Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Паррандачилик даромадли соҳа

Паррандачилик даромадли соҳа

Ҳам гўшт, ҳам тухум, пати ёстиқ, чиқиндиси ноёб ўғит бўлган парранда чин маънода етти хазинанинг бири, десак янглишмаймиз. Шу ўринда, хўш, паррандачилик шу даражада даромадли, фойдали соҳа экан, нега унда, ҳамма паррандачилик билан шуғулланиб қўя қолмайди, деган ўй ўтади хаёлдан.

Ростдан ҳам нега? Ахир айни пайтда давлатимизда тадбиркорлик учун кенг имкониятлар очилган, имтиёзли кредитлар берилаётган бир пайтда нега бу соҳа оқсамоқда, каби саволлар пайдо бўлади. Ҳолва деган билан оғиз чучимайди. Нега десангиз, паррандани боқиш, уни кўпайтиришнинг ўзи бўлмайди-да. Халқ орасида “Молни унинг туёғидан ҳам қаттиқ одам боқади”, деган гап юради. Агар лозим бўлса, паррандачиликка ҳам шу иборани ишлатган бўлар эдик. Парранда боқиш, парваришлаш, айниқса, уни саноатлаштириш билим, бой тажриба, қунт ва эҳтиёткорликни талаб қилади. Аксинча бўлса, бундан фақат зарар кўриш мумкин.

Денов туманидаги Камолиддин Саидов бошлиқ “Денов Бройлер” хусусий корхонаси, дастлаб, таъсис этилганда тадбиркор анча-мунча зарар кўрганлиги рост. 2014 йилда Тошкент вилоятидан иш бошлаш учун, 75 минг бош товуқ келтирилганди. Аммо махсус ускуналар бир-икки ҳафта кечикиб келганлиги, янги технологиядан оқилона фойдалана олмаслик ҳамда касаллик туфайли товуқларнинг 30 мингдан зиёди нобуд бўлди. Аммо паррандачилик йўлини тутган тадбиркорнинг азми қатъийлиги боис корхонанинг фаолияти тўхтаб қолмади. Тинимсиз меҳнат, изланиш, омилкорлик тадбиркорни бугунги ёруғ манзиллар сари олиб чиқди. 2014 йилда ТИФ “Миллийбанк”нинг Денов туман бўлимидан олинган 450 минг ҳамда 2017 йилдаги 695 минг АҚШ доллари эвазига янги Хитой технологияси келтирилди. Бугунги кунда корхонада 220 минг бош товуқ мавжуд. Кунига 97 минг атрофида тухум олинади. Аммо фойда ва зиён ёнма-ён юради, дейишади.

— Ўтган йилларда кунига миллион-миллион зарар билан ишлаган кунларимиз бўлди, — дейди К. Саидов. — Аммо тушкунликка берилмадик. Ишлашда давом этдик. Мана, кўриб турганингиздек, кредит қарзлари, зарарларнинг ўрни қопланиб, корхонамиз фойда билан ишлай бошлади. Фаолиятимизни кенгайтириш мақсадида Сариосиё туманидаги “Анорзор” маҳалласи ҳудудида эскидан қаровсиз ётган иморатни олиб, “Қишлоқ қурилиш банк”ининг Сариосиё туман бўлими орқали расмийлаштирилган 1 миллиард 200 миллион сўм кредит эвазига таъмирлаяпмиз. Айни пайтда ишчиларимиз 35 нафар. Агар қурилиш ишлари ниҳоясига етса, яна қўшимча равишда 65-70 та янги иш ўрни яратилади. Келгусида бу ерда 200 минг дан зиёд жўжалар етиштириш имкони пайдо бўлади. Яқин ҳафталар ичида 60 мингта жўжа олиб келинади.

Ўтган йили корхона 120 миллион соф фойда кўрган бўлса, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида бу кўрсаткич 100 миллион сўмни ташкил этди.

Корхонада яхши иш кўрсатган ишчилар ойига меҳнатига яраша 1-1 ярим миллионгача иш ҳақи олишади. Ҳар ойда тегишли тартибда рағбатлантириб борилади. Иш жойида 3 маҳал бепул таом берилади. Хуллас, барча шароит яратиб берилган. Байрамларда “Янги Ҳазорбоғ” маҳалласидаги кам таъминланган оилалар ҳамда шу ҳудуддаги мактабгача таълим муассасига ҳомийлик ёрдами кўрсатилади.

Корхона маҳсулотлари йил бошида тузилган экспорт шартномаларига кўра, қўшни Тожикистон ва Афғонистон Ислом Республикаларига экспорт қилинмоқда. Ўтган йили 43 200 АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот чет элга экспорт қилинган бўлса, жорий йилнинг 9 ойи-да бу кўрсаткич 40 300 АҚШ долларини ташкил этди. Айни пайтда корхона маъмурияти олдида чет эллик ҳамкорлар билан тузилган 1 миллион 60 минг АҚШ доллари миқдоридаги экспорт шартномасини бажариш мажбурияти турибди. Агар ишлар режадагидек амалга ошадиган бўлса, бу ўз навбатида, воҳамиз иқтисодиёти учун ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Хулоса қилиб айтганда, халқ бой бўлса, шубҳасиз, давлатимиз ҳам қудратли бўлади. Бугун ана шу ҳикматни англаган ҳолда меҳнат қилаётган, ўз эҳтиёжларидан ортиб, давлат бюджетига ҳам сезиларли улуш қўшаётган тадбиркорларга асло толманг, деймиз.

Х. МУЛИКАМОЛОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жараёнда аёллар фаоллиги

Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят Кенгаши ташаббуси билан Термиз давлат университетида “Хотин-қизларнинг сиёсий жараёнлардаги иштирокини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE