Бош саҳифа / Жамият / Озодалик – туман бойлик

Озодалик – туман бойлик

Ҳозирги пайтда безгак касаллиги Жанубий, Жанубий-Шарқий Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларида тарқалган бўлиб, 100 дан ортиқ давлатларда қайд қилинган.

Бизга қўшни бўлган Тожикистон, Афғонистон ва Қирғизистон давлатларида безгак бўйича эпидемиологик ҳолат яхши эмаслиги бизнинг ҳудудимизга ҳам безгакнинг кириб келиши ва тарқалиш хавфини кучайтиради. Бу касаллик қўзғатувчи плазмодийларининг 100 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, улардан фақат бештаси одамларда касаллик чақиради. Безгак паразитларининг кўпайиш даври асосан жигарда, сўнг қонда кузатилади.

Касаллик асосан анофелес чивини (қанотида қора доғлари бор пашша) чаққанда, текширилмаган ва зарарланган қон қуйилганда ёки безгак паразитлари билан ифлосланган тиббий анжомлардан фойдаланганда, безгак касаллиги билан оғриган онадан туғиш вақтида ҳомилага юқиши мумкин. Лоҳаслик, дармонсизлик, бош оғриғи, иштаҳанинг йўқлиги касаллик белгилари ҳисобланади. Бу даврда безгак хуружи, беморнинг кўнгли айниб, қалтираши, устини тўғри келган ёпинчиқлар билан ёпиши кузатилади. Сўнгра тананинг қизиб кетиш даври бошланиб, тана ҳарорати 39-41 даражагача кўтарилиб кетади. Нафас олиш тезлашиб, қайт қилиш ва бошда қаттиқ оғриқ бўлиши, бемор безовта бўлиб, гоҳида алаҳсираши мумкин. Болаларда кўпроқ титраш ҳолати кузатилади. Бир неча соат ўтгандан сўнг юқори ҳарорат кўп терлаш билан алмашади. Тана ҳарорати тезда пасайиб, бемор ухлаб қолади ва ўзини соғлом одамдек ҳис қилиб уйғонади. Бундай хуружлар безгакнинг турига қараб, кунора ёки икки кунда қайтарилиб туради. Бундан ташқари, жигар ва талоқнинг катталашиши, камқонлик, тананинг қақшаб оғриши ҳам бу касалликка хос белгилардан ҳисобланади.

Безгакнинг олдини олиш учун қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим:

  • касаллик тарқатувчиси бўлган анофелес чивинларининг кўпайишига йўл қўймаслик. Сув ҳавзаларини сув ўтларидан ўз вақтида тозалаб туриш, ботқоқликлар, ташландиқ сув йиғмаларини қуритиш;
  • хонадонлардан шоли экилгаи майдонлар камида 3 километр масофа узоқликда бўлиши;
  • чивин чақишдан сақланиш мақсадида пашшахоналардан фойдаланиш, хона деразаларига тўр пардалар тутиш ёки безгак чивини кўп учрайдиган жойларда терига ва кийимларга чивинларни чўчитувчи дорилар  суртиш;
  • қалтираш, тана ҳароратининг кўтарилиши, терлаш, лоҳаслик белгилари пайдо бўлса, зудлик билан шифокорга мурожаат этишингиз лозим.

Назар ЙЎЛДОШЕВ,
Термиз шаҳар ДСЭНМ
паразитология бўлими мудири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Uchovlonning to’rtinchisi

Ommaviy axborot vositalari odatda to‘rtinchi hokimiyat sifatida tilga olinadi. Jurnalistlar esa bevosita jamiyatda mavjud uch …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan