Бош саҳифа / Спорт / Пешқадамлар муросага келишди

Пешқадамлар муросага келишди

Сурхон ва Пахтакор футбол жамоалари учрашуви

Термизнинг “Сурхон” жамоаси Ўзбекистон чемпионати суперлигаси 4-тур учрашувини ўз майдонида биринчилик пешқадами Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси билан ўтказди.

Маълумки, таркиби жуда кучли бўлган тошкентликлар Осиё чемпионлар лигасида ҳам ўз гуруҳида биринчи ўринни эгаллаб туришибди. Жамоа суперлига баҳсларида бирорта очко йўқотмаган ва дастлабки турданоқ пешқадамликни қўлга олганди.

Биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаб турган бу икки пешқадам жамоанинг Термиздаги учрашуви муросасиз, курашларга бой ўтиши кутилаётганди. Меҳмонлар Жалолиддин Машарипов, Игорь Сергеев, Жавоҳир Сиддиқов, Марат Бикмаев ва бошқа истеъдодли ва тажрибали футболчиларига суяниб, ҳужумкор ўйин намойиш этишга жазм этишган бўлса, термизликлар кучли ҳимоя ва қарши ҳужумни қўллашди. Учрашув давомида ҳар икки жамоада ҳам тўп киритиш имкониятлари бўлди. Айниқса, иккинчи бўлим ўрталарида термизликлар ярим ҳимоячиси Шерзод Ҳакимов дарвозага жуда яқин турганди ва тўп киритиши мумкин эди. Аммо унинг яқин масофадан тепган тўпи кутилмаганда бошқа тарафга қараб кетди.

Термизликларнинг Данко Стоенович ва Раҳматулла Бердимуродов каби ҳимоячилари эса пахтакорчиларнинг кўплаб ҳужумларини муваффақият билан қайтаришди. Хусусан, майдон эгалари дарвозабони Аслбек Омонов ҳар қачонгидан яхши ўйнади. Таъкидлаш жоизки, “Пахтакор” футболчилари ҳужумга жуда эҳтиёткорлик билан ўтишди ва уларда шиддат етишмаганлиги боис ҳужумлари осонлик билан қайтарилди.

Учрашув 0:0 ҳисобида тугади.“Спорт” телеканали шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидов термизлик футболчилар мардонавор ўйин кўрсатганлигини таърифлади. “Сурхон” жамоаси ушбу дурангдан сўнг турнир жадвалининг 3-ўринига тушди.

 Ҳамшаҳарларимиз навбатдаги учрашувни 21 апрель куни Наманганда “Навбаҳор” клуби билан ўтказишади.

М. АЗИМОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Паралимпиячилар ютуғи

Тошкент шаҳрида мамлакат паралимпиячилари ўртасида пауэрлифтинг (оғир атлетика) спорт тури бўйича чемпионат ўтказилди. Унда воҳамиздан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan