Бош саҳифа / Жамият / Қозон тўлди – миллий одат

Қозон тўлди – миллий одат

Асрлар давомида эъзозланиб келинаётган урф-одатлар, расм-русумлар миллий маданиятимизнинг асосини ташкил этади. Барча жойда бўлгани каби жонажон Сурхон воҳасининг қишлоқ, овул ва шаҳарларида Наврўз байрами  тантаналари ўзгача шукуҳда нишонланди.

Анъанага кўра, қишлоқ жойларда Наврўз киргач, “Қозон тўлди” ва “Йил боши” деган тадбирлар ўтказилади. Бунда бир ота фарзандлари ёки ҳар бир оилада, ҳатто бутун қишлоқ ёки овул фуқаролари биргаликда байрам қиладилар.

“Қозон тўлди” маросимида ака-укалар, опа-сингиллар, набира ва келинлар биргалашиб кимдир гуруч, кимдир ёғ, кимдир гўшт, кимдир кўкат, ҳар хил пишириқлар, ширмой нонлар олиб келишади. Кайвонилар қозонга ўт қалаб, уни тўлдириб таом тайёрлашади. Кўклам устида кўрпача тўшалиб, дас турхон ёзилади. Таом тайёр бўлгач, уруғ-аймоқлар қурда ўтиришиб, ният қилишади. Кўпинча “Қозон тўлди” тадбирида кескан ош, палов ва қайнатма шўрва каби миллий таомлар тайёрланади.

“Йил боши” маросимида ҳам биргалашиб озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келинади. Фарқи шундаки, тадбирнинг бошланиши ва охирида энг кекса қишлоқ оқсоқоли ёки кайвони онахони бободеҳқон, чўпон ота ҳақларига қуръон оятларидан тиловат қилишади. Деҳқончилик ишларига, чорвадорларга хайр-барака тилаб ниятлар қилинади. Ўша куни кимдир янги иморатга қозиқ қоқади, оқсоқоллар биринчи ғиштини қўйишади. Эмишки, Наврўз киргач “Йил боши” тадбири ўтказилиб, экин-тикин ишлари бошлаб юборилса, қўй-қўзилар адирларга кўчирилса, янги иморат қурилиши бошланса, келин танланса, фарзанд тиланса, ниятлар ижобат бўлиб, ҳамма ишлар барорли, файзли ва барокатли бўлармиш.

Музработ туманидаги “Дарбанд” маҳалласида тўрт-беш жойда “Йил боши” ва “Қозон тўлди” маросимлари бўлиб ўтди. Бир дастурхон устида жам бўлган қариндош-уруғлар, қишлоқ фуқаролари яхши ниятлар билан тадбирдан сўнг экиш-тикиш, боғларга ишлов бериш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширишди. Бир нечта хонадон аҳли яхши ният билан ёш келин-куёвлар учун янги иморатга дастлабки ғишт қўйишди. Қишлоқ аҳли шу куни бир қатор эзгу ва хайрли ишларни амалга оширишди. Бир сўз билан айтганда, миллий қадриятларимиз йилдан-йилга сайқалланиб, мазмун-моҳияти бойиб бормоқдаки, бу ёш авлод  тарбиясида ҳаёт мактаби вазифасини ўтамоқда.

Сафар ОМОН

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan