Бош саҳифа / Жамият / Ҳожатбарорликми, қоидабузарликми?

Ҳожатбарорликми, қоидабузарликми?

“Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон” темир йўли халқимизнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилишда ҳамда мамлакатимиз иқтисодиётини мустаҳкамлашда самарали омил бўлиб хизмат қилаётгани барчамизга аён.

Термиз темир йўл вокзалига кириб борар экансиз, йўловчилар учун барча шароит етарли. Агар қўлингизда шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат ва йўл чиптангиз бўлмаса, вокзал остонасидан ҳатлаб ўтолмайсиз. Темир йўл ходимлари тартиб-интизом ва назоратни яхши ташкил этаётгани қувонарли ҳол.

Аммо гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, баъзи бир уддабурон темир йўл ходимлари тўғри йўл қолиб, қинғир туйнуклар топишга бел боғлаганига ҳайрон қоласиз. Ишхонадан чиқиб, Термиздан Қумқўрғон туманига қайтаётганимда “Тошгузар – Бойсун – Қум- қўрғон” йўналишида ҳаракатланаётган поездга 3000 (уч минг) сўмга чипта сотиб олдим ва темир йўл ходимлари назоратидан ўтгач, вагон назоратчисидан қайси вагонга чиқишим кераклигини сўрадим. У киши менга ҳеч ўйланмасдан “билетнинг устига  минг сўм берсангиз, шу вагонда олиб кетаман” деди. Мен бирдан сергак тортиб, савол назари билан назоратчининг юзига қарадим-да, вагонга чиқдим.

Вагонда Тошкентга кетаётган Салима исмли аёл билан танишдим. Мен унга  вагон назотарчиси арзимаган пул учун хизмат вазифасини суиисътемол этиб, виждони қийналмасдан таъмагирлик қилаётганлигини айтиб бердим.  Шунда  аёлнинг ҳам чакаги очилиб қолди.

— Сингил нимасини айтасиз, вагон назоратчиси менга агар олтмиш минг сўм берганингизда, чипта олмасангиз ҳам олиб кетардим,— деб оғринди.

Хўш,  бу ҳожатбарорликми ёки қоидабузарликми…? Бугун Юртбошимиз юқори минбардан туриб барча соҳалардаги қинғирлик, коррупция, деган иллатларни таг-томири билан қўпориб ташлаш йўлида биргаликда ҳаракат қилишимиз керак, деб турганда, наҳотки бу каби текинхўрликка, яширин қоидабузарликка йўл қўяётган ходимлар ўз нафсларини тия олмасдан, яна беҳижолат қонун-қоидага амал қилувчи фуқароларни йўлдан уриб, чўнтак қаппайтиришдан қайтмаган бўлса? Бундай кимсаларга қонун-қоиданинг, қатъий назоратнинг таъсири етиб бормаган бўлса? Ҳали-ҳануз “уйғонмаган”, қинғирликдан тийилмаган одамлар, букрини гўр тўғрилайди, қабилидаги тавқи лаънат ёғилишидан қўрқмаса? Эзгулик йўлида халққа  хизмат қилаётган темир йўлчилар орасидаги айрим таъмагирларга бефарқ қараб бўлмайди.

Адолат МЎМИНОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Битирувчилар МИБда ишлаши мумкинми?

Бу саволга талабалар Термиз давлат университетида Маж-бурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси вакиллари билан ўтказилган …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan