Бош саҳифа / Маданият / Қашқар рубоби

Қашқар рубоби

Созандалик кўп асрлик тарихга эга санъат. Қадимий манбаларда турли халқ чолғулари мавжуд бўлганлиги баён қилинади. ХХ асрда уюштирилган М. Массон раҳбарлигидаги Айритом ва Термиз археология, Қуйи Туркманистон комплекс экспедициялари, С.Толстов раҳбарлигидаги Тожикистон археология-этнография экспедициялари натижасида халқ чолғу асбоблари тарихи бўйича қимматли маълумотлар тўпланган.

Шарқ мутафаккирлари Абу Наср Муҳаммад Форобийнинг “Катта мусиқа китоб”и, ибн Синонинг “Даволаш китоби”, ал-Хоразмийнинг “Билимлар калити”, Сафиуддин Умравийнинг “Шарафия китоби”, Абдураҳмон Жомийнинг “Мусиқа ҳақида рисола” каби ноёб асарларида халқ чолғулари — рубобсимон созларнинг номлари, тузилиши, товуш чиқариш йўллари,услублари батафсил таърифланган.

Абу Наср Форобий ўз китобида икки хил чертма торли рубоб таърифини келтирган. Дарвиш Али таърифлаган чолғулар орасида ўша даврда кенг тарқалган рубоб сози ҳақида гап боради. Рубоб созига бешта тор тортилган бўлиб, уларнинг тўрттаси ипак, пастки бешинчиси эса кумушдан ишланган. Афғон рубоби — 5 торли, мирзобли чертма торли соз. Афғонистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда ишлатилади. Рубоб — 5 торли, мизробли чертма чол ғу асбоби. Ҳофиз Дарвиш Али Чангийнинг таъкидлашича, унинг замонида рубоб энг ривожланган чолғулардан бири ҳисобланган.Маълумотларга кўра, рубоб Балхда ясалиб, Муҳаммад Хоразмшоҳ даврида ҳам кенг фойдаланилган.Тад- қиқотчилар рубоб сози Ўзбекистонга ХIХ аср ўрталарида Хитойнинг Қашқар шаҳридан келтирилган, деб таъкидлашади. Шу боис бўлса керак, у “Қашқар рубоби” деб аталади. Ҳар қандай чолғу асбоби моҳир созандалар, созгар усталар томонидан мунтазам такомиллаштириб келинган. Бу жараён рубоб чолғусини ҳам четлаб ўтмаган. Ўзбекистонда ХХ асрнинг 40-50 йилларидан бошлаб чолғуларни қайта ишлаш ва такоммиллаштириш тажрибалари амалга оширилган. Натижада, анъанавий ўйма қашқар рубоб, қовурғали рубоб, рубоб прима, меццо сопрано рубоби, алт рубоб ва афғон рубоблари такомиллашган.

ХХ асрнинг 30-йилларига келиб рубоб чолғуси мусиқий созандалик санъати амалиётида кенг қўлланилиб, ўзбекларнинг севимли созларидан бирига айланиб қолди. Қашқар рубобида замонавий ижрочилик санъатининг шаклланишида Ўзбекистон халқ артисти, рубоб тароналарининг куйчи-бас такори Муҳаммаджон Мирзаевнинг (1913-1999) созандалик ва ижодий изланишлари алоҳида эътиборга сазовор. Унинг “Баҳор вальси”, “Янги тановар”, “Гулноз”, “Гулруҳ”, “Дилдор” каби завқли рақс куйлари, “Ширмоной”, “Олтин сандиқ”, “Уч дугона” каби қўшиқларга басталанган куйлари олтин мерос бўлиб қолди. У қашқар рубоби чолғуси бўйича таълим-тарбия ишларига, замонавий ўқитиш услубига асос солишга, ижрочилик санъатининг янги саҳифаларини очишга эришди. Тошкент мусиқа таълимгоҳида, кейинчалик Ўзбекистон мусиқа ва санъат ўқув даргоҳларида, 1948 йили Тошкент консерваториясида қашқар рубоби синфлари ташкил этилди. Қашқар рубоби созидаги ижрочилик репертуарлари Ўзбекистон бастакорларининг янги асарлари ҳисобига янада кенгайди. Республика кўрик-танловларида қашқар рубобига етакчи соз сифатида қаралиб, унинг энг яхши ва моҳир ижрочилари тақдирлаб келинмоқда. Сурхондарё қашқар рубоби ижрочилиги ХХ асрнинг ярмидан бошлаб шаклланган. 1961 йили Термиз мусиқа билим юртида қашқар рубоби синфи ташкил этилиб, директор Муҳаммади Муҳаммадиев ва Ашур Нарзуллаев кўплаб шогирдлар тайёрлашди. Термиз мусиқа билим юртида ишлаган Абдураҳмон Завқиев най сози мутахассиси бўлсада, қашқар рубоби бўйича Холбой Авазов, Норқўчқор Тўраназаров, Бахмал Ҳайдарова, Клара Мардаева каби кўплаб шогирдлар тайёрлади. Рубобчи устозлар Шокир Маҳмудов, Холбой Авазов, Термиз давлат университетида фаолият кўрсатган Клара Мардаева, Нор- қўчқор Тўраназаров, Аъзам Қодировлар қашқар ва афғон рубоби ижрочилигини ривожлантиришда фидойилик кўрсатдилар. Бугунги кунда санъат коллежи педагоглари Дилмурод Сатторов, Адолат Маматова, Илҳом Алимов, Азиз Чориев, Ориф Тоғаев, Умид Бегматовлар ёшларга дарс бериб, қашқар ва афғон рубоблари ижрочилигини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётирлар. Термиз санъат коллежини тамомлаган Хусниддин Муҳаммаджонов, Шерхон Жовлиев, Ҳасан Авазов, Абдувожиб Гулов, Сарвар Абдураимов, Умид Қўлдошев, Сардор Кенжаев, Камрон Мелиқулов, Ислом Йўлдошев, Ислом Қалқонов, Яшнар Исмоилов, Дилноза Тўхтаева, Тўлқин Сафаровлар Сурхон воҳаси қашқар рубоби мактабининг ёш вакилларидир.

Нормурод БАКАРОВ,
Ориф ҲАКИМОВ,
Термиз санъат коллежи ўқитувчилари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Нега Турон деб аталган?

Тарихий асарлар ва географияга оид манбаларда Турон, Туркистон, Туркистон губернаторлиги, Ўрта Осиё, Марказий Осиё каби …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE