Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Пилламизни тиллага айлантираётганлар

Пилламизни тиллага айлантираётганлар

Узоқ йиллар ипак қурти етиштирган пиллакорларимизнинг меҳнати ниҳоят бугунги кунга келиб ўз баҳосини ола бошлади. Чунки бозор иқтисодиёти бошқалар қатори соҳа ходимларини ҳам тадбиркорликка ўргатмоқда. Эндиликда пилла ҳосилидан ҳам кўра уни қайта ишлашдан кўпроқ даромад олиниши соҳа мутахассисларини қизиқтириб қолди.

Шу боис сурхондарёлик тадбиркорлар саъй-ҳаракати билан Термиз шаҳрида “Сурхон ипаги” масъулияти чекланган жамияти ташкил қилинди.  Вилоят пиллакорлари етиштирган ҳосилнинг асосий қисми бугунги кунда ана шу корхона цехларида қайта ишланаяпти.

Замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган корхона цехларида қуруқ пилладан ипак ишлаб чиқариш, ипак калава тайёрлаш ва ипакка эшим бериш кенг йўлга қўйилди. Энг муҳими, жамоадагилар чиқитсиз технология асосида меҳнат қилишаётир. Бугун корхона цехларида пилла чиқиндиларидан ҳам момиқ пахта тайёрланиб, мўмай даромад кўрилаяпти.

Ўтган йили пиллакорларимиз етиштирган “кумуш тола”ни қайта ишлаётган корхонада 150 нафар ишчи-хизматчи меҳнат қилаётир. Айтиш керакки, корхонада ишга жалб қилинганларнинг асосий қисми касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлардир. Ип йигирув цехи ишчилари Юлдуз Зокирова, Шоҳида ва Шаҳноза Раҳимовалар,  тўқув цехи ходимлари Наргиза Жаъфарова, Нодира Бобомуродова, лаборатория ходими Гулбаҳор Ярназаровалар устозлар кўрсатмасига амал қилиб, пиллани қайта ишлаш ва ундан ипак олиш, ипак калава тайёрлашни тез ўзлаштиришди. Натижада бугунгача қуруқ пилладан 25 тоннадан кўпроқ ипак калава ип тайёрлашга эришилди.

Корхонада ишчи-хизматчиларга қулай иш шароити яратилган. Термиз, Ангор туманлари ва Термиз шаҳрининг турли бурчакларидан қатнаб ишлаётган ишчи-хизматчилар корхонанинг автобуси билан уйларига элтиб қўйилади ва ишга олиб келинади. Ишловчиларга корхона ошхонасида ҳар куни бепул тушлик тайёр. Бундан ташқари, пешқадам мутахассислар, тажрибали ишчилар ўз вақтида мукофотлар олиб туришибди. Бу ғамхўрликка жавобан корхонада маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ортиб бораяпти.

— “Кумуш  тола”га нисбатан тайёр ипак ипдан шойи матолар ишлаб чиқариш мумкин. Шойи матога эса ўзимизда ҳам, хорижда ҳам эҳтиёж катта, — дейди корхона мутахассиси Бекзод Худойқулов. — Бундан ташқари, тайёр ипак ипни ҳорижга экспорт қилиб, қуруқ пилла нархига нисбатан тўрт-беш баробар кўпроқ даромад олиш мумкин…

Дарвоқе, “Сурхон ипаги” масъулияти чекланган жамияти жамоаси пиллани қайта ишлаш ҳисобига вилоят иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшаяптилар.

Икром АМИРҚУЛОВ
суратга олган

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Божхонадан ўтиш янада қулай!

Қўшни давлатлар билан алоқаларимиз янада кенгайиб, чегарадан ўтиш тартиби анчайин осонлашгандан сўнг, кўпчиликда ташқи ҳудуддан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan