Бош саҳифа / Маданият / Қозоқнинг улуғ шоири

Қозоқнинг улуғ шоири

Дунёда даҳоларнинг ҳаёт йўли осон ва равон бўлмаган. Тақдир ва тарих уларни ҳаёт синовларидан ўтказиш, фаолияти, эзгу ишлари, сўзи ва амалини инсонларга ибрат қилиб кўрсатиш учун ҳам эҳтимол ана шундай толеи аъмолни уларга раво кўргандир.

Бундан салкам икки аср илгари Ўрта Осиё халқлари тарқоқ ва қолоқ эл бўлганлигига тарихнинг ўзи гувоҳ. Европа ва Россияда капитализм ривожланиб, темир йўллар, трамвай, машинасозлик, кемасозлик саноати тараққий этган, ҳарбий саноат ниҳоятда ривожланган бир пайтда, улар асосан деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик билан шуғулланганлар. Ана шундай даврда Қозоғистоннинг Семипалатинск вилояти Чингизтов туманидаги овуллардан бирида Абай Қўнонбоев дунёга келади.

Унинг отаси Қўнонбой зиёли, маърифатпарвар, қозоқ элининг энг катта бийларидан бири эди. Ўғлининг тарбиясига жиддий эътибор бера бошлайди. Айниқса, бўлажак шоирнинг момоси Зира, онаси Улжон кўплаб қадимий халқ достонларини, шеърларини, оқинларнинг айтишувларини ёддан билган, оқкўнгил ҳамда донишманд аёллар эди. Улар барча билган эртаклари, достонлари, ҳикоялари ва термаларини ёш Абайнинг онгу шуурига сингдиришган.

Бўлажак даҳо шоир ва мутафаккир учун отаси Қўнонбой яшаётган овулда жуда катта ижодий ва адабий муҳит мавжуд эди. Уларнинг уйларига ўз даврида довруқли бўлган қозоқ зиёлилари, шоир ва ҳофизлари тез-тез йиғилишарди. Чингизтовда қарор топган овул, бошқача қилиб айтганда, қозоқ халқининг салоҳиятли вакиллари, замонасининг илғор кишилари тўпланадиган ҳақиқий маданият марказига айланганди. Бу ҳадсиз адирларда Муҳаммаджон, Алмагамбет, Мўка каби созанда ва оқинлар овулнинг катта кичигини йиғиб, тонггача достон ва ўлан куйлашган. Ана шундай кезларда ёш Абай машҳур бахши ҳамда оқинлар Биржан, Акан, Мусо, Таттимбет, Дўлат каби замонасининг илғор кишилари билан яқиндан танишган. Унинг болалик шуури бир умр қозоқ халқ достончилиги, оқинчилиги, ўланчилигининг сеҳрли оҳанги, ижрочилик маҳорати, терма тўқиш санъати, қўбиз ва дўмбирага жўр бўлган мунгли, шу билан бирга ўта таъсирчан  халқ санъатига бир умр асир бўлиб қолади.

Абай бир шеърида шундай ёзади:

Қозоғим, шўрли юртим, вайрон юртим!

Қоронғуда йўл топмай, ҳайрон юртим?

Ёмон билан яхшини фарқ қилолмай,

Оғзида ҳам қон, ҳам мой, сарсон юртим!

Домла Миртемир таржимасидаги бу ўланни ўқир экансиз, кўз ўнгингизда икки аср олдинги, нафақат қозоқ элига, балки бутун Ўрта Осиё халқларига тегишли бўлган аччиқ ва нолали даъват эканлигини англайсиз.

Донишманд бий ўз ўғлини овулдаги эски мактабга беради. Ундан сўнг энг етакчи мадрасада ўқитади. Абай мактаб ва мадрасани зўр қизиқиш ва эҳтиром билан тугатар экан, дунёни ўзгартириш, халқининг турмуш тарзини яхшилаш, миллат ва давлат сифатида дунёга танитиш учун жуда катта илм ва маърифат керак, деган хулосага келади. Ва ҳар бир миллатдошининг савод чиқариши, таълим-тарбия олиши, ўзга тилларни ўрганиши, нафақат диний билимлар, дунёвий аниқ фанларни сидқидилдан ўзлаштириши лозимлигини англаб етади. Бир умр улуғ шоир ва мутафаккир Абай Қўнонбоев ана шу мақсад ва эзгу ишларга содиқ қолди.

Ислом дини ва маданияти инсониятни ҳамиша ҳалолликка, иймон-эътиқодга, маънавият ва маърифатга, тараққиётга етаклашини бир умр тарғиб этди.

Сўз боши аввал ҳадис, оят бўлур,

Шираси ҳам, маъноси ғоят бўлур.

Пайғамбар ҳам сўзини ўлан қилган,

Ўлан айтай, шоятки кўнглим тўлур.

Ана шу руҳда юзлаб ўланлар ижод қилган шоир жуда қисқа муддат ичида бутун мамлакат ва миллат ичида машҳур ҳамда манзур бўлди. Унинг “Ёзнинг қуёшли онлари” шеъри 1889 йил Тюмендаги “Дала уалаяты” газетасининг 12-сонидан чоп этилади. Бу улуғ шоир учун жуда катта қувонч эди. Шу   даврда шоирнинг “Масгут” ва “Азимнинг қиссаси” сингари достон ва поэмалари пайдо бўлади. Даҳо ижодкор бутун борлиғи билан адабиётга, шеърга, ижодга шўнғиган эди. У ўзининг “Искандир” поэмасини яратишда буюк шарқ алломалари Фирдавсий, Низомий, Навоий ижодига юзланади ва уларнинг достончиликдаги анъанавий усулларидан фойдаланади.

Абай Қўнонбоев ҳақиқий маънода қозоқ мумтоз адабиёти асосчиларидан бири сифатида ўз давридаёқ тан олинганди. У шу билан бирга бастакор сифатида миллат маданияти ва санъатида беқиёс ишларни амалга оширган. Бир қатор қадимий достонлар, ўзи ижод қилган ўланларга куй басталаб, уларнинг боқийлигини таъминлайди. Абай мамлакатни ва миллатни қолоқликдан олиб чиқиш, юксак маънавият-маърифатга эришиш, ҳар бир миллатдошининг саводли бўлишини бош мақсад қилиб қўйган улуғ мутафаккир бу борадаги насиҳатларини тўплаб, қомусий асарлар яратди.

Ўзининг жигарбандлари, фарзандларини ҳам эзу мақсад, мамлакат ва миллат тараққиётига, шону шуҳратига ҳисса қўшадиган инсонлар қилиб вояга етказишга интилган. Ўғиллари Ақилбой, Абиш, Магаш, Абдураҳмонларни ҳар томонлама етук инсонлар қилиб тарбиялаш йўлида барча имкониятларни сафарбар этди. Айниқса, Ақилбойнинг шоирлик, оқинлик, олим ва мутафаккирлик салоҳияти баландлигини кўриб, Абай унинг келажагига катта умид билан қарайди. Ўз даврининг илғор мактаб ва мадрасаларида таълим олган Ақилбой юзлаб шеърлардан ташқари “Зулус”, “Жазирамада” (Жараҳ), “Доғистон” каби тарихий достонлари тезда бутун мамлакат ва элга тарқаб, оғиздан оғизга ўтиб юради.   Афсуски, севимли ўғлоннинг парвози узоққа бормайди. Ақилбой Абай вафотидан қирқ кун ўтгач ҳаётни жуда ёш тарк этади.

Абай келажагига жуда катта умид боғлаган Абдураҳмон исмли ўғли ҳам касалликка чалинади. Унинг иқтидорига ишонган ота Абдураҳмонни аввал рус мактабига, сўнгра Тюмендаги билим юртида, Санкт-Петербургдаги Михайловск артилерия мактабида ўқитади. Ҳарбий академияга кириш арафасида 27 ёшида Абдураҳмон вафот этади. Унинг ўлимига бағишлаб тўққизта ўлан ёзади. Улуғ шоир, даҳо мутафаккир Абай Қўнонбоевнинг улкан руҳияти бундай айрилиқни кўтара олмайди. Ундан сўнг шоирнинг Абиш ва Магаш исмли фарзандлари, кенжа хотини Дилидан туғилган кичик ўғли Марауй ҳам ёруғ  дунёни тарк этади. Оғир ва даҳшатли айрилиқлар, ҳаётнинг қақшатгич зарбасини кўтара олмаган даҳо ижодкор Магаш ўғлидан қирқ кун ўтиб, 59 ёшида фоний оламдан кўз юмади.

Юқорида айтганимиздек, ҳар бир даҳо ёзиғида Яратганнинг қаттиқ синов-имтиҳонларини кўрамиз. Ана шундай тақдир чиғириқларини енгиб ўта олган инсонларгагина буюклик ва даҳоликни Яратганнинг ўзи инъом этганлигини тан олиш лозимдир. Улуғ қозоқ шоири, ҳайратомуз хотира соҳиби, миллат булбули, деб тан олинган Абай Қўнонбоев бир шеърида: “Ўлсам, умрим қордаги из бўлмасми? Ўткир тилим тортинчоқ қиз бўлмасми?” деганда, нималарни назарда тутган экан… Абай Лев Толстой, Пушкин, Салтиков-Шедринларнинг ижодларини чуқур ўрганган. Ва Пушкиннинг “Евгений Онегин” шеърий романидан бир қанча бобларини қойилмақом қилиб қозоқ тилига ўгирган.

Жалолиддин Румий халқларнинг дўстлиги тил бирлигида эмас, дил  бирлигида, деб таълим беради. Дарҳақиқат, бу минг йиллар синовидан ўтган ҳақиқатдир. Президентимизнинг шу йил 13 мартдаги “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги қарорини  ҳам элимиз мамнуният билан қарши олди. Биз тилимиз, дилимиз, динимиз, жонимиз ва қонимиз бир бўлган улуғ туркий элатлармиз. Шундай экан, улуғ мутафаккирлар, даҳолар барча туркий эллар учун эъзозли ва қадрлидир.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ijodkor o‘qituvchilar nazmi

“Surxon nashr” nashriyotida chop etilgan “Ustoz va shogird” kitobining mualliflari — mutaxassisligi bo‘yicha fizika-matematika fani …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan