Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Озиқ-овқат хавфсизлиги – давр талаби

Озиқ-овқат хавфсизлиги – давр талаби

Шуни айтиш керакки, озиқ-овқат хавфсизлиги бутун дунё мамлакатлари олдида турган муҳим вазифалардан биридир.

Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 16 январдаги “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони халқимиз анчадан бери кутаётган муҳим тарихий ҳужжат бўлди. Сир эмаски,  юртимизда экспорт-импорт операцияларини тартибга солиш, эҳтиёж катта бўлган озиқ-овқат товарларини импорт қилишдаги тўсиқлар, носоғлом рақобат, айрим хўжалик юритувчи субъектлар томонидан импорт маҳсулотларининг  монополлаштирилиши, нарх-навонинг сунъий оширилиши, тақчилликнинг юзага келиши каби бир қатор муаммолар мавжуд эди.

Бундай ҳолатлар соҳадаги ишчанлик муҳитига  мамлакатнинг инвестициявий  имкониятига ва жаҳон бозоридаги обрўсига  жиддий зиён етказиши табиийдир. Шу маънода мазкур фармоннинг қабул қилиниши юртимиз бозорини саифатли, арзон ва хавфсиз озиқ-овқатлар билан тўлдириш, аҳолининг харид имкониятларини мустаҳкамлаш, соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш имконини беради.

Кўпчиликка маълумки, айрим хўжалик юритувчи субъектларга озиқ-овқат товарларини хориждан импорт қилиш бўйича бир қатор индивидуал божхона, солиқ ва бошқа имтиёзлари, переференциялар берилган эди. Натижада давлатимизнинг миллиард сўмлаб маблағлари сарфланарди. Лекин бу  ўзини оқламади. Озиқ-овқат маҳсулотлари импорти айрим субъектлар томонидан монополияга айлантирилди. Хориждан келтирилаётган шакар, қанд, ўсимлик ёғлари ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ички бозорда кўпайиши ҳамда нарх-наво пасайиши ўрнига, акси бўлиб қолди. Юқоридаги фармонга кўра, жорий йил 1 февралдан бошлаб озиқ-овқат товарлари импорти учун  бериладиган барча имтиёз ва переференциялар бекор қилинади. Эндиликда истеъмол товарлари республика товар хом ашё биржаларида сотилади. Шунингдек, биржаларнинг очиқ электрон савдоларида сотиш учун (сотиб олиш)  лицензия талаб қилинмайди. Илгариги, улгуржи савдога лицензия олишда энг кам иш ҳақининг 3,500 баравари ва пул маблағи 1,200 баравардан кам бўлмаган устав фонди мавжудлиги ҳақидаги талаб ҳам бекор қилинди.

Ички истеъмол бозорда нарх-навони барқарорлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан юқоридаги маҳсулотлар товар-хом ашё биржалари ва  хорижий биржалар электрон савдолари тизими орқали амалга оширилади. Озиқ-овқат маҳсулотларининг хариди, жамғарма тушуми ва харажатлари ягона порталда эълон қилиб борилади. Хуллас, хориждан олиб келинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси шаффоф ҳолда амалга оширилади.

Энг муҳими, Юртбошимизнинг ушбу фармони асосида ҳукумат қарори ва “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. Бир сўз билан айтганда, мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотлари нархини пасайтириш, сифат ва хавфсизлигини таъминлаш, чайқовчилик ҳолатларига чек қўйиш, бюрократияни бартараф этиш, хорижий инвесторлар ва ҳамкорлар билан мунтазам мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиш борасидаги барча муаммо ва сунъий ғовларга чек қўйилди. Шу жиҳатдан олиб қараганда, бу фармон мамлакат ички ва ташқи бозорини ривожлантириш, маҳсулот сифатини тубдан яхшилаш, нарх-навони арзонлаштириш, хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлашда мамлакатимиз тарихида янги саҳифа бўлиб тарихга киради, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Сафар ОМОН,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Талабага имтиёзли кредит

Ҳар ҳафта кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан ўтказилаётган мулоқотларда вилоят ҳокими Тўра …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE