Пишган дон поясида турмайди

0
116

Ғалла — ризқ-рўзимиз. Уйида дони бор одамнинг кайфияти кўтарилиб, оғзидан қўшиқ тушмайди. Буни яхши билган Термиз тумани лафзи ҳалол ғаллакорлари эл дастурхонини янада тўкин қилиш йўлида астойдил меҳнат қилиб, бепоён ғаллазорларда мўлжалдаги ҳосилни бунёд этдилар.

Ўтган йили кузда далаларга сочилган буғдой уруғи вақтида кўкартириб олиниб, майсалар парваришига алоҳида эътибор қаратилди. Ўсимлик етарли миқдорда маҳаллий ва маъданли ўғитлар билан озиқлантирилди, суғорилди. Қалб қўри, меҳр зиёси билан парваришланган майсалар серҳосил бўлиб ўсди. Айниқса, ғалла найчалаш давридан илгари деҳқонларнинг тадбиркорлиги билан устма-уст суспензия қўйилганлиги туфайли бошоқлар бўлиқ бўлди.

Ҳосилни етиштиришдан ҳам кўра, уни нес-нобуд қилмай, тез ва сифатли йиғиштириб олиш ғаллакордан тадбиркорлик талаб этади. Пишган дон поясида турмаслигини яхши биладиган туман ғаллакорлари вилоятда биринчилар қатори ўрим-йиғимга киришди. Айни шу кеча-кундузда “Сурхон — Намуна” СИУ ҳудудидаги “Хуросон — Жайхун” фермер хўжалиги аъзолари бутун диққат-эътиборини ҳосилни нобудгарчиликсиз йиғиштириб олишга қаратишган.

— 22 гектар майдонга буғдойнинг “Таня” навини экиб, сифатли парваришладик, — дейди фермер Номоз Алланов. — Йилнинг қурғоқчил келиши деҳқонларимиз масъулиятини янада оширди. Ражаб Болтаев, Азиз Зоиров каби сувчиларимиз ажратилган ҳар қатра сувдан тежаб-тергаб фойдаланиб, майсаларни қондириб суғоришга жиддий эътибор беришди. Астойдил қилинган меҳнат бесамар кетмади. Ҳар гектар ердан ўрта ҳисобда 50 центнердан дон саранжомлаб олинаяпти.

Кенг ғаллазор. Жануб қуёшида гўё олтиндек товланаётган ғаллазорда комбайнлар гуриллаб ишламоқда. Биз ғаллазорда бир текис ҳаракатланиб келиб, буғдой поя четида тўхтаб, машинага дон тўкаётган “КЕЙС” русумли комбайн бош оператори Шамсиддин Шайманов билан суҳбатлашдик.

— Қишлоқда туғилиб ўсганман, — дейди Шамсиддин. — Ёшликдан техникага ихлосим баланд. Ўрта мактабни, сўнгра коллежни битирганимдан кейин қарийб йигирма йилдирки, ғалла ўрими ва кузда ер ҳайдаш ишларида фаол қатнашиб келаяпман. Ёрдамчи Зайниддин Каримов билан ўрим-йиғимда юқори самарадорликка эришиш учун ўзаро баҳслашиб меҳнат қилаяпмиз. Ҳар бир фермер хўжалигига дала бошида иссиқ ов- қат, иссиқ чой тайёрлаб турибди. Ўтган мавсум ёрдамчим билан 300 гектар майдондаги ғалла ҳосилини ўриб бергандик. Бу мавсум ниятимиз ўтган йилги натижадан кўпроқ майдондаги ғалла ҳосилини саранжомлаб бериш…

Ҳа, бугун нафақат Термиз тумани, балки вилоятнинг жанубий зонасидаги барча фермер хўжаликлари аъзолари етиштирилган ҳосилни тезроқ йиғиштириб олиш ҳаракатини кўришмоқда. Ҳар куни воҳа ғаллазорларидан 200 та комбайн ўрим-йиғимда қатнашаётган бўлса, эрта-индин улар сафига яна 15 та янги комбайн қўшилади. Комбайнлар, дон ташувчи техникалар ҳар куни техникасозлар томонидан бир бор кўздан кечирилиб, сўнг ғаллазорларга киритилаётганлиги туфайли иш унуми юқори бўлмоқда.

Ҳар куни ғаллазордан хушхабарлар келиб турибди. Узоғи билан икки кунда ғаллазоридаги ҳосилини йиғиб олган фермер хўжаликлари давлатга дон топшириш бўйича режаларини бажарганликлари ҳақида билдирги топширишаяпти. Тадбиркор ғаллакорлар бўшаган майдонларни пешма-пеш шудгорлаб, турфа такрорий экинлар экишга пухта ҳозирлик кўришаяпти.

У. НОРМАТОВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг