Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Пиллакор аёллар ҳам пенсияга чиқади

Пиллакор аёллар ҳам пенсияга чиқади

— Эсимни танибманки, хонадонимизда пилла қурти боқилади, — дейди С. Ғаниева. — Пиллачилик аждодларимдан ўтиб келаётган момомерос, онамерос касбдир. Шунданми, пиллани боламдек яхши кўраман.

Мана ёшим 50 дан ошса ҳам пилла боқишда ҳеч бир ёшдан қолишмай завқим ошиб парваришга киришаман. Оиламиз катта, 3 та келиним билан бирга ипак қурти боқамиз. Уларга ҳам пиллачиликнинг сир-асрорларини ўргатиб келмоқдаман. Пиллачилик орқасидан дастурхонимиз тўкин, барча кам-кўстимиз учун ас қотиб туради. Шукрки кам бўлмаяпмиз. Айниқса, ўтган йили пиллачилик ҳақида янги қарор чиққандан бери, эътибор янада ошди. Шу мавсумда 380 килограмм ипак топширдик. Фермерларимиз барака топсин, биринчилардан бўлиб топширганимиз учун электр печ совға қилишди. Маҳалладошларим баъзида ҳайрон қолиб, нуқул “Нега охирги бўлиб пилла қурти олсангиз ҳам биринчи бўлиб топширасиз?” дейишади. Балки пиллачилик соҳасидаги тажрибам сабабдир бунга. Пиллачилик борасидаги имтиёзлардан фойдаланиб пенсияга чиқдим.

Шерободлик Салима Ғаниева мана 35 йилдирки, ҳар мавсумда 5-6 қути ипак қурти олиб боқади. Ҳамқишлоқлари ҳам опани пиллакор деб аташади. Пиллачиликнинг ҳадисини олган Салима опанинг машаққатли меҳнати, ипак қуртини бир болани кўрсатиши давлатимиз томонидан муносиб рағбатлантирилиб, 2016 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган эди.

Қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан бири бўлмиш пиллачиликда юқори самарадорликка эришиш учун воҳамизда қилинаётган ишлар диққатга сазовор. Сурхондарё “Агропилла” масъулияти чекланган жамияти ва унинг тумандаги филиалларининг фаолияти, янги техника ва технологиялардан фойдаланаётгани соҳада сезиларли даражада ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. Бугунги кунда воҳамизда 10 400 тупдан ортиқ тут дарахтлари ва 6 165,4 гектар майдондаги тутзорларда мавжуд озуқа базаси ҳисобига йилига 25-26 минг қутидан ортиқ ипак қурти парваришланиб, 1470,8 тонна пилла етиштирилди. Фермер хўжаликлари билан ипак қурти боқувчилар ўртасида тузилган меҳнат шартномасига кўра 25 минг 700 киши пилла етиштириш билан шуғулланмоқда. Улар учун 25-30 кунлик машаққатли меҳнат, яъни ипак қурти боқиш мавсуми бир йилга татийди. Бундай меҳнатни муносиб баҳолай олган юртбошимиз Ш. Мирзиёевнинг ташаббуси билан “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши тармоқда меҳнат қилаётган ишчиларнинг моддий манфаатдорлигини оширди. Натижада қишлоқ жойларда пиллачилик соҳасидаги корхоналарда хизмат қиладиган ва бевосита пилла етиштириш билан шуғулланадиган аҳолини молиявий қўллаб-қувватлаш ва моддий манфаатдорлигини таьминлаш мақсадида 2023 йил 1 январгача корхоналар ягона солиқ, ягона ижтимоий тўлов ва божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари)дан озод этилди.

Уй шароитида пилла етиштириш билан шуғулланувчи (касаначи)лар – жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилди. Бундан бўшаган маблағлар касаначилар ва ишчи-пиллакорларни моддий рағбатлантиришга йўналтирилди. Ипак қурти боқувчилар ва касаначиларнинг пилла мавсумида бажарган ишлари уларга пенсия таъминлашда бир йиллик иш стажи деб ҳисобланиши, нафақат меҳнат унумдорлигини, балки соҳада ижобий ўсишнинг ошишига хизмат қилади.

— Вилоятда тажрибали пиллакор аёлларимиз жуда кўп,— дейди Сурхондарё “Агропилла” масъулияти чекланган жамияти мутахассиси Умиджон Хайдаров. — Уларнинг тажрибасидан фойдаланиб келмоқдамиз. Пиллакорлик билан шуғулланаётган аёлларимизга қулайлик ва имтиёзлар яратишга ҳаракат қилаяпмиз. Ҳар йили ипак қурти олган хонадонларга рўзғорларини бутлаш мақсадида товуқ берилади, тут кўчатлари ва керакли анжомлар билан таъминланади. Тут плантацияларимизда тут кўчатлари етиштириш билан бирга иккиламчи фаолият ҳам йўлга қўйилган. Ҳар бир фермер хўжалик ўз шароитига қараб сабзавот экинлари, арпа, маккажўхори экади. Чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик билан шуғулланишади.

Ипак қуртининг аҳоли хонадонларида боқилиши қатор ноқулайликлар туғдириб, мавсумдан кейин пилла боқилган хоналарни таъмирлаш аҳоли учун сезиларли даражада молиявий харажатларни талаб қиларди. Хонадонларда пилла боқиш учун зарур шароитларнинг етарли эмаслиги сифатли ва кутилган пилла ҳосилини олиш имконини бермас эди. Айни шу жиҳатлар инобатга олиниб, тут плантациялари ёнида кўчма қуртхоналар қурилди. Бу ерда кўчма дасталардан фойдаланиш ипак қурти ва пилла маҳсулотининг тоза бўлишига ҳамда турли касалликларга чалинишининг олдини олаяпти.

— Агрономларимиз ипак қуртининг парваришини кузатиб туришади, — дейди Сурхондарё “Агропилла” масъулияти чекланган жамияти директори Шодибек Чориев. — Хона керакли ҳарорат ва намликдами, хўрак вақтида берилаяптими, тозалик ва гигиенага риоя қилинаяптими, баридан хабардор бўлиб туриш керак. Чунки, ипак қуртлари худди чақалоққа ўхшайди, инжиқ ва эътиборталаб. Асосийси боқиш агротехникасига риоя қилиш лозим. Пиллакорларнинг ўзи ҳам тоза-озода юриши шарт. Ҳар хил атир ифори ҳам ипак қуртларини заҳарлайди. Натижада улар озиқланишдан тўхтайди ва нобуд бўлади. Бундан ташқари, қовоқ ари ва шу каби ҳашаротлардан ҳам асраш керак.

Пиллачилик соҳасида ишларнинг рисоладагидек амалга оширилиши натижасида 2021 йилга бориб умумий етиштирилган пилла ҳажмида пиллани қайта ишлаш улуши 50 фоизгача оширилади, янги иш ўринлари яратилади, маҳсулот экспорти ҳисобидан валюта маблағлари тушуми ортади.

Сайёра АЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сохта чипталар…

Мажбурий ижро бюросининг Сурхондарё вилоят бошқармаси ва Олтинсой туман бўлими тумандаги электр таъминоти корхонаси ва …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE