Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Пиллачилик равнақи

Пиллачилик равнақи

аҳолига ва маҳаллий бюджетга қўшимча даромад келтирмоқда

Халқимиз деҳқон-чилик, чорвачи-лик, паррандачи-лик, асаларичи-лик, балиқчилик, боғдорчилик билан бирга азалдан пиллачилик билан ҳам шуғулланиб келади. Кўпчилик оилалар ипак қурти боқиш ҳадисини мукаммал ўзлаштиришган.

Айтиш керакки, узоқ йиллар мобайнида пиллакорлар ипак қуртини анча машаққатлар эвазига боқиб келишди. Гарчанд жониворларни парваришлаш қисқа фурсат давом этсада, ипак қурти олган оиланинг ҳамма аъзоси бир ой шу ташвиш билан овора эди. Оилавий звенонинг тўрт-беш нафар аъзоси сокин саҳардан туннинг алламаҳалигача тутзордан барг кесиб келтириш, баргни новдасидан ажратиш ва қуртхонага солиб, яйратиш билан банд бўларди. Жониворлар каттаргани сайин озуқа-баргга талаби ортар, баъзида звенолар барг топиш илинжида ҳар томонга чопардилар. Тўртинчи-бешинчи ёшдан кейин барг топиш ташвишидан ташқари пилла ўраши учун қир-адирга чиқиб мингбош, шувоқ, парлоқ, ёввойи супурги каби дастабоп ўсимлик излардилар. Бугунги кунга келиб соҳада амалга оширилган изчил ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Пиллачиликда банд бўлганларнинг меҳнати ҳар томонлама енгиллашаётир.

Президентимизнинг 2017 йилги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”, 2018 йилги “Республикада пиллачилик тармоғини янада ривожлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида” ва “Пиллачилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларидан сўнг тармоқда туб бурилишлар қилинаяпти.

Масалан, ипак қурти уруғини охирги йилларда вилоятга Тошкент, Фарғона, Хоразм ва Намангандан келтириш ташвиши барҳам топди. “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раҳбари Баҳром Шариповнинг ташаббуси билан Ангор туманида Хитой давлати ишбилармонлари ҳамкорлигида “HUASHEN SILKWORM PRO” қўшма корхонаси ташкил қилинди. Аввало айтиш керакки, мазкур корхонада доимий 70 нафар, мавсумий 370 нафар киши ишли бўлган. Тажрибали мутахассис Акмал Абдуллаев бошлиқ ишчи-хизматчилар саъй-ҳаракати билан ипак қурти боқиш мавсуми арафасида воҳа пиллакорларига 11 минг қути сифатли уруғ тайёрлаб берилди. Шунинг ҳисобига  вилоят маҳаллий бюджетининг 500 минг АҚШ долларига тенг миқдордаги маблағи тежалди. Яқин келажакда бу корхонада йилига 100 минг қутидан кўпроқ ипак қурти уруғи тайёрланади ва қўшни вилоятлар пиллакорларига сотилиб, маҳаллий бюджетга қўшимча даромад киритилади.

Эътиборга лойиқ яна бир жиҳат шуки, бу мавсумдан эътиборан пиллачилик звенолари хонадонларида аввалгидай ипак қуртини тўлиқ бир ой парваришламайдилар. Бутун республикада бўлгани каби “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ҳомийлигида вилоятимизда ҳам инновацион пиллахоналар қурилиши давом этмоқда ҳамда бугунги кунга келиб, вилоят туманларида жами 51 та замонавий қуртхона барпо этилди. Бу пиллахоналарнинг ҳар бирида бир ёшдан уч ёшгача 250 қути ва тўрт-беш ёшларда 30-40 қути ипак қурти парваришланади. Ҳар бир инновацион пиллахонада доимий 10 нафар, мавсумий 70 нафаргача киши меҳнат қилади. Улар жониворларни уч ёшгача зооветеринария талаблари асосида боқиб, сўнгра анча дадиллашган ва соғлом ипак қуртини сийраклаштириш мақсадида 30 қутисини шу жойда  боқишни давом эттиришади, қолган 220 қутисини оилавий звенолар хонадонларига кўчиришади. Демак, оилавий звенолар нари борса 15 кун ипак қурти боқиш билан банд бўлади.

Яна бир янгилик. Звенолар аъзолари тут плантацияларидан барг ўриш, келтириш ташвишидан озод. Чунки инновацион пиллахоналарга Labo русумли автомашина бириктирилган, мавсумий ишчилар қабул қилинган. Улар тутзордан баргни махсус аппаратда юлма ҳолда тайёрлаб, оилавий звенолар хонадонларидаги қуртхоналарга етказишади. Оилавий звенолардан фақат ўн беш кун мобайнида жониворларни нобуд қилмай намунали парваришлаш талаб қилинади, холос. Оилавий звенолар термометр, қоғоз, оҳак ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланган ҳамда етиштириладиган ҳосилнинг 50 фоиз пули бўнак сифатида берилган.

— Мавсум давомида ипак қуртининг озуқаси — барг таъминотида муаммо бўлмайди, — дейди вилоят “Агро пилла” МЧЖ раҳбари Шодибек Чориев. — Ўтган йилдан бери мутахассисларимиз ҳамда Ҳусниддин Чориев, Ҳасан Жўраев, Камолиддин Абдураҳмонов, Асад Менглиев сингари пиллачилик агрономлари назорати остида 2 минг 731 гектар майдондаги тутзор ҳамда 2 миллион 848,8 минг туп баланд танали тут парвариши намунали ташкил қилинди. Ўтган вақт мобайнида маҳаллий иқлимга мослашган 700 минг туп ва Хитойдан келтирилган бир миллион туп тут ниҳоллари ҳисобига инновацион усулда 350 гектар тут плантациялари барпо этилди. Тез етилувчи бу тутлар барги ҳисобига бу мавсум уч мартагача ипак қурти боқилади. Биринчи боқишда 1400 тонна ҳосил етиштирилади. Май ойида иккинчи ва август ойида учинчи марта ипак қурти  парваришланади ва умумий ялпи ҳосил 2 минг тоннага етказилади. Бу баландпарвоз гаплардан йироқ, пухта ва ҳаётий ҳисоб-китобларга асосланган аниқ режадир…

Яна бир эътиборли жиҳат, энди пиллакорлар ипак қурти пилла ўраш даврида мингбош, шувоқ, парлоқ, ёввойи супурги сингари дастабоп ўсимликлар излаб овора бўлишмайди. Қуртхоналарда сунъий дасталардан кенг фойдаланилади. Бу дасталар эса “Inter SILK PRO” қўшма корхонасига қарашли “Сурхон ипаги” корхонасида етарлича тайёрланаяпти. Сунъий дасталарни қўллаш ҳисобига халқаро стандартларга мос “кумуш тола” етиштирилади. Шубҳасиз, пилланинг сифатлилиги етиштирувчиларнинг манфаатдорлиги ошишига ҳам хизмат қилади. Чунки аввалгидай пиллакорларга сифатли пилла учун алоҳида, иккинчи ва қорапўчоқ навли ҳосил учун алоҳида нархда ҳақ тўланмайди. Сифатли пилла тайёрлашга хизмат қиладиган  сунъий дасталарнинг афзаллиги шуки, улардан бир неча мавсум фойдаланиш мумкин. Сунъий дасталарнинг яна бир жиҳати, уни ишлаб чиқарувчилар ҳам ишли, ҳам даромадга эга бўлишади.

Бу мавсум вилоят пиллачилигида ўзига хос янгилик қилинаяпти. Сариосиё тумани меҳнаткашлари 23 йиллик танаффусдан сўнг яна ипак қурти парваришлайдилар.

— Азалдан Сариосиё тумани халқи ипак қуртидан юқори ҳосил олишган. Қўшни мамлакатдаги алюмин заводи таъсири туфайли туман аҳолиси орада анча йил пиллачилик билан шуғулланмай қўйди. Бироқ фермер хўжаликлари баланд танали  тут ва тутзорларни сақлаб қолишган. Ўтган йили Узун ва Денов туманидаги айрим оилавий звенолар қуртхоналарида Сариосиё туманидан келтирилган баргдан фойдаланилган. Мутахассислар тумандаги тутлар баргидан фойдаланиш мумкинлигини асослагач, бу мавсум Сариосиё туманида пиллачиликни яна оёққа турғазишга қарор қилинди, — дейди “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси Баҳром Шарипов. — Шубҳасиз, ипакчилик Сариосиёдек аҳоли зич яшайдиган туманда одамлар бандлигини таъминлаш баробарида манфаатдорлигини оширишга ҳам хизмат қилади. Бу мавсум туман пиллакорлари 500 қути ипак қурти боқишади. Айни пайтда туманнинг “Янги ҳаёт” маҳалласида 2 та замонавий инновацион пиллахона қурилаяпти. Шунингдек, инновацион усулда тутзор барпо қилинаяпти…

Айтиш керакки, бугунги кунга келиб воҳа пиллакорларининг азалий орзуси ушалган. Негаки, ипакчилик тармоғи мутахассислари фақат пилла хомашёси етиштиришни ташкиллаштириш билан чекланмай, хомашёни қайта ишлаб, кўпроқ даромад олиш йўлида изланишларни давом эттиришяпти. 2014 йилда ташкил этилиб, эски ускуналар билан иш бошлаган “Сурхон ипаги” МЧЖда ўтган йили техник-технологик жиҳатдан тўлиқ модернизациялаш ишлари бажарилди. Хитой халқ республикасидан пиллани қайта ишлаш, ипак йигириш, ипак момиғи ишлаб чиқариш учун ускуна ва технологияларнинг сўнгги моделлари келтирилиб ўрнатилди. Ҳозирда корхонада 200 нафар киши сунъий даста ишлаб чиқариш, ипак матодан  маҳсулот тайёрлаш, ипак гиламлар тўқиш билан банд. Корхона маҳсулотларига Осиё ва Европа қитъаси давлатлари харидор бўляпти. 2017 йил 2 миллион 139,6 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот хорижий мамлакатларга экспорт қилингани корхона цехларида сифатли ва рақобатбардош ипак маҳсулотлари тайёрланаётганидан дарак беради. Истиқболда Термиз шаҳрида касаначилик асосида ипак матолардан миллий услубдаги ҳунармандчилик буюмлари ишлаб чиқаришни ўз ичига қамраб оладиган “Ҳунармандчилик маркази” барпо этиш лойиҳаси устида иш олиб борилаяпти.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, пиллакорларимиз бу йилги мавсумда уч марта ипак қурти боқиш учун пухта ҳозирлик кўришди. Биринчи мавсумда 1400 тонна сифатли кумуш тола етиштириш учун 6 мингдан зиёд фермер хўжалиги ва оилавий звенолар билан шартнома тузилди.  Жойларда ташкил қилинган 250 та инкубацияларда 25,9 минг қути ипак қурти уруғи жонлантирилди. Бугундан эътиборан вилоятнинг барча пиллахоналарида ипак қурти зооветеринария талаблари асосида парваришланаётир.

Усмонали
НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Талабага имтиёзли кредит

Ҳар ҳафта кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан ўтказилаётган мулоқотларда вилоят ҳокими Тўра …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE