Бош саҳифа / Жамият / Президент арчаси – орзулар туморчаси

Президент арчаси – орзулар туморчаси

Вилоят ҳокимлиги биноси ёнида безатилган муҳташам арчага кўзингиз тушдими? Ҳойнаҳой шу пайтгача у ерга бир неча бор бордингиз. Болалигингиз, болаларча ҳайратланиш учун ҳам арча безатилган майдон сизни ўзига оҳанрабодек тортаверади.

35,5 метр келадиган ушбу арча минглаб ўйинчоқлару ёритгичлар билан безатилган. Боши самога уланиб кетгудек улкан арча устида бошимиз узра парвозга шайланган бахт қуши — Хумо лов-лов ёнаётгандек. Ён-веримизда эса худди биз каби уларни ҳам ҳайрат ва ҳаяжон етаклаб келган одамлар. Барча хурсанд, шод-хуррам. Кимдир бахтли дақиқаларни мангуга муҳрлаш билан машғул бўлса, бошқалар хонандалар хонишига парвоз қилгудек рақсга тушаяпти. Ана байрам сабабчилари Қорбобо ва Қорқиз. Байрамни байрам қиладиган ҳам аслида улар. Чунки, Қорбобо, Қорқиз ва уларнинг совғаларисиз Янги йил ўз шукуҳини йўқотади. Болакайларни қаранг, ҳаяжон билан шеър ўқияпти. Ёнидаги қақилдоқ ҳам навбат кутаяпти. У ҳам совға олиши керак-да! Арча атрофидаги болалар майдончасида эса эртак қаҳрамонлари гавдалантирилган. У ерда болажонлар мириқиб ўйнашаяпти.

— Ҳар йили шаҳримиз марказида безатилган муҳташам арча ёнига келамиз, — дейди термизлик С. Ибрагимова. — Байрам кайфияти билан болаларим мириқиб ўйнайди. Арча атрофида айланиб, Қорбобога шеър айтади. Эртаклар оламига олиб кирадиган ва ишонтира оладиган бу байрам фарзандларим дунёқарашини кенгайтириш билан бирга китоб ўқишга, эртак ва унинг қаҳрамонларининг саргузаштларини билишга катта қизиқиш уйғотади. Шунинг учун ҳам Янги йилни оиламиз билан арча атрофида завқ-шавқ билан кутиб оламиз.

Янги йил барибир энг яхши, каттаю кичикнинг севимли, интиқлик билан кутадиган байрамидир. Шунинг учун ҳам воҳамизнинг барча шаҳар ва туманларида, қишлоқ ва қўрғонларида арчалар безатилган. Байрам шукуҳини берадиган тадбир ва кечалар уюштирилмоқда. Ҳокимликлар, маҳалла ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, махсус мактаб-интернатлар ўқувчилари, кам таъминланган оилалар, юртимиз тинчлиги ва барқарорлигини асраш йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари ҳолидан хабар олиниб, шеъру қўшиқлар айтаётган, топқир, зеҳнли ва зийрак ўғил-қизларга совғалар берилмоқда.

— Янги йил ҳар доимгидан ҳам кўтаринки руҳда кутиб олиняпти, — дейди Термиз шаҳридаги “Байналминал” МФЙ раиси А. Раҳмонов. — Маҳалламиздаги ҳомийлар билан маслаҳатлашиб 60 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларига, имконияти чекланган болаларга ажойиб совғалар тайёрлаб, топшириш ниятидамиз. Туҳфаларимиз болажонларни оз бўлса-да хурсанд қилса, байрам кайфиятини бериб, жамиятга керакли инсон эканлигини ҳис этишига ёрдам берса, биз ниятимизга етган бўламиз.

Куни кеча эса болажонлар учун Президент совғалари улашилди. Байрам арафасида вилоят мусиқали драма театри ҳамда қўғирчоқ театри саҳналарида илк маротаба “Янги йил саргузаштлари” ва “Янги йил эртаги” мусиқали театрлаштирилган томошаларнинг намойиш этилиши ўғил-қизларнинг дунёқарашини кенгайтиришга, салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Сайёра АЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE