Термиз шаҳридаги “Ёшлар маркази”да ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ва халқ таълими бошқармаси мутахассислари ҳамкорлигида “Ёшлар ва қонун” мавзуидаги республика танловининг вилоят саралаш босқичи беллашувлари ўтказилди. Унда Қизириқ туманидаги 37-ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг “Фемида”, Денов туманидаги 41-умумтаълим мактабининг “Ёш юристлар”, Термиз туманидаги 7умумтаълим мактабининг “Қонун” жамоалари қатнашди.

Илм даргоҳларининг 9-11 синф ўқувчиларидан таркиб топган жамоалар суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларга доир савол-жавоблар, “Ҳуқуқингни англа!” мавзуидаги саҳнавий кўринишлар ҳамда айрим ёшлар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноий ҳолатларни бартараф этишга доир ишларни ўзида мужассам этган видеороликлар тайёрлаш бўйича баҳслашишди.
Якунда Термиз туманидаги 7-умумтаълим мактабининг “Қонун” жамоаси 48 балл тўплаб ғолиб бўлди ва танловнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Феруза ШУКУРОВА,
Термиз туманидаги 7-умумтаълим
мактаби ўқитувчиси