Бош саҳифа / Жамият / Қирқ икки нафар номзоднинг бири

Қирқ икки нафар номзоднинг бири

Ҳали олий ўқув юртларига абитуриентлар ҳужжатларини тўлиқ топширмай туриб, боз устига, олий ўқув юртларида давлат тест синовлари бошланмаган бир пайтда Термиз туманидаги 10-умумтаълим мактаби ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси Фируза Авазова 2019-2020 ўқув йилида Термиз давлат университетининг бошланғич таълим факультетига имтиёзли равишда қабул қилиниб, талаба бўлиш бахтига муяссар бўлди.

Кўплар унинг омадига ҳавас қилишаяпти. У бундай омадга тинимсиз меҳнати туфайли эришди. 2014 йили Термиз туман қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежининг ҳисобчилик ихтисослиги бўйича битирган Фируза Авазова мактабда ўқиб юрган кезлари сардорлар кенгашига раҳбарлик қиларди. Ташкилотчилиги билан тенгдошларига ҳар томонлама ўрнак бўлди. Ҳовлиларида қуён боқиб, жониворлар бош сонини 150 бошгача етказди. Ўқувчи тадбиркорнинг бу саъйи-ҳаракати изсиз қолмади.

2012-2013 ўқув йилида Ўзбекистон тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Либерал-демократик партияси фаоллари Фирузанинг меҳнатларини эътиборга олиб, партия марказий Кенгаши томонидан ташкил этилган “Ишбилармон талаба” кўрик-танловига жалб этишди. Кўрик-танловнинг туман, вилоят босқичларида ғолиб бўлган талаба қиз танловнинг республика босқичида ҳам устозларини уялтирмади. Коллежда ўқиб юрган пайтида курсдошлари унга ҳавас қилишарди. Талабалар орасида фақат у 83 минг сўм миқдорида стипендия олиб ўқиди. Танлов ғолиблиги унга стипендия олиб, ўқиш имконини берганди.

Фируза Авазова шифокор бўлмоқчи эди. Шу мақсадда 2014 ўқув йилида Тошкент тиббиёт академиясига ҳужжат топширди, тест синовларида 150 балл тўплади. Лекин талаба бўла олмади. “Камолот”чилар унинг аввалдан ёшлар билан меҳнат қилиб келаётганини инобатга олиб, ўша йили Термиз шаҳрида қурилиб, фойдаланишга топширилган “Ёшлар маркази” АРМ раҳбарлигига ишга таклиф этишди. Кутубхонада ишлаш билан бирга тинимсиз ўқиди, изланди. 2016 йили “Қизалоқнинг орзулари” ҳикоялар тўплами, кейинги йили “Чучук сув муаммоси ва унинг экологик софлигини ўрганиш” илмий рисоласи босмадан чиқди.

Фируза кутубхонада ишлаш билан бирга турли танловларда иштирок этишни канда қилмади. Ўзбекистон ишбилармонлар ва тадбиркорлар ҳаракати Либерал-демократик партияси томонидан ташкил этилган “Парламентда менинг ўрним” лойиҳаси доирасида “Агар мен депутат бўлсам” тақдимот танловида ғолиб бўлиб, туман кенгашига рамзий маънода депутат бўлиб сайланди.

2017 йилдан буён Термиз туманидаги 10-умумтаълим мактабида ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси бўлган Фируза Авазова ўқувчилар билан турли лойиҳаларда қатнашиб келаяпти. Етакчи ташкилотчилиги туфайли ҳар йил янги йил арафасида ҳомий топади, кам таъминланган оилаларнинг чин етим ва ярим етим фарзандларига байрам совғалари улашади. Фирузанинг тили ширин, муомалани қойиллатади. Ширинсўз қизга ҳомийлик қилган раҳбарлар маблағи ҳисобига мактабнинг 18-нафар ўқувчиси ўтган йили Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларига саёҳатга бориб келишди. Мактаб ўқувчиларининг шу йил бошида “Камалак билимдонлари” танловига қатнашиши учун саҳна чиқишларига мос кийим-кечак тайёрлашда Авазованинг ҳомийлиги қўл келди.

Мақоламиз бошида Фируза Авазова анча йилдан бери ушалмай келаётган орзуси-талаба бўлиш бахтига эришганлигини айтиб ўтдик. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 ноябрдаги 914-сонли қарорига асосан ёшлар билан кўп йиллик самарали меҳнати учун бериладиган имтиёзга эришиш учун республика вилоятларидан 42 нафар номзод тавсия этилган бўлса, сурхондарёдан қатнашган Фируза Авазованинг ёшлар иттифоқи соҳасидаги кўп йиллик меҳнати инобатга олиниб, олий таълим муассасасига имтиёзли равишда ўқишга кириш йўлланмаси берилди.

— Меҳнат ерда қолмайди, дерди бобом раҳматли, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Аваз Авлиёқулов, — дейди Фируза Авазова. — Ёшлар билан тил топиб ишлаш машаққат, ҳар бирининг дилига йўл топиш, бирон ташаббусга ундаш учун фақат изланиш керак. Қисқаси, ҳаракатларим, тиниб-тинчимаслигим зое кетмади. Анчадан бери олий ўқув юртида ўқишни мақсад қилиб юргандим, бугун шу бахтга эришиб турибман…

Усмонали НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE