Бош саҳифа / Жамият / Пенсионерларга байрамона туҳфа

Пенсионерларга байрамона туҳфа

Бугун кексаларни эъзозлаш, уларга қулайликлар яратиш ва меҳнатини муносиб рағбатлантириб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, жорий йил 12 декабрда пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш мақсадида Президентимиз “Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонга имзо чекди.

Унга кўра, 2019 йил 1 январдан бошлаб барча ишловчи пенсионерларга пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланиши қайд этилган. Ҳозирги кунда вилоятимизда жами 2796 нафар ишловчи 50 фоиз миқдорида пенсиясини олиб келмоқда. 2019 йил 1 январдан бошлаб эса улар ҳам иш жойидан 100 фоиз пенсиясини олади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 1996 йил 1 январдан буён ишловчи пенсионерларга 50 фоиз пенсия тўлаш тартиби жорий қилинган эди. Яъни агар ходим пенсияга чиқсаю ишидан бўшамасдан меҳнат фаолиятини давом эттираверса, иш жойидан ойлигини тўлиқ, пенсиясининг 50 фоизини оларди.

Қувонарлиси шундаки, 2019 йил 1 январдан бошлаб пенсионерлар пенсиясини ҳисоб–китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз бараваридан ўн бараваригача қилиб белгиланди. Ушбу фармон нафақат 2019 йил 1 январдан кейин пенсияга чиқувчиларга, балки ушбу тоифага тушувчи ҳозирги кунда пенсия олиб турган пенсионерларга ҳам татбиқ этилади. Вилоят бўйича нафақа олаётган 234611 нафар пенсионернинг 25383 нафарининг пенсияси энг кам ойлик иш ҳақининг 8 каррасидан ҳисоблаб чиқилади. Қолган 209228 нафар пенсионернинг нафақаси уларнинг ўртача ойлик иш ҳақи 202730 сўмдан 1621840 сўмгача бўлганлиги сабабли қайта ҳисоблаб чиқилмайди, яъни эски миқдордаги пенсиясини олади.

Шуни таъкидлаш керакки, вилоят бўйича 14643 нафар пенсионернинг пенсия миқдори 1621840 сўмдан 2027300 сўмгача бўлган ўртача ойлик иш ҳақидан қайта ҳисобланади. Шунингдек, 10714 нафар пенсионернинг ўртача ойлик иш ҳақи энг кам ойлик иш ҳақининг 10 бараваридан юқори бўлган, яъни 2027300 сўмдан қайта ҳисоблаб чиқилганда вилоят бўйича ўртача 65000 сўмдан 290000 сўмгача ошади.

Пенсия миқдори Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг 25-26-27 ва 31-моддаларига асосан ҳисоб-китоб қилинади. Бунда пенсионернинг иш стажи ва пенсия ҳисоблаш учун ўртача бир ойлик иш ҳақи муҳим ўрин тутади. Агар пенсионер кўп йил ишлаган ва пенсия ҳисоблаш учун ўртача бир ойлик иш ҳақи катта бўлган бўлса пенсия миқдори юқори суммада чиқади. Илгари қонунчиликка кўра пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган ўртача бир ойлик иш ҳақи ҳар қанча катта бўлмасин пенсионернинг пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган ўртача бир ойлик иш ҳақи 8 “минималка” деб ҳисобланарди, ундан ортиғи пенсия ҳисоблашда инобатга олинмасди.

Масалан, ўртача ойлик иш ҳақи 3000000 сўм ва иш стажи 35 йил бўлган фуқарога амалдаги тартиб бўйича пенсия ҳисоблашда 1621840 сўм (энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баравари) инобатга олинган, қолган қисм, яъни 1378160 сўм ҳисобга олинмаган, шундан келиб чиқиб ушбу сумманинг 55 фоизи, яъни пенсиянинг таянч миқдори (1621840 х 55 фоиз = 891550 сўм) белгиланиб талаб этиладиган (25 йилдан) ортиқ ишлаган 10 йилнинг ҳар бир йили учун 1 фоиздан қўшимча ҳисобланиб (1621840 сўм х 10 фоиз = 162184 сўм) бу фуқаронинг умумий пенсия миқдори 1053734 сўмни ташкил этади.

Янги тартиб бўйича ушбу фуқарога ўртача ойлик иш ҳақи 1621840 сўм эмас, балки 2027300 сўм (202730 х 10 баравари = 2027300 сўм) миқдорида ҳисобга олинади. Бунда пенсиянинг таянч миқдори (2027300 х 55 фоиз =1115015 сўм), ортиқча 10 йил иш стажи учун оширма (2027300 сўм х 10 фоиз = 202730 сўм), умумий пенсия миқдори 1317745 сўмни ташкил этади.

Р. УСМАНОВ,

вилоят бюджетдан ташқари

Пенсия жамғармаси

бошқармаси бошлиғи

ўринбосари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Битирувчилар МИБда ишлаши мумкинми?

Бу саволга талабалар Термиз давлат университетида Маж-бурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси вакиллари билан ўтказилган …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan