Бош саҳифа / Жамият / Пенсия олиш тартиби

Пенсия олиш тартиби

ундаги янгиликлардан хабардормисиз?

Мамлакатимизда  пенсия ва нафақаларнинг ёшга доир пенсия, қарилик нафақаси, ижтимоий нафақа, боқувчисини йўқотганлик пенсия ва компенсация турлари мавжуд.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 мартдаги “Пенсиялар ва нафақалар тўлаш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2826-сонли қарори асосида пенсия ва нафақаларни нақд пул шаклида тўлаш “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамиятидан акциядорлик-тижорат Халқ банки филиалларига ўтказиб берилиб, фуқароларга қулайлик туғдириш мақсадида уларнинг яшаш жойлари — маҳалла фуқаролар йиғинларида тўловлар амалга оширилмоқда. Ушбу қарорнинг эътиборли жиҳати шундаки, ёши кекса (80 ёшдан ошган) фуқаролар, 1-ва 2-гуруҳ ногиронларига пенсия ва нафақалар уларнинг уйларига сайёр кассалар томонидан етказиб берилиши йўлга қўйилди.

Шунингдек, “Давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Унга кўра, фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик  нафақа (суюнчи) учун ариза 6 ой давомида, бир марталик дафн тўлови учун аризалар фуқаро вафот этган кундан бошлаб  60 кун давомида қабул қилиниб, кўриб чиқилиши белгилаб қўйилган.

Фуқароларнинг ўз хоҳишларига асосан пенсия ва нафақалар тижорат банкларининг “пластик карточкалари” ҳамда “омонат ҳисоб рақамлари” орқали тўланиши учун фуқаролар пенсия жамғармасига ҳар 6 ойда шахсан келиши орқали пенсия (нафақа) олиш ҳуқуқларини тасдиқлашлари лозим. Фуқаро шахсан келиб учрашмаган тақдирда пенсия тўлови улар келиб, ёзма равишда мурожаат қилгунга қадар тўхтатиб қўйилади.

Пенсия (нафақа)лар тўловини “ишончнома” орқали амалга  оширишда ишончнома бир йилдан кўп муддатга берилган тақдирда ҳам ишончнома берувчи шахс ҳар йили пенсия жамғармасига шахсан келиб учрашиши шарт. Агарда пенсионер бошқа давлатда бўлиб, соғлиғи ёки  бошқа сабабларга кўра келиш имкони бўлмаган тақдирда Ўзбекистон Республикасининг шу давлатдаги элчихонаси ёки консуллик идорасига  мурожаат қилган ҳолда, чет давлат фуқаролигини ва пенсия олмаслигини тасдиқлаб, пенсия жамғармасига маълум қилиши лозим.

Эътибор қаратиш лозим бўлган яна бир масала, фуқаролар томонидан ўз вақтида талаб қилиб олинмаган пенсия (нафақа) тўлови фуқаро мурожаат қилган кундан эътиборан охирги 12 ой учун амалга оширилиши мумкин.

Нуриддин ЖУМАЕВ,
пенсия жамғармаси
Термиз шаҳар
бўлими инспектори

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Лойиҳалар – назоратда

Вилоятни комплекс ривожлантириш дастури доирасида аграр ҳамда озиқ-овқат соҳалари бўйича жорий йилда умумий қиймати 4 …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE