Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Қиймат занжири — қандай лойиҳа?

Қиймат занжири — қандай лойиҳа?

USAID фонди билан ҳамкорликда Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиалида қишлоқ хўжалигида мева-сабзавотларни сақлашга мўлжалланган совуқхона қурилди, дея хабар берди вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати. Ўқув жараёнида тажриба ўрганиш мақсадида қурилган бу совуқхона АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг умумий қиймати 14 млн. АҚШ долларига тенг, 5 йилга мўлжалланган “Қишлоқ хўжалигида қиймат занжирини ривожлантириш” (AVC) лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Хўш, бу қандай лойиҳа? Ундан кўзланган мақсад нима ўзи?

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси расмий сайтида келтирилган маълумотларга кўра, асосан данакли мевалар, сабзавотлар, қовун ва узум каби маҳсулотларни қамраб олувчи ушбу янги лойиҳа мева-сабзавотчилик соҳаси доирасида қўшимча қиймат яратиш занжирининг барча жабҳаларини такомиллаштириш, янги иш ўринлари яратиш, соҳа вакиллари даромадини ҳамда мева ҳосилдорлиги ва сифатини оширишга йўналтирилган.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистонда 2016 йилда старт олган бўлиб, у юртимиздаги 11 та вилоятнинг 33 та туманини қамраб олади. Унда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш сифати ва миқдорини ошириш, ҳосил йиғимидан кейинги амалиётлар ҳамда ишлаб-чиқариш тадбирларини такомиллаштириш, ички ва ташқи бозорларда ўзаро алоқаларни яхшилашга кўмаклашиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги таълим муассасаларини хусусий сектор талаблари билан боғлаш каби мақсадлар ҳам кўзланган.

Шу кунларда воҳамизда бўлиб турган USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси иқтисодий ривожланиш бўлими бошлиғи Скотт Хедланд бошчилигидаги делегация мазкур университет фаолияти билан ҳам танишди.

Бундан олдинроқ эса делегация вилоят ҳокими Т.Боболов билан учрашди. Учрашувда ҳозирда ваколатхона кўмагида “Термиз” эркин иқтисодий зонаси учун маркетинг ва бизнес режалар ишлаб чиқилаётгани, Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида 3 ойлик дастурлаш курсларини ташкил этиш режалаштирилгани айтиб ўтилди. Шунингдек, Термиз туманидаги Айритом маҳалласи ҳудудида барпо этилаётган “Термиз” эркин иқтисодий зонаси ва “Термиз” халқаро савдо марказида яратилаётган замонавий шароит ва қулайликлар тўғрисида ҳам тақдимот қилинди.

Ўз мухбиримиз

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Motokultivatorli bo‘ldim

 Yoshlarni ish bilan ta’minlash borasida oltinsoyliklar ham ildamlar safiga kirish harakatida. Chunki, mutasaddilar ishsiz, ijtimoiy …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan