Бош саҳифа / Жамият / Қарзга туш беринг…

Қарзга туш беринг…

Беш ёшли Абдуллажон бувисини жудаям яхши кўради. Бувининг ҳам неварасига меҳри бўлакча. Унга эринмасдан эртаклар, кўрган тушларини айтиб беради. Улар шунчалар қизиқарлики, боланинг эшитган сари яна эшитгиси келаверади.

Мабодо, Меҳри бувининг тушлари тугаб қолса, қўшниси Сора буви ва Ҳожинисо бувиларникидан “қарзга туш” олиб туради. Ҳар ҳолда Абдуллажонга бувиси шундай дейди. Эртак ёки қизиқарли тушни ҳикоя қилиш бошланиши билан Абдуллажон икки қўлини юзига тираб, бутун вужуди қулоқ бўлиб тинглайди.

Бир куни Меҳри буви бетоб бўлиб қолди-ю, Абдуллажон қаттиқ қайғуга ботди. Бувисининг атрофида парвона бўлди, қошиқлаб ўзи овқат едирди. Пиёлада чой тутди, жажжи кафтини пешонасига қўйиб кўрди. Юзларини, қўлларини силади, бўлмади. У яна нима қилса экан-а? “Ҳа, топдим” деб ўйлади Абдуллажон. Бир гал у бетоб бўлиб қолганида, бувисининг қизиқарли туши далда бўлиб, тез соғайиб кетганди. Абдуллажон ҳам шундай қилади. Бирдан кеча кечгача ўртоқлари билан ўйнаб чарчагани, туш кўрмагани эсига тушиб, ҳафсаласи пир бўлди. Энди нима қилсин? Бувиси каби қўшнилардан сўраб турса-чи? Биринчи Сора бувидан бошлайди.

—     Сора буви, — Абдуллажон тўғри тиззасида кашта тикиб ўтирган Сора бувининг олдига борди.

—     Ҳа, ўғлим, кел.

—     Сора буви, қарзга туш бериб туринг!

—     Ааа?

Сора буви яхши эшитмади ё эшитса ҳам тушунмади.

—     Қарзга туш бериб туринг, бувим бетоб бўлиб қолди.

—     Туш? –Сора буви машғулотини тўхтатиб, болакайга ажабланиб тикилиб қолди.

—     Ҳа, туш. Бувимга бериб турардингиз-ку. Ўзимда ҳам бўларди, кеча чарчаб, ухлаб қолибман-да! — Сора буви болакай нима демоқчи бўлаётганини энди тушунгандай бўлди. Бир гал Меҳри буви шу ҳақда кулиб айтиб берганди.

—     Ўзим ўргилай, болажоним, қолмаганди-я? — Сора буви шошиб қолгани учун шундан бошқа тайинли баҳона тополмади. Хайринисо бувидан ҳам “ёруғлик” чиқмади. Ойиси ва дадасида йўқ. Ноилож, бувисининг ёнига қайтди. Неварасининг юзидаги ташвишни пайқаган Меҳри буви ёстиқдан бошини хиёл кўтариб деди:

—     Ҳа, оппоғим, нималар қилиб юрибсан?

—     Сиз учун туш қидиргандим, тополмадим.

—     Вой, болажоним-эй, менга деб туш қидирдингми? — бувиси қувониб кетди. Мийиғида кулиб:

—     Ўзимдан сўраб қўя қолмабсан-да.

—     Бувижон, янги тушунгиздан айтиб беринг.

Абдуллажон шундай деб, икки қўлини юзига тираб, бувисининг ёнида ётиб олди. Бувисининг ҳикоясини борлиқни унутиб тинглади. Бувининг ҳам бетоблиги ёдидан кўтарилди. Неварасининг беғубор қилиқларидан завқланди. Шу тахлит Абдуллажон бувисини зериктириб қўймади. Неварасининг меҳрибонлиги ва парвариши билан Меҳри буви тезда соғайиб кетди. Тушга келсак, Меҳри буви туши ҳақида неварасини ҳозирча хабардор қилмасликни эп кўрди. Катта бўлса ўзи билиб олар…

Муслима ИСМОИЛОВА,
ТерДУ талабаси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тавсиялар берилди

Саноат хавфсизлигини таъминлаш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан “Сурхондарёдонмаҳсулотлари” акционерлик жамияти тасарруфидаги корхоналарда навбатдаги …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE