Бош саҳифа / Жамият / Қўтирбулоқ

Қўтирбулоқ

Ўзининг тарихий-маданий ёдгорликлари билан машҳур Сурхон воҳаси шифобахш булоқлари билан ҳам одамларни ўзига тортиб келмоқда. Олтинсой тумани Катта Вахшивор қишлоғи ҳудудидан баҳор билан бирга кўз очиб, то куз ойларига қадар одамларга даво улашадиган Қўтирбулоқ ҳақида аҳоли орасида кўплаб ривоятлар юради.

Шундай ривоятлардан бири чўпоннинг касалланган қўйлари булоқ сувидан шифо топгани ҳақида, бири тери касаллигига чалинган қизнинг булоқ сувидан тузалгани ҳақида сўзлайди. Бундай ривоятлар кўп, бироқ, булоқнинг кўз очиши ҳақида аниқ далиллар топилган эмас.

Шу ҳудудда вояга етган агроном Нурилла Жўраев қандли диабет касаллигига шу булоқ суви ёрдамида шифо топган. 2008-2009 йилларда қандли диабет билан оғриган беморга Тошкентда профессорлар тоғда булоқ суви ичиб туришини маслаҳат беришади ва Нурилла Жўраев Катта Вахшивордаги булоқ, яъни Қўтир булоқ сувидан бир оз муддат ичиб юргач, тетиклашганини, ҳузурланганини сезади ва муолажани давом эттиради. Кейинроқ қайта кўрикдан ўтказилганда, касаллиги анча тузалгани маълум бўлади. Шундан сўнг Н.Жўраев давра суҳбатларида булоқнинг хусусиятлари ҳақида сўзлаб, уни тарғиб қилади.

Шу-шу булоқ овозаси атроф туманларга ёйилади ва даво истаб келаётганлар сони ортади. Булоқни эса Катта Вахшивор қишлоғида яшовчи Эшматовлар оиласи ифлосланишдан сақлаб келмоқда. Келаётган одамларга қулайлик яратиш мақсадида ўз томорқаларида оммавий ювиниш жойларини ташкил этиб, халққа хизмат қилмоқда.

Булоқ сувининг шифобахшлиги ҳақида тўхталадиган бўлсак, Низомиддин ва Қудрат Эшматовларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида тўпланган маълумотларни келтириш кифоя. Улар булоқ сувини 4 йил давомида бир неча марта замонавий лабораториялардан ўтказишди. Унга кўра, ичимлик яроқли, тоза, чўкиндиларсиз, деб хулоса берилган. Республика ядро институти томонидан ҳам 2018 йил 30 августдан 11 сентябрга қадар текширувдан ўтказилган.

Табиат инъоми бўлмиш Қўтирбулоқ суви таркибини билгач, шифобахшлигига шубҳа қолмаслиги аниқ. Булоқ сувининг қандли диабет, қон босими, турли тери хасталикларига малҳам бўлиши унинг таркибидаги моддалар самараси, десак муболаға бўлмайди.

Шоҳиста ШОДМОНОВА,
Гулистон давлат
университети
2-босқич талабаси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ногиронлар – эътиборда

Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, айниқса, уларга сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш, зарурий тиббий-ижтимоий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE