Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Пиллакор қанча даромад олади?

Пиллакор қанча даромад олади?

 Бу йил пиллакорларимиз 1600 тонна “кумуш тола” етиштириш ниятида астойдил меҳнат қилишаяпти. 29 минг қути ипак қурти парваришлаган оилавий звенолар ва фермер хўжаликлари аъзолари қуртхоналардан ҳосилни териб, пешма-пеш қабул масканларига топширишаяпти. Бугунгача вилоят бўйича 1510 тонна “кумуш тола” хирмони яратилди. Бу ютуққа давлат буюртмасини бажарган Шўрчи тумани пиллакорлари 154,7, шерободликлар 145, ангорликлар 128,5, музработликлар 116,1, қизириқликлар 95, бандихонликлар 45, бойсунликлар 40,4 тоннадан сифатли хомашё топшириб, муносиб ҳисса қўшишди.

Воҳа  пиллакорлари муваффақиятига шубҳасиз кўп сонли оилавий звенолар ва фермер хўжаликлари аъзоларининг қўшган улуши салмоқли. Хўш, бир ой ипак қурти қарови билан банд бўлган пиллакор меҳнатига яраша қай даражада манфаат кўраяпти? Масалан, Термиз тумани “Агро пилла” МЧЖ мутахассислари берган маълумотга кўра, Тўйчи Ачилдиев оилавий звеноси бир қути ипак қурти парваришлаб, 68 килограмм сифатли “кумуш тола” етиштирган. Звено аъзолари  пилланинг ҳар килограммига 20 минг 400 сўмдан, жами бир миллион 389 минг сўмга эга бўлади. Уларга ипак қурти парваришининг дастлабки куни бир халта ун ва 25 литр пахта ёғи, умумий ҳисобда 400 минг сўмлик маҳсулот бўнак сифатида берилганди. Узоғи билан бир ҳафта орасида қолган бир миллион сўм иш ҳақи нақд берилади.

Бундан ташқари, Тўйчи Ачилдиев оилавий звеноси кичик-кичик боғланган 400 боғ тут шохи – ўтинли бўлишди. Биласиз, қишлоқда энг зарур – ўтин. Оиланинг ўзида тут ўтинига эҳтиёж бўлмаса, ҳар боғ тут шохчалари 5 минг сўмдан сотилса, 2 миллион сўм қўшимча даромад. Ёки оила то келгуси мавсумгача ўтин ҳақида қайғурмайди.

Шунингдек, Тўйчи Ачилдиевга тутзордан 50 сотих ер берилган. 20 сотихига бостирмасидаги қорамоли учун маккажўхори ва заминнинг қолган қисмига ерёнғоқ парваришламоқда. Энг муҳими, Тўйчи Ачилдиевнинг бир ой мобайнида ипак қурти боққани бир йиллик иш стажига ўтади. Демак, вилоятдаги бошқа пиллакорлар ҳам меҳнатларига яраша худди Тўйчи Ачилдиевдек манфаат кўришади.

 Усмонали НОРМАТОВ              

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

ПАРИҚИШЛОҚЛИК АНГУБИН

Бежизга қариялар умринг узун, ризқинг бутун бўлсин, деб дуо қилишмайди. Яна шу нарса айни ҳақиқатки, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan