Бош саҳифа / Жамият / Қурбонликнинг фазилатлари

Қурбонликнинг фазилатлари

Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, мўминларга хурсандчилик улашадиган Қурбон ҳайитига саноқли кунлар қолди! Бу кунда ҳамма баробар хурсанд бўлади, Аллоҳ таолонинг кўплаб хайру баракаси ер юзидаги бандалари устига ёғилади. Зеро, мусулмонларнинг энг мўътабар байрамларидан бири Қурбон ҳайити зулҳижжа ойининг 10-куни нишонланади. Қурбон ҳайити ҳаж ибодатлари тамом бўлгани муносабати ила Аллоҳ йўлида қурбонлик қилишга тайёрликни изҳор қилишлик учун шариатга киритилган байрам ҳисобланади.

Аллоҳ-таоло Қурони Каримда шундай дейди.“Сиз парвардигорингизга намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг” (Кавсар сураси. 2-оят).

 Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Аллоҳнинг амрига итоати, тақво қилишдир. Қурбонлик қилиш Аллоҳ таолонинг амрини бажаришдир.

Демак, қурбонлик диннинг шиорларидандир. Ундан ташқари, жонлиқ сўйишнинг охиратдаги савоби улкандир.

Динимиз буюрган молиявий ибодатлардан бири зулҳижжа ойининг ўнинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи кунларидан бирида қурбонлик қилишдир. Қурбонлик Аллоҳ йўлига жонлиқ сўйиш бўлиб, унинг замирида бой-бадавлат кишилар ўз тасарруфларидаги мол-дунёдан боқувчисини йўқотганлар, етим-есир, қўни-қўшнилар ва кам таъминланган оилаларга хайр-эҳсон қилиш ётади. Бу билан жамият аъзолари ўртасида дўстлик, ҳамжиҳатлик, меҳроқибат ришталари янада мустаҳкамланади. Шунга кўра Қурбон ҳайити кунлари Аллоҳ таолога севимли энг яхши иш, қодир бўлганларнинг қурбонлик сўйишидир.

Қурбонлик қилиш Иброҳим Халилуллоҳдан қолган амал бўлиб, ҳанафий мазҳабимиз бўйича закот нисобига етарли маблағга эга бўлган кишилар учун вожибдир. Қурбонликка аъзоларида ҳеч қандай айбу нуқсони йўқ туя, қора мол, қўй ва эчки сўйиш мумкин. Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг муборак ҳадисларида:

“Қурбонликларингизни каттароқ қилинглар, чунки улар Сирот кўпригида сизларга улов бўлади”, деб айтганлар (Имом Дайламий ривояти)

 Қурбонлик қилган киши қурбонлигининг гўштидан ейди, истаган кишиларга ҳадя қилади. Агар оиласи катта бўлса, қурбонлик гўштининг ҳаммасини оила учун олиб қолиши мустаҳабдир

Аллоҳ таоло сизу бизга қалбимиздаги ниятимизга кўра муомала қилади. Чунки, Қуръони Каримда марҳамат қилинади, яъни: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли У зотни улуғлашларингиз учун уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” (Ҳаж сураси, 37-оят).

Ҳақиқатан ҳам, қурбонликка сўйилган ҳайвонларнинг гўштларига ҳам, қонларига ҳам Аллоҳ таоло муҳтож эмас. Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Яратувчи амрига итоатини ва тақвосини намоён этишдир. Банда ихлос билан қурбонлик қилиб, Аллоҳ йўлида жонлиқ сўймоқдами, демак, ўша банданинг Аллоҳ таолога тақвоси бор экан. Шу билан бирга қурбонлик қилиш банда учун Аллоҳни улуғлашга бир фурсатдир

 Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки қурбонликни дили хурсанд ва савоб умидида қилса, у (қурбонлик) учун дўзахдан парда бўлади”, дедилар” (Табароний ривояти). Демак қурбонликдан мақсад гўшт ейишлик эмас, балки бу ибодатдир.

Қурбонлик қилувчи инсон қурбонлигини иложи бўлса ўзи сўйгани афзал. Агар жонлиқни сўйишликка имконияти бўлмаса, олдида туриб такбир айтиб туришлик сўйилаётган қурбонлиги гуноҳларига каффорат бўлади.

Мана шундай улуғ айём кунида мусулмонлар бир-бирларига қучоқ очиб, Парвардигорлари инъом этган хушнудликни баҳам кўрадилар. Очиқ чеҳра, ёруғ юз билан кўнгилларга хурсандчилик улашадилар.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ўзининг розилиги йўлида холис ниятлар билан қилаётган қурбонликларимизни, ибодатларимизни даргоҳида ҳусни мақбул айласин! Юртимиздан муборак ҳаж сафарига борган барча ҳожиларимиз ибодатларини мукаммал адо этиб, Ватанимизга соғ-саломат келишларини Аллоҳ таоло муваффақ қилсин! Барча воҳадошларимизга Қурбон ҳайити муборак бўлсин!

А. ҲАБИБУЛЛАЕВ,

Шўрчи туман бош имом-хатиби

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE