Бош саҳифа / Жамият / Профилактика инспектори

Профилактика инспектори

қандай кўникмаларга эга бўлиши керак?

Кўпчилигимиз оилавий низолар, кундалик ҳаётда учрайдиган келишмовчиликлар ва муаммоларни жуда жўн, оддий ҳодиса, деб қабул қилишга одатланганмиз.

Аммо ана шу жўн кўринган маиший муаммолар оиладаги соғлом муносабатга путур етказиши, фарзандларда атрофдагиларга нисбатан нохуш кайфият уйғонишига сабаб бўлади.

Термиз шаҳридаги “Оила” илмийамалий тадқиқот маркази биносида ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан ишлайдиган профилактика инспекторлари ҳамда жамоатчилик вакилларининг психология соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш бўйича ташкил этилган ўқув курсида ҳам оилавий ва шахслараро низолар, депрессив вазиятларнинг олдини олиш борасида сўз борди.

— Бугунги кун талаби фақат жиноятчиликнинг оқибатларини бартараф этишни эмас, балки унинг туб илдизини, энг асосий сабабларини аниқлашни ҳам тақозо этмоқда, — дейди ИИВ малака ошириш институти вилоят филиали бошлиғи, майор Феруз Қиличев. — Бунинг учун эса профилактика инспекторлари ва маҳалла фаоллари масаланинг ичига кириб ишлаши ва тегишли тартибда тайёргарликни йўлга қўйишлари лозим. Мазкур жараёнда эса профилактика инспекторлари зарур психологик билим ва кўникмага эга бўлишлари талаб этилади.

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 7 июндаги 472-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида психологик хизмат кўрсатишни янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси” бўйича ташкил этилган ўқувда 43 нафар профилактика инспектори иштирок этди ва махсус сертификатга эга бўлишди.

— Инсон ўз-ўзидан қониқиш туйиб, қатъий мақсад сари интилса, дангасаликка йўл қўймаса, ҳаётда кўплаб ютуқларни қўлга киритиши мумкин экан, — дейди вилоят транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси катта инспектори, майор Зулфия Тўхтасинова. — Зеро, оптимистик фикрлаш, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик бизни ҳамиша омад сари етаклайди. Дарсларда ана шу оддий ҳаётий ҳақиқатни англадик ва муаммолар, депрессив вазиятлардан халос бўлиш усулларини, оиланинг мустаҳкам қўрғон, кўнглимиз ҳаловат топадиган масканга айланиши учун нималар зарурлигини ўргандик. Ваҳоланки, бугун ўрганганларимиз бизнинг иш фаолиятимизда, фуқаролар билан мулоқот қилиш жараёнида асқотади.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan