Бош саҳифа / Жамият / Қўғирчоқ театрининг болаларга туҳфаси

Қўғирчоқ театрининг болаларга туҳфаси

Теварак-атрофдаги ҳар қандай воқеа-ҳодиса бола тарбиясига таъсир қилмай қолмайди. Бу айниқса, бир вақтнинг ўзида кўриш, эшитиш ва жонли ҳаракатлар билан боғлиқ бўлса, таъсирчанлик янада юқори бўлади. Бундай жонли тарбия воситаси театрдир. Англаганингиздек, гап болалар учун севимли бўлган қўғирчоқ театрлари ҳақида бормоқда.

Унда бевосита болалар кўз олдида қўғирчоқлар тимсолида турли эртак қаҳрамонлари тилга кириб, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги кураш, алал-оқибат эса меҳр, яхшилик, дўстлик каби эзгу фазилатларнинг ғалабаси жонланади. Шу орқали мурғак қалбларда олам ҳақидаги тасаввур ва ҳиссий кечинмалар уйғониб, дунёга зийрак кўз, теран нигоҳ билан қарашга одатланади.

Модомики, бола тарбиясида театрнинг таъсири ва ўрни шу қадар муҳим экан, айни вақтда вилоят қўғирчоқ театри таътил мобайнида болажонларга қандай туҳфалар тайёрламоқда?

– Ўзбек театри ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан берилган репертуарга кўра жойларда 21 дан ортиқ спектакль қўйишни режалаштирганмиз, – дейди вилоят қўғирчоқ театри директори Олмахон Бердимуратова. – Хусусан, вилоятимиздаги ёзги болалар дам олиш оромгоҳларида, мактабгача таълим муассасаларида доимий равишда, қолаверса, меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, маҳаллалардаги кам таъминланган оила фарзандлари ҳамда шифохоналардаги бемор болалар учун йил давомида хайрия тарзда спектакллар, эртак-пьесалар намойиш этамиз.

Театр ижодий жамоаси томонидан ҳар йили 4 тадан янги спектакль саҳналаштирилади. Куни-кеча режиссёр Зухра Нормўминова томонидан ўзбек халқ эртаги асосида саҳналаштирилган “Ур тўқмоқ” эртак-пьесасининг премьераси бўлиб ўтди. Бундан ташқари, яна “Қодирий кулганда”, “Қалам ва қилич соҳиби” каби Абдулла Қодирий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур шахсини гавдалантирувчи тарихий спектакллар устида иш олиб борилмоқда.

Дарвоқе, вилоят қўғирчоқ театри жамоаси Бугун — Халқаро болалар кунига атаб катта байрам томошасини ҳам ҳозирлаган. Азиз болажонлар, томошаларга марҳабо!

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE