёмони, унга мансаб бериб қўйган давлатнинг, унга ишонч билдирган халқнинг обрўсини тўкмоқда”, деганларида айнан мана шу раҳбарларни назарда тутган бўлсалар не ажаб.

Бежиз айнан туман раҳбарияти билан боғлиқ масалани мисол қилиб келтирмадим. Давлатимиз раҳбари назарда тутаётган сиёсатни айнан улар теранроқ тушунади ва халққа ҳам тушунтира олади. Бу каби раҳбарлар билан боғлиқ ҳолат эса одамларга тез ва ёмон таъсир қилади.

Шундай қилиб, Президентимиз айтганларидек: “Барча бўғиндаги раҳбарлар-у вазир ёки ҳоким бўладими, идора ёки ташкилот бошлиғи бўладими-бир ҳақиқатни жуда чуқур тушуниб олишингиз шарт: бундай ҳаракатлар давлат сиёсатига қарши чиқиш деб баҳоланади ва айбдорларга, албатта, тегишли жазолар қилинади”.

Райҳон АБДУРАСУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Муносиб тенглик

Бугунги кунда давлат бошқаруви ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда аёллар сони кам эканлиги давлатимиз раҳбари …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE