Пахтакорларнинг август ойидаги вазифалари

0
34

Президентимиз раислигида жорий йилнинг 31 июль куни ўтказилган ғўза ривожини жадаллаштириш, ғалла ўримидан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экиш, аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида соҳадаги қатор камчиликлар очиқ-ойдин айтилди.

Аёнки, жорий йилнинг 5 июлидан 5 сентябрига қадар “Ҳосилга ҳосил қўшиш долзарб икки ойлиги” эълон қилинганди. Йиғилишда шу бўйича амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилинди. Ўтган вақт мобайнида ғўза ривожининг кечикиши бартараф этилмаган, ўсимлик ривожи ҳали ҳам 8-10, баъзи жойларда 12-15 кунга орқада қолаётганлиги таъкидланди. Ўтган йилнинг шу даврида бир туп ғўзада ўртача 5-7 кўсак шаклланган бўлса, бугун 3-5 тадан ошмайди.

Бундай ҳолат юзага келишининг асосий сабаби июнь-июль ойларида жойлардаги ҳокимликлар, сектор раҳбарлари, айниқса, фермер хўжаликлари бошлиқлари ғалла ўрим-йиғими ва такрорий экин экишни баҳона қилиб, ғўза парваришини ўз ҳолига ташлаб қўйганида, деди Президентимиз. Ғўзани чанқатмай, қатор ораларига ишлов бериш ва сувдан самарали фойдаланиш ишлари ҳам кўнгилдагидек ташкил этилмаган. Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, аксарият далаларда на культиватор, на сувчи ва на бирор ишчи бор. Ҳатто айрим туманларда ғўза ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Кўплаб майдонларда ниҳоллар чанқаб ётибди, бу эса тўпланган ҳосил йўқотилишига олиб келмоқда. Йиғилишда бошқа вилоятлар қатори вилоятимизда ҳам ғўза ривожидаги ҳолат ҳозирги талабга мутлақо жавоб бермаслиги, ривождан орқада қолаётган ғўза майдонлари кўплиги, камчиликларни зудлик билан бартараф этмоқ лозимлигини, қолоқ фермерларни ўртаҳол фермерларга, ўртаҳол фермерларни эса илғор фермерларга тенглаштириш учун август ғўза парваришида зарбдор ой деб эълон қилинди. Ўтган вақт мобайнида об-ҳавонинг ўта иссиқ келиши ва гармсел туфайли ҳосилнинг тўкилганини август ойида қоплаш ва ҳосилга ҳосил қўшиш учун барча ишчи кучи ва техника воситаларидан унумли фойдаланиш бўйича топшириқлар берилди.

Ғўза кун санамоқда. Айниқса, кечки ва бузиб экилган далалардаги ниҳолларни қўшимча озиқлантириш, ўсимлик ғовлаб кетиши олдини олиш учун “Энтожеан” каби дориворларни ишлатиш зарур. Август ойида ғўзани бегона ўтлардан тозалаш ҳашаротларнинг кўпайиб кетишининг олдини олади. Баъзи лоқайд фермерлар даласида беда қандаласи, ўргимчаккана кўпайиб, тўпланган ҳосилнинг бир қисмига жиддий зарар етказмоқда. Кўсак қуртига қарши биомаҳсулотларни ҳар уч-тўрт кунда далага чиқариш, феремон тутқичлар сонини кўпайтириш ва бошқа турдаги ҳашаротларга қарши кимёвий усулда ишлов бериб қирон келтириш тавсия этилади. Бунинг учун ОВХ аппаратлари ва штангали воситалардан самарали фойдаланиш лозим. Беда қандаласига қарши курашиш учун кечқурунлари “Агрофос” ёки “БИ-58” перепаратларини белгиланган меъёрларда сепиш лозим. Кечки ва қайта экилган далалардаги ғўзалар ривожини жонлантириш мақсадида мутахассислар билан ҳамкорликда қўшимча озиқлантириш чоралари кўрилиши лозим.

Ғўзани суғоришда шарбат усулидан кенг фойдаланиш муҳимдир. Чунки шарбат сувини оқизиш ҳосилдорликни 5 центнергача ошириши тажрибада исботланган.

Ҳосил элементларининг тўкилишига ғўзани қорапушта қилиб суғориш ёки чанқатиш, шунингдек, озиқ моддаларнинг етишмаслиги ёки тупроқнинг зичланиши сабаб бўлади. Айниқса, ҳаво ҳарорати кўтарилганда кундузги суғоришни тўхтатиб, тунги суғоришга алоҳида эътибор бериш тавсия этилади. Иложи борича қатор ораларига эгат оралатиб сув тараш лозим. Қорапушта қилиб суғориш эса кўсак, гул, шонанинг тўкилишига, ниҳолнинг пастки шохларидаги кўсакларнинг моғорлаб кетишига ва шира босишига олиб келади. Август ойи давомида қатор ораларига қўшимча икки-уч марта культивация ўтказиш лозим. Ҳозир ғўзада 5-6 тадан кўсак мавжуд. Шунинг учун кундузи иссиқ пайти қатор ораларида культивация юрганда иложи борича тракторни паст тезликда ишлатиш даркор.

Кўпгина фермер хўжаликлари чеканкани барвақт бошладик ва эртачи тугатдик, деб юришибди. Афсуски, ҳали чилпиш чала ўтказилган майдонлар анча. Энди ён шохларни чеканка қилиш ҳосилга ҳосил қўшади. Зарбдор 40 кунлик мобайнида сувчи, тракторчи ва ишчилар ўзаро ҳамкорликда ишлашлари, фермер хўжаликларининг раҳбарлари дала ишчиларига қулай шароит яратиб бериб, ишни бир зум ҳам тўхтатмасликлари лозим. Шундагина далаларда мўл ҳосил тўпланади ва тўпланган ҳосил тўлиқ сақлаб қолинади.

Н. ОЧИЛДИЕВ, ПСУЕАИТИ Сурхондарё
илмий-тажриба станцияси директори
М. ТОЖИЕВ, станция лабораторияси мудири,
қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг