Бош саҳифа / Жамият / Озодликка нима етсин?

Озодликка нима етсин?

Дунё шундай яратилганки, унинг пойдеворида ободлик, гўзаллик, тирикликка хизмат қилгувчи жамики барҳаёт унсурлар асосий ўринни эгаллайди. Инчунун, баъзи бир манзилу маконларни ихтиёр этганингизда, “Ободлик кўнгилдан бошланар экан-да,” деган ўй бот-бот хаёлингиздан ўтаверади.

Ободлик, саришталик учун аввало кишида хоҳиш-истак, жиндай ҳафсала бўлиши керак-да! Истаклар ўз соҳибига хайрихоҳлик бермагунча, киши қўлига иш қуролини олмайди. Энг муҳими, саришталик, ободончилик, озодалик учун ҳеч қандай харажат ёки маблағ талаб қилинмайди. Шу оддий ҳақиқатни англаган бор, англамаган бор. Аммо саришталик, озодалик таълим муассасасида бўлмаса, бундан ёмони  йўқ.

Ўтган йилнинг декабрь ойида хизмат сафари билан Денов туманида бўлганимизда бунга яна бир карра амин бўлдик. Балки тумандаги “Қайтмас” маҳалласи идораси билан ёнма-ён жойлашган 13-умумий ўрта таълим мактабидаги шарт-шароит ва мавжуд аҳвол мактаб директори Нурилло Саидов, хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари Ўктам Турдиев ҳамда мактаб педагогик жамоасини қониқтирса керак-да, деб ўйларсиз. Аммо четдан холис кўз билан қараган одам бу ердаги ободончилик ишларидан қониқмаслиги тайин. Айниқса, маҳалла идорасининг орқа тарафидаги ҳудудда бузилган эски иморат ўрнида юзага келган тартибсизлик ва айрим ер майдонларининг ўз вақтида ободонлаштирилмаганлиги хунук манзара касб этган. Ваҳоланки, мактабда бугунги кунда 16 нафар ишчи ходимлар фаолият юритади. Кичкина ҳовуздаги сув кўлмакланиб, ифлосланиб қолган. Мактаб биносининг айрим деворлари таъмирталаб аҳволда.  Бундан, ёз ойларида таъмир ишлари яхши амалга оширилмаган экан-да, деган хулосага боришингиз тайин.

Хўжалик мудири Ўктам Турдиев бир неча йилдан бери ишлаб, катта тажриба орттирган бўлишига қарамасдан, кўмир ёқилғисининг кирим-чиқим дафтарини 2015 йил 24 декабрдан буён туман халқ таълими бўлими мудирига тасдиқлатмаган.

Мактаб директорининг хонасидаги аҳвол барчасидан ачинарли. Хона тўрига ўрнатилган печканинг атрофи тўзғиб, ўтин ва кўмир қолдиқлари сочилиб ётибди. Ушбу ҳолатни бутун мактаб ҳовлиси билан уйғун ҳолда кўргач, барчасини тушунгандек бўлдик. “Хайф сизга”, дегимиз келди.

Ушбу ҳолатларга жавоб топиш учун мактаб директорини изладик. Директор билан учраша олмагач, телефон орқали изоҳ сўрадик. Мактаб директори Нурилло Саидов эса бирдан мақсадга кўча қолди: “Ўринбосарларим бор-ку, хизматни айтинг, хизматни! Барча хизматингизни бажаришади”, дейишдан нарига ўта олмади.

Агар  мактаб раҳбарияти ўзларида бор имкониятлардан оқилона фойдаланиб, ўз вақтида ободончилик ишларини олиб боришганда эди, бугун бизга “хизмат”  айтмаган бўлишарди. Буёғи, мутасаддиларга ҳавола, улардан бирон-бир жўялироқ жавоб кутиб қоламиз.

Холмуҳаммад
ТОҒАЙМУРОДОВ,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan