Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / ПАРИҚИШЛОҚЛИК АНГУБИН

ПАРИҚИШЛОҚЛИК АНГУБИН

Бежизга қариялар умринг узун, ризқинг бутун бўлсин, деб дуо қилишмайди. Яна шу нарса айни ҳақиқатки, Яратган ҳар бир бандасининг холис нияти, эзгу амаллари ва феълу аъмолига яраша мартаба, ризқ беради. Бафо муаллим ҳаёти  ва фаолияти давомида ана шу тамойилларга қатъий амал қилиб  келмоқда.

У ғирромликни, ёлғонни, ноҳақликни ёқтирмайди ва бундайларнинг даврасида бўлишдан, кўчасидан ўтишдан ҳазар қилади. Буни фарзандлари, набираларига сингдиришдан сира эринмайди.

Париқишлоқлик Бафо  Шейховни танийсизми, десангиз, етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган музработликлар ангубин – асалчими,  деб жавоб беради ва у яшайдиган манзилни кўрсатиб қўяди. Муаллим шу қишлоқда туғилиб вояга етган, қайси ишнинг бошини тутмасин, унинг ҳадисини олмай қўймайди.

— Ҳар қандай хайрли ишга бир нарса сабаб бўлади. 1989 йилда ёзнинг илк ҳафталари, эрталаб туриб ҳовлимиздаги боғни айлансам, шиғил-шиғил ҳосил туккан олма дарахтига бир қора нарса ёпишиб олган. Ҳайрон қолдим, ёши улуғ қишлоқдошларимни чақириб,  кўрсатдим. Улар қаердандир асалари оиласи қочиб келган дейишди. Янги асалари қутисини олиб келиб “қочоқ”ларни жойлаштирдик. Шундан сўнг, бу ноёб жониворларга бир умр қизиқиб қолдим, — дейди Бафо муаллим.  

Бафо Шейхов Тошкент давлат (ҳозирги ЎзМУ) университетининг математика факультетини 1983 йилда тугатиб келгандан буён  “Гулобод” маҳалласидаги 8-мактабда ёшларга таълим-тарбия бериб келмоқда. Ўтган йиллар мобайнида математика фани бўйича кўплаб шогирдлар етиштирди. Уларнинг кўпчилиги ҳозир ўзи билан елкама-елка туриб, мактабда бирга ишламоқда.

— Фаолиятимизни кенгайтириш мақсадида 2018 йилда якка тартибдаги тадбиркорликдан воз кечиб, масъулияти чекланган жамият ташкил қилдик, — дейди муаллим. — Ҳозир 300 қути 500 оила асаларимиз бор. Жамиятнинг номини “Ангубин” деб атадик. Бу форс тилида асал,   асалчи деган маъноларни билдиради. Оиламизда бирор киши бекор турмайди. Икки ўғлим, келиним, турмуш ўртоғим асалари парвариши  билан шуғулланади. Дарсдан сўнг ўзим ҳам уларга ёрдам бераман. Худога шукур, ҳамма нарсамиз етарли.

Меҳр меҳробни топади, дейдилар. Бафо муаллим асаларичилик илмининг сир-синоатини  яхши билади. Яна шуки, математик эмасми, фойда-зарар, даромад-буромаднинг елкасини келтириб расамадлайди. Унинг айтишича, йил яхши келса, бир оила арига юз минг сўм харажат қилинар экан. Беш юз оила арини парваришлаш, ундан маҳсулот олиш учун эса эллик миллион сўмдан кўпроқ чиқим қилишга тўғри келади.

— “Икки йилдирки “Ангубин” МЧЖ жамоаси ўз маҳсулотини  хорижга экспорт қилаяпти, — деб Музработ тумани ҳокимининг ўринбосари Шуҳрат Азимов бежиз айтмаган экан. Муаллимнинг ўғиллари – Баҳодир ва Бахман Шейховлар асаларичилик илмини яхши эгаллаганлар. Бу йил икки тоннага яқин асал олдик, лекин бизнинг даромадимиз асалдан эмас. Маҳсулотни бозорда ўтириб сотишга вақтимиз ҳам  йўқ. Асосан “Ангубин” МЧЖ асалари оиласини етиштириб сотишга ихтисослаштирилган, дейди улар. Ўтган йили МЧЖ жамоаси  шартнома асосида Афғонистон Ислом Республикасига 50, Россия Федерациясига 100 оила ари сотиб, шунинг ўзидан саксон миллион сўм даромад қилишди. Оилавий жамоа бу йил хорижий давлатларга минг оила ари етиштириб беришга келишув шартномасини имзолаган.

Ҳунари борнинг зари бор, деб бежиз айтишмайди. Бафо муаллим ҳовлисидаги чоғроқ боғида уч юз қути асаларини қиш фаслида асал билан боқмоқда. Баҳор, ёзда дала ва тоғ олди адирларга олиб чиқишади. Олинган асални эса харидори чиқса, кўтарасига сотишади. Юқорида айтганимиздек, шартнома  бўйича ари оиласи етиштиришга асосий эътиборни қаратишади.

Салоҳиятли муаллим, моҳир асаларичи, меҳрибон ва донишманд оила бошлиғи Бафо Шейхов икки ўғил, икки қизнинг отаси, ўн тўрт набиранинг севимли бобоси юртимиз ободлиги, элимиз фаровонлиги йўлида ана шундай хизмат қилишга бел боғлаган.

— Икки юз нафардан  ортиқ шогирдим бор, менинг орттирган бойлигим шулар. Иккинчидан, қайси бир чет мамлакатга ари оиласини сотмайлик, ўша ерда “Ўзбекистонда етиштирилган”, деган гап айтилади. Ана шу эътироф ва фахрнинг ўзи бизга етарли, — дейди Бафо Шейхов.

Агар сизда ҳам асаларичиликка  қизиқиш, ҳавас туғилса, Музработ туманидаги “Гулобод” маҳалласининг Париқишлоғига боринг. Бафо муаллим ангубин сирларини, машаққатларини сиз билан баҳам кўради.

Сафар ОМОН,

“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Фермерлар фаоллиги

Музработ туманида жорий йил кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқилганди. Дастурга 72 …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan