Бош саҳифа / Маданият / Қирққиз ноёб тарихий обида

Қирққиз ноёб тарихий обида

Тарихий манбалар фақат далилларга асосланади. Далиллар аниқ бўлса, фикр юритилаётган объект ҳақида тўлиқ тушунчага эга бўлинади. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, вилоятимиз ҳудудида жойлашган меъморий ёдгорликлардан бири — Қирққиз мажмуасининг қурилган даври тўғрисида турли маълумотларга дуч келамиз.

Бу фикрни бежиз айтмаяпмиз. Чунки охирги пайтда мактаблар, коллежлар томонидан ўсмирлар ва талабалар учун Термиз шаҳри ва унинг атрофидаги тарихий ёдгорликлар бўйлаб ички туризм саёҳатлари уюштирилаётгани боис ёшларнинг тарихий жойларга нисбатан қизиқиши янада кучаймоқда.

Афсуски, Султон Саодат, Қирққиз , Ҳаким Термизий, Кокилдор ота ва бошқа меъморий обидалару ёдгорликларга мутасадди этиб тайинланган ходимлар, очиғи, кўпинча қоровуллар ёшларга меъморий ёдгорликлар тўғрисида айрим далилларни айтишдан нарига ўтиша олмайди. Сабаби аён, улар тарихий маълумотлардан батафсил хабардор эмаслар. Масалан, Термиз туманининг “Намуна” СИУ ҳудудида жойлашган Қирққиз меъморий ёдгорлигининг қайси даврда қурилгани ҳақида яқин-яқингача ҳар хил фикрлар мавжуд эди. Археологлар, тарихчилар, меъморшунос ҳамда санъатшунослар бу ёдгорликнинг қурилиши VI асрдан бошланиб, XV-асргача давом этган, деган фикрда бўлиб келишди. Улар археологик қазишма ишларини олиб бормай, асосан ёдгорлик мажмуасининг қурилиш услуби, фойдаланилган ғиштларга таяниб, тахминий хулосалар чиқаришган бўлиши мумкин. Уларнинг бундай фикрга келишига, бизнингча, бошқа бир асос ҳам бор.

Қирққиз ҳеч бир муболағасиз, наинки мамлакатимизнинг, балки Марказий Осиёнинг машҳур меъморий ёдгорлигидир. Унинг машҳурлиги шундаки, қурилиш услуби такрорланмас ва ўзига хос тарҳга эга. Тўғри тўрт бурчакли, икки қаватдан иборат, тўрт томонида тўртта буржи (дарвозаси) бўлган нодир ва мустаҳкам ёдгорликдир. Шу боис тарихчилар ва археологлар VI-асрдан XV-асргача қурилиши давом этган, деган тахминий хулосаларни қолдирган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Ашёвий далилларга суянадиган бўлсак, Қирққиз меъморий ёдгорлиги қачон барпо этилганлиги ҳақида археолог-олима Елизавета Некрасова ўтган асрнинг етмишинчи йилларида обида атрофида қазишма ишларини олиб бориб, топилган манбаларга асосланган ҳолда ёдгорлик XIV-XV асрларда қурилган, деган маълумотни баён этганди. 2016 йил республика маданият вазирлиги тасарруфидаги маданий мерос ёдгорликларини сақлаш ва улардан фойдаланиш бош илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳомийлигида Қирққиз ёдгорлиги айвонида қазишма ишларини олиб борган археолог олим Тўхташ Аннаев бошлиқ гуруҳ топилган манбалар, хусусан, XIV-XV асрларда темурийлар томонидан зарб этилган тангалар, шунингдек, сопол буюмларга таяниб, ёдгорлик XIV-XV асрларда барпо этилган мустаҳкам иншоот, деган хулосага келишди.

Бунинг исботини 1333 йилда (XIV асрнинг ўттизинчи йиллари) юртимизда бўлган машҳур араб сайёҳи Ибн Батута фикрлари ҳам тасдиқлайди: “Чингизхон бошчилигидаги мўғуллар Термизни вайрон қилгач, янги шаҳарни қисқа фурсатда эски Термиздан икки чақирим нарида, шарқ томонда қурдилар”.

Демак, фикримизча, айни ўша пайтларда Термиз ҳокимларининг маъмурий қароргоҳи сифатида Қирққиз меъморий ёдгорлиги ҳам барпо этилган.

Ҳар бир манба, меъморий ёдгорлик ҳақида ёшларга тушунча бераётганимизда, уларнинг тарихига илмий жиҳатдан ёндошмоғимиз лозим. Токи ёшларимиз ишонишсин, тарихимизга қизиқишсин. Тарихчи ва археологларнинг бугунги асосий вазифаси эса халқимизнинг XV асрга оид ёдгорлигини ҳозирги ҳолатда сақлаб қолишга эришишдир.

Меҳринисо НУСРАТОВА,

Термиз шаҳридаги 11-умумтаълим

мактаби тарих фани ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Маънавият фестивали

Мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш, бу борада олиб борилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE