Бош саҳифа / Маданият / Қадимги санъат сирлари

Қадимги санъат сирлари

Сурхон воҳаси тасвирий санъати қадимий тарихга эга. Ибтидоий санъатнинг илк намуналари палеолит даври (Мил.авв. 40-12 минг йилликлар) га мансуб. Тасвирлаш ибтидоий одам учун ўз тушунча ва тасаввурини ифодалашга хизмат қилган.

Шеробод туман Қизилолма қишлоғи яқинидаги Зараутсой бўйидан топилган тошга қизил кесак (бўёқ) билан солинган расмлар Ўзбекистон ҳудудидаги энг қадимги қоятош суратлари ҳисобланади. Ҳисор тизмасининг Жанубий-Fарбида Кўҳитанг тоғининг шарқий ён бағридаги Зараутсой дарасидаги ўнгир ва камар тошларига ишланган ибтидоий санъатнинг 200 дан ортиқ нодир намуналари — расмлар мезолит, неолит ва кейинги даврларга мансуб. Расмлар чизма тарзида контур ва соя услубида қизил ангоб (охра) билан чизилган.

Зараутсой расмларида одамларнинг итлар ёрдамида ёввойи буқаларни ов қилиш манзараси тасвирланган. Бу ибтидоий санъатнинг ноёб ёдгорлиги сифатида “Қизил китоб”га киритилган. Воҳамизнинг моддий маданият тарихи бамисоли “очилмаган қўриқ” бўлиб, тарихимизнинг туб илдизларини ўрганиш масъулияти ҳам бугуннинг энг долзарб мавзусидир.

Инсон расмлар чизиш орқали табиатдаги нарса ва ҳодисаларга ўз таъсирини ўтказиш ёки ундаги асов ҳолатларни бўйсундиришга хаёлан ҳаракат қилган. Тасвирий санъат инсоннинг руҳий қиёфасини, унинг ўзгалар билан ўзаро муносабатларини, тасвирий ҳолатнинг психологик ва эмоционал мазмунини ҳам ёритади. Баъзан мавжуд бўлмаган, рассом тасаввурининг маҳсули ҳисобланган образларни ҳам юзага келтиради. Инсоният тарихидаги турли даврларни акс эттиради. Даврнинг фақат ҳиссий ҳолатигина эмас, балки унинг ғоявий моҳияти, сиёсий, фалсафий, эстетик ғоялари ҳам тасвирий санъатнинг мазмунига айланади.

Дунё тарихида ибтидоий тасвирий санъат, хусусан, ғорларнинг деворларига турли тасвирлар чизиш сўнгги палеолит даврига оиддир (Испания, Алтамир ғори). Ўрта Осиёда унгурлар ва қоятошларга ишланган расмлар мезолит даврида пайдо бўлган. Неолит даврига келиб эса ривожланган босқичга кўтарилади. Калтаминор, Ҳисор, айниқса, Жойтун маданиятига мансуб ёдгорликлардан ибтидоий санъатнинг турли намуналари топилган. Ўзбекистонда Бойсун ва Термиз туманлари, Самарқанд, Тошкент, Жиззах, Хоразм, Фарғонанинг айрим туманларидан кўплаб тасвирий санъат намуналари топилган. Ибтидоий тасвирий санъат намуналари қадимдан миллатнинг маънавий бойлиги, қимматбаҳо археологик, тарихий ва санъат ёдгорлиги ҳисобланиб, қадриятга айланган меросдир.

Шерзод РАДЖАБОВ,

Термиз археология музейи бўлим мудири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

101 нуроний хонадонида

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Хуррам Муртозаев айни дамда 101 ёшни қаршилаган кекса нуронийларимиздан. Кўп йиллар …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan