Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Пистазорлар кенгайса…

Пистазорлар кенгайса…

Писта  ўзига хос таъмга эга бўлганлиги сабабли жаҳон бозорида юқори баҳоланади. Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асарида писта жигар ва ошқозонни даволашда, ташқи жароҳатларнинг битишига ёрдам берадиган восита эканлиги айтилган. Шунингдек, писта меваси ўпка касалликларини даволашда ҳам  кенг  қўлланилади.

Писта  дарахтининг  барча  қисмлари  (ёғочи, меваси, елими) инсонлар томонидан турли эҳтиёжлар учун қўланилади. Ўрта Ер  денгизи ҳавзасидаги мамлакатларда юқори даромад келтириши  сабабли  писта  “яшил олтин”,  “олтин дарахт”  деб  улуғланади.

Олимлар қадимги тош асрида Ўрта Осиёдаги пистазорлар 2 миллиондан ортиқ  гектарни эгаллаганлиги ҳақида маълумотлар беришади. Афсуски, ҳозирги кунда инсон омилининг фаолияти  (дарахтларни кесиш, чорва молларини қаровсиз боқиш ва бошқа ҳолатлар) туфайли бу писта майдонлари  300 минг гектардан ошмайди.  Ўтган  йиллар мобайнида Ўзбекистондаги табиий пистазорлар майдони 70 минг гектардан 12 минг гектаргача қисқарганлиги ачинарлидир. Республикамиз  ҳудудларида  қадимда  пистазорлар кўп бўлганлигини бизгача  етиб  келган географик номлардан  ҳам билса бўлади. Писталитоғ, Писталимозор, Писталисой каби номлар фикримиз исботидир. Айни пайтда пистазорлар ёввойи ҳолда ўсадиган кичик-кичик  “жойлар”дагина  сақланиб   қолган.

Юртимизда маданийлаштирилган писта плантацияларини кўпайтириш имконияти мавжуд. Писта плантациялари учун Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Наманган, Андижон ва айниқса, вилоятимизнинг барча тоғ тизмаларидаги тоғолди ва тоғ ёнбағирларидаги лалми ерлар  яроқлидир.  Афсуски, тоғларнинг  аҳоли яшайдиган жойларга туташ ҳудудлари одамларнинг қаровсиз мол боқиши, дарахт кесиши туфайли пайҳон бўлиб бормоқда.

Ҳудудларнинг  чўлланиб бориши ҳатто қорамолларни ўтлатиш учун ҳам яроқсиз ҳолга келиб қолганлигидан гувоҳлик беради. Фақатгина писта етиштириш ушбу ерларнинг емирилишини олдини олиш имконини беради.

Писта ҳайратланарли даражада чидамкор дарахт.         У узоқ яшайдиган ўсимлик тури ҳисобланади. Тоғолди лалми ерларда писта кўчатлари экиш  аҳолига даромад ҳамда фаровонлик келтиради. Ҳозирги кунда пистазорларни кенгайтириш ишларига давлат тузилмалари билан бирга, аҳолини ҳам жалб этиш кун тартибига  қўйилмоқда. Қайд этиш керак, писта  узоқ  муддатли, ишончли капитал қўйилмадир. Иккинчидан лалмикор ерлар ихотазорланиб, табиат мувозанатини тиклашга, сув тошқинларининг  камайишига  ёрдам  беради.

Эшбўри ЗИЁЕВ,
Ўзбекистон  экологик  ҳаракати  вилоят бўлими раҳбари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мўл ҳосилга замин

Денов туманида агросаноат мажмуи ва уруғчилик фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 5 …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE