Бош саҳифа / Жамият / Қумқўрғонда замонавий боғча

Қумқўрғонда замонавий боғча

Илгари боғчага боришни унча хушламайдиган Нурзода энди ҳар куни эрта тонгданоқ мўъжаз масканига ошиқади. Сабаби яқинда у борадиган боғча биноси қайта қурилди. Энди у ер кўримсиз, арғимчоқлари эскирган маскандан хоналари ёруғ ва шинам, ҳовлисида турли ҳайвончалари, ҳовузчаси ва янги арғимчоқлари бор кўркам бинога айланди.

Дарвоқе, яқинда Қумқўрғон туманида давлат дастури асосида 4 миллиард 260 миллион сўм маблағ эвазига қайтадан барпо этилган 4-мактабгача таълим муассасаси “Янги шаҳар” маҳалласидагилар учун янгилик бўлди. “Старпан қурилиш” масъулияти чекланган жамияти моҳир қурувчилари томонидан барпо этилган маскан тамоман янгича қиёфага кирди. Замонавий дизайн асосида қурилган, барча қулайликларга эга бинода ошхона, ювиниш хоналари мавжуд. Қолаверса, бугунги кунда муассасанинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, ўқув жиҳозлари билан таъминланди.

— Бугун фарзандининг ушбу муассасада тарбияланишини истайдиганларнинг кети узилмаяпти, — дейди МТМ мудираси Гулсевара Раҳмонова. — Айни пайтда эса 90 ўринга мўлжалланган боғчамизда 6 та гуруҳда 150 нафар бола тарбияланмоқда. Уларга тажрибали тарбиячиларимиз “Илк қадам” давлат дастури асосида таълим-тарбия беришмоқда. Бу эса жажжиларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишда қўл келаяпти.

         Муассасада дастур асосида тарбияланувчиларнинг овқатланишидан тортиб, уларнинг нутқи, мулоқот қилиш, ўқиш ва ёзиш каби кўникмалари шакллантирилиб борилмоқда. Машғулотлар эса дидактик ва ҳаракатли ўйинлар орқали ҳафталик режа асосида олиб борилаяпти.

— Тарбиячилар меҳнатининг юзага чиқиши таълим муассасасида яратилган шарт-шароит, техник ва ўқув жиҳозлар билан таъминланганлик даражасига боғлиқ, — дейди МТМ тарбиячиси Зархол Тиллоева. — Замонавий шарт-шароит иштиёқимизни ошириб, ўз устимизда янада кўпроқ ишлашга ундаяпти. Кичкинтойлар билан ўйинчоқ ва инвентарлар воситасида қизиқарли ва сифатли машғулот олиб боряпмиз. Бундай машғулотлар эса боланинг соғлом турмуш кечириши, катталар ва тенгдошлари билан эркин мулоқот қилиши, атроф олам ва табиат ҳақида тушунчага эга бўлиши, энг муҳими, унда мавжуд ижодий имкониятларни юзага чиқаришига ёрдам бераяпти.

Ф. УМИДУЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE