Бош саҳифа / Таълим / Педагогик технологиялар самараси

Педагогик технологиялар самараси

Умида момонинг набираси Мафтунадан умиди катта. Мактабга борса, аъло баҳоларга ўқиб, келажакда ўқимишли, зиёли инсон бўлиб етишса, дея ўйлайди нуқул.

Аммо мана иккинчи синфда ўқиса ҳамки, уйда тили бурро қизалоқ, мактабда синфдошлари орасида забонсизга айланади. Ота-онасидан эрта ажралгани етмагандек, руҳий сиқилишлар сабаб ўз қобиғига ўралиб олган Мафтунага ўқитувчи сифатида таълим-тарбия жараёнида ёрдам бериш энг биринчи вазифамдир. Аввалига ҳеч ким билан гаплашмайдиган бу ўқувчим, икки йилдан буён ўзига яқин олган тенгдошлари билан суҳбатлашади. Дарсдан кейин шуғулланаётганимда мен билан мулоқотда бўлади. Гуруҳга қўшилиши, ўзини намоён қилиши учун синфдошлари билан гуруҳ бўлиб ишлаймиз. Турли ўйинлар билан дарс жараёнига қизиқтираман. Озгина ҳаракат қилса ҳам “юлдузчали беш” баҳо қўяман. “Офарин” карточкаси, “баракалла” деб рағбатлантириш ҳам яхши натижа бераяпти.

Яна бир ўқувчим Юсуфнинг (исмлар ўзгартирилган) эса нутқида нуқсони бор. Талаффузда с, з, б, д, ф товушларини айтишга қийналади. Ота-онаси махсус мактабга боргандан кўра, барча соғлом болалар билан ўқишини маъқул кўриб адашмаган экан. Мана ҳозирда Юсуф товушларни аввалгидек алмаштирмасдан талаффуз қилади. Тўлиқ айта олмаса-да, тўғри айтади. Бу ўқувчига ҳарф танитиб, оғзаки нутқидаги талаффузига эътибор қаратиш лозим эди. Ҳарфларни танигач, сўзлар тузамиз, сўзларни бўғинларга ажратаётиб бола тўғри талаффуз қилади. Икки ўқувчимда ҳам ижобий томонга ўзгаришларни кўриб, қувонаман.

Ўқитувчилик касби ҳам бир санъат экан аслида. Ҳарф танимайдиган боланинг қўлига қалам тутқазиб, ҳарфларни ёзишни ўргатадиган инсонга катта сабр ва маҳорат керак бўлади. Тўрт мучаси соғ боланинг саводини чиқариш-ку мураккаб жараён бўлса-да, уддасидан чиқиш мумкин. Аммо имконияти чекланган, сўзлашда нуқсони бор болалар билан ишлаш янада кўпроқ меҳнат талаб этишига ҳаётий тажрибамда амин бўлдим.

Ўқувчилар билан ишлашда турли методлардан фойдаланиш лозим. Дидактик ўйинларни ўйнаш ҳам мавзуни ўзлаштиришда самара беради. Бунда доим гуруҳларга бўлиниб, савол-жавоб, ҳарфлардан сўзлар тузиш, гапларда тушиб қолган сўзларни тўлдириш вазифаларини биринчи бажаришлари талаб этилади. Математика фанидан ҳисоблашни ўрганишда бармоқларни ҳаракатга келтирсак, она тили дарсида ҳарфларни ҳавода ёзамиз. Дам олиш дақиқамиз ҳам бесамар кетмайди. Турли ҳаракатли ўйинлар ўйнаш, шеър ва қўшиқлар айттириш орқали ўқувчининг диққатини тортиш билан бирга фаоллигини ҳам оширишга эришамиз. Ана шундай пайтларда нуқсонли болалар ҳам тенгдошларидан қолишмай ёд айтишга, ҳаракатларни бажаришга киришиб кетади.

Саодат МУСУРМОНОВА,

Термиз туманидаги14-мактаб  ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

22.3 миллион сўм мукофот

Президентимизнинг иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш борасидаги қарори, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE