Помидорнинг таъми уруққа боғлиқми?

0
39

Охирги йилларда миришкор деҳқонларимизни сифатли ва юқори ҳосилдорлиги кафолатланган уруғликлар билан таъминлашдаги оқсашлар сабаб, улар тадбиркорлар томонидан таклиф этилаётган гибрид ва генетик жиҳатдан ўзгартирилган уруғлардан билиб-билмай фойдаланишмоқда.

Бугун бозорларда сотилаётган помидор, бодринг, карам, сабзи, пиёз ва бошқа сабзавот маҳсулотларини харид қилаётган кишилар айниқса, уларнинг сифати, таъми, кўринишидан у қадар қониқишмаётганидан, нолишаётганига гувоҳ бўламиз. Дарҳақиқат, бундан ўн йилча илгари далалар ва томорқаларда етиштириладиган помидор, бодрингнинг кўриниши ва таъми бошқача эди. Помидорларнинг гўштдорлигию, сувидан мазза қилардингиз, таъми оғзингизда қоларди. Бодрингларни тишлашингиз билан аллақандай хушбўй ҳиди иштаҳангизни очар, нон билан истеъмол қилсангиз, кун бўйи тўқ тутарди. Расмаки карамни нафақат борш, карам дўлма, карам димлама қилиб ейиш, шу билан бирга хомлайига ҳам тановул қилсангиз мазза қилардингиз. Афсуски, бугунги кунда етиштирилаётган карамни соатлаб сувда қайнатсангиз ёки димласангиз ҳам қаттиқ ҳолида тураверади — яхши пишмайди. Натижани эса таҳлил қилишга ҳожат йўқ. Бугун фермер хўжаликлари ва томорқа ер эгалари далаларида етиштирилаётган аксарият қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг на таъм, на маъзаси бор. Шунингдек, ҳозирги кунда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерларининг асосий қисмини эгаллаб улгурган бу турдаги уруғлардан олинаётган ҳосил салмоғи ҳам баракали эмас. Очиқ майдонларда етиштирилаётган картошка, помидор, пиёз каби асосий озиқ-овқат маҳсулотлари саналган экинларнинг ҳосилдорлиги мақташга арзигуликмас.

Мавриди келганда яна бир гапни эсламай илож йўқ. Гибрид ва генетик ўзгартирилган нав уруғларидан тартиб бўйича бир марта ҳосил олинади. Баъзи деҳқонларимиз эса дастлабки йили бироз юқори ҳосил берган экинлардан уруғ олиб, кейинги йилларда ҳам такроран экишаётгани сабабли иқтисодий зарар кўришмоқда.

Мухтасар айтганда, воҳамизда мавжуд бўлган ва бугунги кунда йўқолиб бораётган ноёб қишлоқ хўжалик экинларининг уруғларини топиш ҳамда уларни қайта тиклаш, селекция ишларини самарали йўлга қўйиш ва амалиётга кенг жорий этиш даркор. Яна бир масалага тўхталишга тўғри келади: азал-азалдан қишлоқларимизда уруғлик тайёрлаш билан шуғулланадиган омилкор деҳқонлар кўп, уларни қидириб топиш ва имконият яратиб, тажрибаларидан унумли фойдаланмоқ зарур.

Собиқ “Янгиариқ” ширкат хўжалиги ва айни пайтда “Янгиариқ” СИУ деб юритилаётган хўжалик ҳудудида деҳқончилик билан шуғулланган, ҳеч қаерда ўқимаган, экин экиб мўл ҳосил етиштирган ва зироатларнинг уруғчилиги билан қизиққан Абдуназар бобо Қурбонов томорқасига бирор экин етиштирмоқчи бўлса, ҳеч кимдан уруғ сўрамаган ёки дўкондан уруғлик олмаган. Бобони билганлар Абдуназар ота ўзи уруғ етиштирарди ва ўша уруғдан томорқасига экиб мўл ҳосил оларди, ортган уруғликни қўни-қўшниларга улашарди, дея ҳикоя қилишади. Яқинда “Янгиариқ” СИУ да бўлганимизда раҳматли бобонинг қизи Дўлан Абдуназарова билан суҳбатлашиб қолдик. У Амир Темур маҳалласи идорасига кириб келиб, оқсоқол Нодирга: “Ўн килоча сабзи уруғ етиштирганман, кимга керак бўлса ёки ким уруғ излаб юрган бўлса, менга мурожаат қилсин”, деб тайинлаб кетди. Дўлан опанинг айтишича, олтмиш ёшга кирган бўлса, ўн беш йилдан бери уруғликлар етиштириш билан шуғулланаркан. Томорқасига ўзи тайёрлаётган помидор, сабзи, бодринг уруғини экиб, мўл ҳосил олаётганини ҳикоя қилди. Шу йил эрта баҳорда бир сотихча майдонга сабзи экиб, уни уруғлик учун парваришлабди. Яқинда сабзи уруғини йиғиб олибди.

— Бу жуда оддий иш, — дейди Дўлан Абдуназарова. — Томорқанинг бир четига экиб қўясиз, парваришни тўғри ташкил этасиз. Вақтида ўғитини, сувини берсангиз бас, уруғликка қўйилган ўсимликда пайдо бўлган уруғлар мағзи тўқ бўлиб ривожланади, пуч бўлмайди. Томорқамизда помидор, бодринг, сабзи етиштирсак, энг аввало, сара ҳосилни танлаб, уруғликка парваришлаймиз. Ўн килограмм сабзи уруғимиз бор, стаканини ўн минг сўмдан сотганда ҳам бир миллион сўм даромадли бўламиз. Бир парча ердан бир миллион сўм даромад — чакки эмас. Сифатли уруғ ҳосилидан эса юзлаб одамлар наф кўради…

Дарҳақиқат, қишлоқларда Дўлан опа Абдуназаровага ўхшаш юзлаб омилкор, тажрибали уруғчи деҳқонлар яшамоқда. Уларни излаб топсак, шароит яратиб берсак, имкон қадар кўмаклашсак, гибрид ва генетик ўзгартирилган ҳар хил нав сабзавот уруғларига ружу қўйиш шунча тез барҳам топади, эккан ва ўстирган экинларимиз ҳосили сифатли, мазаси тотли бўлишини сира унутмаслик даркор. Президентимизнинг жорий йил 27 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида уруғчилик тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори шубҳасиз қишлоқ хўжалик тармоқларини ҳосилдорлиги юқори, сифати аъло, таъми ва таркиби жаҳон андозалари талабига жавоб берадиган, маҳаллий тупроқ ва иқлим шароитига мос келадиган уруғликлар билан таъминлашга доир муҳим ҳужжат бўлиб, воҳамизда ҳам қарор ижросига доир қатор ишлар қилинади, деган умиддамиз.

Усмонали НОРМАТОВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг