Бош саҳифа / Жамият / Қрим-Конго – хавфли касаллик

Қрим-Конго – хавфли касаллик

Қрим-Конго геморрагик вирус қўзғатадиган, ўта хавфли юқумли касаллик бўлиб, унинг манбалари кемирувчилар, йирик ва майда шохли моллардир.

Касаллик асосан, фаолияти чўл ҳудудлари, яъни табиий ўчоқлар билан боғлиқ бўлган касб эгаларида (чўпон, уларнинг оила аъзолари, мол боқувчилар, овчилар, қўй жуни қирқимига вақтинчалик ишга жалб этилганлар) учрайди.Геморрагик иситма мавсумийлик хусусиятига эга бўлиб, асосан йилнинг баҳор ва ёз фаслларида қайд этилади. Бу йил қиш фасли одатдагидан анча илиқ келиши айрим ўта хавфли юқумли касалликларни тарқатувчи ҳашаротларнинг кўпайишига замин яратди. Бундай вазиятда ушбу ҳашаротлар учрайдиган ҳудудларда кузатув, мониторинг назорат ишларини кучайтириш, дезинфекция, дезинсекция, дератизация ишларини тизимли асосда ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга.

Касалликнинг яширин даври ўртача 2-3 кун давом этади. Баъзида бу давр бир неча соатларгача қисқаради ёки 14 кунгача чўзилади. У тана ҳароратининг кўтарилиши (39 40 °С), юз, бўйин, кўкрак қисми териларининг қизариши, баданнинг совуқ қотиб қалтираши, мушакларнинг оғриши, баданларда тошма тошиши, милк, бурун, ошқозон-ичаклардан қон кетиши, инъекция жойларида қон қуйилишлар каби аломатлар билан намоён бўлади. Баъзида касаллик оғир кечиб, ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилади. Ушбу касалликдан сақланиш учун қуйидагиларга риоя қилиш тавсия этилади.

Агар баданга кана ёпишганлиги аниқланса, унда яқин жойлашган тиббиёт муассасасига мурожаат қилиш керак. Бундай имконият бўлмаса, унда кана ёпишган одам, агар ёш болага кана ёпишган бўлса, катталардан бири канани эҳтиёткорлик билан олиши мумкин. Зинҳор канани ҳимояланмаган қўллар билан олиб ташламаслик керак.

Дастлаб кана ёпишган жойга 2-3 томчи ўсимлик ёғи томизиб, 10-15 дақиқа кутилади, шундан сўнг қўлларга резина қўлқоп кийиб, пинцет ёки ип ёрдамида секин-аста олинади. Кана олинган жойга йод суртилади ва устига бактерицид пластир ёпиштирилади. Олинган кана пенициллин флаконига солиниб, оғзи бекилади ва жойида ёқиб ташланади.

Уйларда қорамол боқишда молхоналарни тоза тутиш, гўнг ва бошқа чиқиндиларнинг йиғилиб қолиши оқибатида турли инфекцияларнинг пайдо бўлишига йўл қўймаслик ҳамда дезинфекция тадбирларини ўтказиш, ҳайвонларда кана борлиги кузатилганда дарҳол ҳудудий ветеринария хизматига мурожаат этиш зарур.

Бугунги кунда ушбу эпидемияга қарши тадбирларни ўз вақтида ташкил этиш мақсадида туманларда санитария-эпидемиология, ветеринария ходимлари, шифокорлар, маҳалла фаоллари ҳамкорлигида махсус гуруҳлар тузилиб хонадонларда чорва молларини кўрикдан ўтказиш, санитария-эпидемиологик ҳолатини барқарор сақлаш бўйича санитария-тарғибот тадбирлари ташкил этилмокда. Мобиль телефонларга ўта хавфли юқумли касалликлардан ҳимояланиш бўйича sms-хабар жўнатиш йўлга қўйилган.

Кана чақишидан эҳтиёт бўлиш Қрим-Конго геморрагик иситма касаллигининг олдини олишнинг гарови эканлигини унутмаслигимиз керак!

Н.ТЎРАЕВ,
вилоят ДСЭНМ бош врач ўринбосари тиббиёт фанлари номзоди
И.ТОШМУРОДОВ,
Термиз шаҳар ДСЭНМ ходими

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳидоят деб залолатга кетманг!

Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар кузатилаяпти. Муқаддас динимизга қаратилган эътибор …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE