Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Оз-оз ўрганиб…

Оз-оз ўрганиб…

ёхуд моҳир сабзавоткорларни ўзига мижоз қилган ўқитувчи фаолиятига чизгилар

Тўлқин Аноров шаҳарда яшарди. Уч хонали дом — қишда иссиқ, ўтин, кўмир ташвиши йўқ. Иссиқ-совуқ сув мудом жўмраклардан оқиб туради. Эру хотин олий маълумотли, ишлари тайин. Ҳамма нарса етарли, “Еганлари олдида, емагани ортида,” дегандайин. Нима бўлдию Тўлқин тўсатдан домни сотиш тараддудига тушиб қолди.

Хотини ҳайрон, болалар лол эди унинг бу қароридан. Хотинига қўйса, сира домдан кетгиси, иссиқ жойини совутгиси йўқ эди. “Эрта бир кун болалар каттараверса, домда қисилиб қоламиз, тўрт девор ичида бирор иш қилиб бўлмаса. Қишлоқда ўсганман, ота-бобом ердан ризқ топган. Қишлоққа кўчамиз, ер олиб ҳовли жой қиламиз. Ҳозир кетмасак кейин кеч бўлади, вақт-соати етиб кучдан қоламиз”… Шу гаплар билан Тўлқин аёлини кўндирди. Шу тариқа оила аъзолари шаҳардан анча олисдаги Термиз туманининг “Баҳористон” қишлоғига кўчиб келишди.

Шаҳар шароитига кўниккан оила бир муддат қишлоққа мослаша олмади. Рўзғор бошлиғи эса сотиб олинган ерда уйга пойдевор ташлади. Ёз бўйи капа тикиб яшаб туришди. Аёли ТерДУда ишлар, Тўлқин эса гарчанд олий маълумотли бўлса ҳам туман электрлаштириш корхонасига назоратчи бўлиб ўтди.

Кун бўйи “Сабзипоя”, “Наврўз”, “Солиобод” маҳаллаларидаги ҳамда “Намуна” СИУ ҳудудидаги қишлоқларда яшовчи аҳолининг хонадонларига кириб, ҳисоблагичларни текширади, электр пули тўловларини йиғади. Кечга бориб эса электр чироғини ёқиб қўйиб, туннинг алламаҳалигача ғишт қуярди. Ёрдамчиси йўқ, хотин кишини лой ишига солиб бўлмайди, ўғил-қизи ҳали ёш болалар. Эрта тонгдан туриб яна Учқизилга отланар, электр тармоқлари корхонасидан топшириқлар олиб, яна хонадонма-хонадон кезиб, электр пулини йиғарди. Кунлар тез ўтди. Ёзнинг икки ойида 40 минг дона ғишт тайёрлади. Усталарни топиб келиб уйни тиклаб олди.

Домнинг пули уч хонали уй, ошхона, қўшимча хоналар ва омборхонадан ҳам ортиб қолди.

Бу орада Тўлқин Аноровни “Намуна” СИУ ҳудудидаги маҳаллаларга доимий назоратчи қилиб тайинлашди. Биласиз, “Намуна” СИУнинг аҳолиси деҳқончиликнинг пири. Айниқса, иссиқхонада маҳсулот етиштиришни қойиллатишади. Назоратчи намуналикларнинг хонадонига боравериб, одамлар билан иноқлашиб кетди. Тўлқин хонадон эгалари билан деҳқончилик ҳақида ҳам соатлаб гурунглашар ва иссиқхонада эртачи бодринг, помидор етиштириш сирларини, иссиқхона қуриш учун нималарга эътибор бериш кераклигини обдон кузатар ва ўрганарди. Кун кўпми, жун кўпми, деганларидек, ҳар куни бир хонадондан бир ғояга эга бўлган Тўлқин ҳовлисида иссиқхона барпо этишга қарор қилди. Дастлабки йилиёқ мўжазгина иссиқхонада етиштирилган эртачи бодринг, помидор ҳосилидан нафақат Баҳористон қишлоғи аҳолиси, балки Термиз шаҳар халқининг ҳам оғзи тегди, оила иссиқхонадан уч миллион сўм даромад кўрди.

Йил сайин деҳқончилик қилиб, мўмай сармояга эга бўлаётган Тўлқин фақат эртачи бодринг ва помидор етиштириш билан чекланиб қолмай тадбиркорликнинг бошқа йўлларини излади. Намуналиклар ўзлари билмаган ҳолда тадбиркор деҳқонга ғоя беришди. Ғоя шу эдики, Тўлқин намуналикларнинг кўпчилиги билан ҳамфикр бўлиб қолгани учун улар билан суҳбат жараёнида ҳар мавсум “Намуна” СИУ ҳудудидаги маҳаллаларда яшовчи, иссиқхонада помидор, бодринг етиштирадиган томорқачиларнинг асосий қисми помидор, болғар қалампири, бақлажон, бодринг кўчатларини ҳар ердан сотиб олиб келиб, иссиқхоналарида парваришлашаркан. Одамларнинг кўчатга талаб-эҳтиёжи баландлигини сезган Тўлқиннинг пайтавасига қурт тушди. Кўчат етиштириш ғояси унга тинчлик бермай қўйди. Кўчатчилик билан шуғулланадиган деҳқонлар хонадонига қатнаб, бу ишнинг сир-синоатларини обдон ўрганди.

Одам қилган ишни одам қилади, деган шиорни ўз олдига мақсад қилиб қўйган Тўлқин ҳовлисидаги иссиқхонани экинлар ҳосили йиғиштириб олингандан кейин кўчат етиштиришга мослаштирди. Энг аввало ёш ниҳоллар учун иссиқхона ҳарорати мўътадил бўлиши, бунинг учун иссиқхона устини фақат плёнка билан ёпиш камлик қилишини, қисқаси, иситишнинг бошқа чораларини излади. Аввалига иссиқхонани ўтин ёқиладиган печ билан қизитишни тажриба қилди. Бир ойнинг ичида бир машина ғўла ўтин урвоқ ҳам бўлмас экан. Охири бир печкага газ ёқиш ҳисобига сувни қизитиб қувурларни иситиш, иссиқхонада ҳаво ҳароратини бир хил сақлашга эришди. Ташқарида қор ёғиб, анча совуқ бўлган йилларда ҳам иссиқхона ичи 15-20 даража илиқ бўлиб туради ва ёш ниҳоллар баравж ўсаркан. Нари борса энг совуқ кунларда икки-уч баллонли газ билан иссиқхонада иқлимни мўътадиллаштириб туриш мумкин.

Сентябрь ойлари эди. Энг яхши уруғ келтирувчи воситачиларни топиб, помидор ва бодрингнинг сара уруғларини келтирди. Эринмай кичик-кичик плёнка халтачаларга тупроқ-гўнг ва ҳар хил кимёвий препаратлар қўшилган аралашмани солишади. Сўнг ўша қопчага помидор ёки бодрингни битта уруғини солишади-да, ёнма-ён жойлаштириб кетишаверади. Ўзиям бир метр иссиқхонада мингта плёнка халтачани жойлаштирса бўларкан. Кейин плёнка халтачалар устига лейка билан сув қўйишади. Плёнка халтача ичидаги тупроқ усти қотиб қолмаслиги учун ҳар икки-уч кунда яна лейка билан сув қуйиб туришади. Шу тариқа дастлабки йили Тўлқин 15 минг туп помидор ниҳоли етиштирди. Ўн минг дона ниҳолни қўни-қўшниларга сотиб, харажатларини қоплаган бўлса, қолган 5 минг туп помидор ниҳолини ҳовлисидаги иссиқхонада парваришлаб, тонна-тонна помидорни бозорга чиқарди. Ўша йили Тўлқиннинг бахтига эккан помидорлари серҳосил бўлди. Кўп одамларнинг томорқасида очиқ майдонда парваришланган помидор ниҳоллари ҳосил бермай қуриб қолди. Тўлқин эса иссиқхонадаги помидорни август бошигача териб адо қилолмади, нархи ҳам сира тушмади.

Дастлабки муваффақиятдан хурсанд бўлган томорқачи тадбиркор Тўлқин Аноров кейинги йил 20 минг туп помидор, 5 минг туп бодринг кўчати етиштирди. Харидор шунча кўпайдики, ҳатто ўзининг иссиқхонасида парваришлаш учун кўчат етмай қолди. Мана уч йилдирки, Баҳористон қишлоғида Тўлқин кўчатчи борлигини ҳамма билиб қолган. Буёғи “Намуна” СИУдан, нариёғи Ангорнинг “Таллимарон”, “Кайран” қишлоқларидан томорқачи деҳқонлар келиб, Тўлқин Аноровнинг хонадонидаги иссиқхонадан помидор, бодринг, болғар қалампири, бақлажон ва бошқа сабзавотлар кўчатини олиб кетиб, барака топишаяпти. Тўлқиннинг айтишича, 2018 йилнинг эрта баҳорида 100 минг туп “Бўрон” навли помидор ниҳолларини етиштириб сотган ва эвазига 60 миллион сўмдан зиёд даромад қилибди.

— Аввал мен “Намуна” СИУдаги аҳолидан деҳқончилик сирларини ўрганган бўлсам, энди улар фақат мендан помидор, бодринг, болғар қалампири ниҳолларининг ҳар донасини бир минг уч юз сўмдан харид қилишаяпти, — дейди Тўлқин . — Чунки кўчатларим ишончли, сифатли, эккан деҳқон серҳосиллигини мақтайди, биласиз намуналиклар ҳаммадан ҳам кўчат олаверишмайди.

— Намуналиклардек уддабурон одамларни ўзингизга харидор қилган бўлсангиз, сизга қойил, — деб ҳазиллашаман Тўлқинга.

Тадбиркорнинг иссиқхонасига кирамиз. Худди пиёзнинг палидай кенгликда ёғочдан сўри қилинган. Сўрилар ердан 70 сантиметр баланд да, ичига тупроқ тўлдирилган. Тупроқ устида плёнка халтачаларда кўкартирилган ниҳоллар расамади билан жойлаштирилган. 100 минг туп “Бўрон” навли помидор ниҳолларини талабгорлар иссиқхоналарига экишга олиб кетишаяпти. Болғар қалампири, бақлажон ниҳоллари ҳам яшнаб турибди.

— Ниҳол бўлса харидор жуда кўп, — дейди Тўлқин. — Кўчат тайёрлашга сентябрь ойида киришгандик, олди ниҳолларимизни сота бошладик. Бу кўчатлар олингач, изидан яна очиқ майдонларга экиш учун помидор ва бодринг ниҳоли етиштирамиз. Кўчатлар олиб бўлингач, иссиқхонамизда помидор парваришлаймиз.

— Ўзингиз ва аёлингиз ўқитувчи, бунча ишга қандай улгурасиз? — сўрайман Тўлқиндан.

— Ишлайман деган киши ҳамиша вақт топади, интилади. Ўзим, хотиним, икки нафар қизим кечаси бўлса ҳам иссиқхонада меҳнат қиламиз. Қўшни аёллар Сурайё Каримова, Дилфуза Саидматова, Сарвиноз опа, Қобил акаларнинг кунлик ишига қараб пул берамиз, улар мудом бизга кўмакчи, — дейди Тўлқин.

Тадбиркор деҳқондан кўчатлар ер устида эмас, нега айнан сўрида парваришланиши сирларини сўрадик.

— Кейинги пайтда заминда ҳар хил зараркунанда ҳашоратлар, симқуртлар кўпайиб, уруғ униб чиққаниданоқ ниҳолларнинг танаси ёки баргини кесиб кетаяпти. Шунинг учун ҳам ҳамма кўчат тайёрлай олмаяпти, кўчат етиштиргандан кўра тайёрини сотиб олишни афзал билишмоқда. Сабабки, ниҳол етиштиришнинг машаққати оз эмас. Бир пачкада Голландиядан келтириладиган помидор ёки бодрингнинг, болғар қалампирининг минг дона сара уруғи бўлади. Бир пачка уруғни 80-85 АҚШ долларига сотиб оламиз. То уруғ ниҳол бўлиб томорқачиларга етказиб берилгунича зараркунандаларга қарши ишлатиладиган бир неча турдаги кимёвий препаратлар сотиб оламиз. Бўлмасам сифатли ниҳол тайёрлаб бўлмайди. Анча харажат ва кўп меҳнат талаб қилса ҳам иссиқхонада тахтадан сўри ясаб, уни тупроққа тўлдириб, сўридаги тупроқ устига плёнка халтачаларда ниҳоллар кўкартирамиз, — дейди Тўлқин Аноров. —

Иссиқхона ёнидаги ихчам-ихчам қишки ва ёзги бостирмаларда 25 бош қўй санадик.

— Чорвачиликни ҳам ривожлантириб, элимизни гўшт билан таъминлашга ҳисса қўшаётган экансиз-да? — дея ҳазиллашамиз хонадон соҳибига.

— Аслида қўйни гўнги учун ҳам боқамиз, — дейди Тўлқин Аноров. — Жониворларнинг қийини тўплаб, ёзда ўрага солиб чиритамиз, ҳар хил қўшилмалар қўшамиз. Айни кўчат тайёрлашга киришган пайтимиз чириган гўнгни тупроққа аралаштириб, уруғ кўкартириладиган плёнка халтачаларга жойлаймиз. Акс ҳолда бошқа жойдан тўрт-беш миллион сўмга гўнг харид қилишга тўғри келади…

Дарвоқе, Тўлқин Аноров иссиқхонада етиштираётган помидор, бодринг, болғар қалампири, бақлажон ниҳоллари вақти-соати етиб томорқадорларнинг иссиқхонасига кўчирилиб парваришлангач, тонна-тонна ҳосил етиштирилади ва ундан минглаб кишилар озиқланади. Зеро, дарахт бўлмаса мева бунёд бўлмаганидек, ниҳол етиштирилмаса, помидор, бодринг, болғар қалампири, бақлажон ҳам эл дастурхонини безамайди.

Усмонали НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мўл ҳосилга замин

Денов туманида агросаноат мажмуи ва уруғчилик фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 5 …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE