Бош саҳифа / Жамият / Қалбим нурга тўлдирдинг, фароғат ойи

Қалбим нурга тўлдирдинг, фароғат ойи

Савобим-гуноҳим билдим-билмадим. Савобнинг қадрига етдим-етмадим. Рўзамни ҳалоллаб тутдим-тутмадим. Аллоҳ фарзин ижро этдим-этмадим. Эй, Аллоҳнинг шариф, шараф-шон ойи, мени ташлаб кетма, Рамазон ойи!

Йиғлайман туну кун, кўкда нигоҳим. Балки сенга етар нола-ю оҳим. Кечир, билиб-билмай қилган гуноҳим. Юрак манзилида ягона шоҳим. Чунки сен муаззам маърифат ойи. Мени ташлаб кетма мағфират ойи.

Истадим Аллоҳнинг садоқатини. Бандасига меҳру шафоатини. Азиз кўрдим фарзанд саодатини. Ҳалолликдан топдим тан роҳатини. Мен сенга шеър ёздим бахт-омад ойи. Мени ташлаб кетма, муҳаббат ойи.

Имон-эътиқоди бутун одамлар, бир-бирига бу ой яхшилик тилар. Барча иллатлардан ўзини тияр. Қалбида имоннинг нурини ёяр. Бунчалар сирлисан, диёнат ойи? Мени ташлаб кетма, ҳидоят ойи.

Бир томчи сув экан танангга роҳат. Бир оғиз нон билан қилдим қаноат. Сездим ёр қадрини, қилдим итоат. Олиб қочди мендан ўзин надомат. Хайру саховатнинг кафолат ойи. Мени ташлаб кетма, саодат ойи.

Дилимни тарк этди гина ва ҳасад. Тилимни тарк этди туҳмат-ла ғийбат. Қалбимга ҳукмрон сабр ила тоқат. Улашдим синглимга бир кафт саховат. Ўзни енгил сездим, каромат ойи. Мени ташлаб кетма, қаноат ойи.

Ёлғиз Эгам ўзи барин гувоҳи. Туну кун Тангримнинг бизда нигоҳи. Унга аён бақо-фано дунёси. Бунга шукронамнинг йўқ интиҳоси. Доим юрагимда фазилат ойи. Мени ташлаб кетма, назират ойи

Умр дунёсида ҳақиқат талош. Аллоҳ, паноҳимсан, бер, менга бардош. Она ер қўшиғи бунчалар дарддош. Шамол ҳам, ёмғир ҳам мен билан сирдош. Адашмагайсан ҳар йил омонат ойи. Мени ташлаб кетма, адолат ойи.

Ҳар ким ўз дардини айтиб йиғлайди. Биров билиб, биров билмай инграйди. Сенинг кароматинг қалбим илғайди. Ҳақдан бехабарлар бағрим тиғлайди. Ҳамиша сирлисан, шаҳодат ойи. Мени ташлаб кетма, нафосат ойи.

Бўлмайин бехабар, бўлмайин гумроҳ. Умрим яхшиликка айлайин ҳамроҳ. Шокир қалбим билан этайин тақво. Таваккалим сенга, эй бори Худо. Пайғамбар умматин хуш иззат ойи. Мен ташлаб кетма, назокат ойи.

Руҳим тетиклашди, завқим бир дунё. Умрим новдасида изладим зиё. Аллоҳ мададкорим, бошқаси рўё. Ҳар нафасим мени қутлайди гўё. Кўз ўнгимда қурир адоват сойи. Мени ташлаб кетма, ҳаловат ойи.

Сезяпман Аллоҳнинг барокатини. Қуёшнинг ҳайбатли ҳароратини. Заминда инсоннинг асоратини. Ножўя қадамлар кароҳатини. Барча сени дейди риъоёт ойи. Мени ташлаб кетма, кибриё ойи.

Бу ойда мағлубдир зулму қабоҳат. Юракда барқарор сабру матонат. Малаклар хонишда субҳи сабоҳат. Холис Аллоҳ учун қилиб ибодат. Мусулмонга ихлос, жасорат ойи. Мени ташлаб кетма фароғат ойи.

Жаннат эшиклари очилган ойим. Дўзах эшиклари ёпилган ойим. Сенга битикларим – сенга нидойим. Келгуси йил юз кўришайлик, илоҳим. Мусулмон аҳлининг пурҳурмат ойи. Қалбимни тарк этма, мурувват ойи…

Искандар МИРЗО

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE