Бош саҳифа / Жамият / Қонунларга амал қилайлик

Қонунларга амал қилайлик

Ҳаёт шунчалар ширин, дунё шунчалар гўзалки, кўриб кўзинг тўймайди. Табиатдаги ушбу гўзалликлардан баҳраманд бўлиш, уларни илғаш учун эса, аввало, инсоннинг ўзи гўзал, қалби эзгуликка ошно бўлмоғи лозим.

Табиийки, эзгуликка ошно инсонларнинг хонадони тинч, рўзғори бутун, оиласи ҳам мустаҳкам бўлади. Аммо, истисно тариқасида айтиш мумкинки, айрим воҳадошларимиз орасида ҳали ҳам давлатимизнинг қонун-қоидаларини тан олмасдан, унга бефарқ муносабатда бўлаётганлар, афсуски, оз бўлса-да, учраб турибди. Хусусан, транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш ва автомобилда йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш каби ҳолатлар шулар жумласидан.

Мисол учун, Шўрчи туман маъмурий судининг 2018 йил 15 мартдаги қарорига кўра, ҳуқуқбузар Э. Шадиев (исм шарифи ўзгартирилган) муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилган бўлишига қарамасдан, 2018 йил 9 март куни соат 18:00 ларда Шўрчи туман “Мустақиллик” кўчасида ўзининг бошқарувидаги “Жигули” русумли, давлат рақами 75 DJA бўлган автомашинасини маст ҳолатда бошқарганлиги учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси 1-қисми билан 3 йил муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган.

Энг ачинарлиси, ҳуқуқбузар Э. Шадиев ўз айбига иқрор бўлиш ўрнига, суд қарорига эътироз тариқасида кассация тартибида шикоят қилган. Шўрчи туман маъмурий суди Э. Шадиевга нисбатан чиқарилган қарорни ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдирган.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1763-моддасида, автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланганликда фуқароларга энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса, эллик бараваридан юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилган.

Ф. Маматовга (исм-шарифи ўзгартирилган) нисбатан Шўрчи туман маъмурий суди томонидан МЖтКнинг 1763-моддаси билан энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида, яъни 2 995 500 сўм жарима жазоси тайинланганлигини бунга мисол тариқасида келтириш мумкин. Фуқароларимиз орасида амалдаги қонун-қоидаларни назар-писанд қилмайдиган, онгли равишда ҳуқуқбузарликлар содир этаётган Ф. Маматов сингари фуқароларнинг учраётганлиги ачинарли, албатта. Масаланинг иккинчи томони ҳам борки, Ф. Маматов кабилар билиб-билмай лицензиясиз транспорт воситасини бошқариш оқибатида жарима тўлаб, оила аъзоларининг ризқ-насибасини ўзлари қийиб қўяётганликлари бор ҳақиқат.

Фуқароларимизнинг ҳуқуқий онгини ўстириш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларни қонунларга ҳурмат руҳида ишлашга ўргатиш мақсадида кўплаб тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида, суд ишларининг 60 фоизидан ортиғи сайёр суд мажлисларида кўрилиб, суд қарорлари жойларга, яъни ҳуқуқбузарларнинг яшаш ёки иш жойларига муҳокама қилишлик учун юборилмоқда.

Шунингдек, Президентимизнинг 2019 йил 9 январда қабул қилинган “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида вилоят, туман (шаҳар) суд раислари ҳамда судьялари томонидан Халқ қабулхоналарида фуқаролар билан сайёр қабуллар ўтказилиб, уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилмоқда.

С. ХОЛМАТОВ,

вилоят маъмурий суди судьяси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Улуғ инсон эди…

У пайтлар Ангор тумани маданият бўлими бошлиғи бўлиб ишлар эдим. Ташкилотчилигим, ташаббускорлигимни яхши билган туман …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE