Бош саҳифа / Таълим / Қалбни ёритувчи маёқ

Қалбни ёритувчи маёқ

Онам қишлоқдаги мўъжаз кутубхонада ишлардилар. Бутун ҳаётим давомида китобни севишни, уларга меҳр қуйишни онамдан ва унинг мўъжазгина кутубхонасидан ўрганганман. Мен учун бу гўша энг азиз, энг қадрли жой бўлиб, ҳозиргача соғинч билан эслайман. Кутубхонадаги бадиий адабиётларни қайта-қайта мутолаа қилардим. Асар ичидаги воқеаларга хаёлан шўнғиб, қаҳрамонлар ҳаёти билан яшардим, десам муболаға эмас.

Эсимда турк ёзувчисининг “Тамилла” асарини ўқиб кечаси билан йиғлаб чиққанимда онам, ахир, бу асар-ку, унда нималар ёзилмайди, деганлар.

Китоб ҳаётни ўргатувчи доно мураббийдир, деган эди донишмандлардан бири. Дарҳақиқат, ёшликда китобда ўқиганларимга, бугун ҳаётим давомида гувоҳ бўлаяпман. Мен китобдан қандай яшашни, қандай инсон бўлишни ўргандим ва бу ўрганганларим умр йўлларимни йўлчи юлдуздек ёритиб турибди. Китоб — беминнат устоз эканлигига яна бир бор амин бўлдим.

“Китоб — инсон тафаккурини авлоддан авлодга етказувчи жавоҳир”, деган эди Ойбек. 5-синфдалигимда халқ, достонларига уйғонган меҳрим кейинчалик жаҳон адабиёти дурдоналари билан уйғунлашди, ҳозиргача мумтоз асарлардан завқланаман, ҳаётий воқеалар, панд номалар, илоҳиётга бағишланган ва машҳур кишилар тўғрисидаги асарларни ўқиб, маънавий-руҳий озуқ оламан.

Абдураҳмон Жомий ҳазратлари айтганларидек:

Жаҳонда китобдан яхши ёр булмас,
Давр ғамхонасида ғамғусор бўлмас.
Маломат кунжида ундан доимо
Юз роҳат етар, лек озор бўлмас.

Асосийси, китоб қалбни ёритади, инсон билимини оширади, дунёқарашини кенгайтиради, ақлни чархлайди, орзу-истак уйғотади. Аждодлар яратган бойликлардан хабар беради. Китоб — олис ва зимистон умр йўлларида бизга нур бағишлаб турувчи сеҳрли чироқ ҳамдир. Китоблар қаршисида барча нарсалар нурсиз кўринади. Шу маънода бугун ўқувчиларимиз, ёшларимиз бадиий адабиётга қизиқаётган, уни мутолаа қилаётган бўлсалар, бундан фақат қувониш керак.

Адабиётшунос олим О.Шарафиддинов китобни “8-мўъжиза” деб атаганда нақадар ҳақ эди. Шу боис бугунги кунда ҳам ҳар қандай халқнинг маданий даражаси китобга бўлган муносабати билан ўлчанади.

“Тарбия ё ҳаёт, ё мамот масаласидир” — дейди А. Авлоний. Яхши тарбияни шакллантирувчи омиллар ичида эса китобга тенг келадигани йўқ. Китоб энг яхши устоздир. Устозлигининг афзаллиги шундаки, уни хоҳлаган вақтингда истаганча ўқиш, суҳбатлашиш, фикрлашиш ва ундан юрагинг баҳра олиши мумкин.

Бугунги тезкор замонда китобнинг ўрнини эгаллаб олаётган воситалар кундан кунга кўпайиб бораётир. Китоб варақламасдан компьютердан бемалол бадиий адабиётни ўқиш мумкин бўлиб қолди. Лекин ахборот оқими қанчалик кучаймасин, инсон маънавиятини тарбиялашда, унинг қалбида эзгу орзу-умидлар уйғотишда ҳеч нарса китобнинг ўрнини боса олмайди.

Одамлар китоб ўқишдан тўхтаган жамият инқирозга юз тутмай иложи йўқ. Инсон ҳаётда нима йўқотса, билимсизлигидан, нимаики топса китобдан эканини тан олиб яшаши лозим.

Райҳона ҚУРБОНОВА,
Жарқўрғон туманидаги 5-мактабнинг
она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳарбий ўқув қуроллар

улардан фойдаланишни ўқувчилар ҳам ўрганади Вилоят мудофаа ишлари бошқармасида мактаб ва касб-ҳунар коллежларининг чақирувга қадар …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan