Бош саҳифа / Маданият / Овозингиз асло сўнмасин!

Овозингиз асло сўнмасин!

Донолар айтганидек, адабиётнинг илдизи халқ оғзаки ижодидир. Аждодларимиз яратган бадиий мерос, халқимиз ва юртимиз тарихи бу сарчашмада ўз аксини топган. Кейинчалик улар халқ китобларига кўчган.

Масалан, “Ховдак”, “Денов билан Балх”, “Кўҳитанг”, “Султон Иброҳим”, “Малика Хуббон”, “Донишманд ва маликанинг минг саволи”, “Мулла Гулсума”, “Ал Муҳаммад”, “Тошкент ота”, “Кент”, “Одамнинг туғилиши” ва бошқа достонларда буни яхши ҳис қиламиз. Уларда она юрт тарихи, халқнинг орзу-умидлари, ҳаёт кечинмалари моҳирона ифода этилган. Мен бошқа машҳур достонларни айтмадим. Чунки юқорида номлари тилга олинган достонлар бевосита Сурхон воҳаси билан боғланган. Фольклоршунос олимлар ўзбек халқ оғзаки ижоди ҳақида гапирганда, бир нечта бахшичилик мактабларини тилга оладилар. Шулардан бири Шеробод достончилик мактабидир.

Мактаб номи эса уч-тўрт бахши шоир фаолият кўрсатаётган жойга ҳам берилавермайди. Истеъдодли юзлаб бахшилар жамланган ва анъанага айланган ҳамда мураббийлик анъаналари давом этаётган қишлоқ ёки шаҳарга берилади.

Шеробод ҳам қадимдан булбулзабон, чечан бахшилар макони бўлиб келган. Бу ерда бешқўтонлик Бобо шоир юзлаб авлодларга ўзининг нодир ва ноёб сўз хазинасини мерос қилиб қолдирди. Бобо шоирнинг шогирди Шерна бахши бўлиб, Қосим Жуйриқ бахши, Холиёр бахши, Алим бахши, Ниёзали жебачи, Бойқул бахши, Эсон бахши, Назар бахши, Боймурод бахши, Худойқул бахши, Шотўра юзбоши, Жўра бахшилар унинг издошлари ва шогирдлари бўлади. Улар ҳам достон куйлаб, терма айтиб, бетакрор сиймолар сифатида шу заминда яшаб, ижод қилдилар. Нормурод бахши, Мардонақул бахши, Умир бахши, Сафар бахши, Жўра бахши, Эшмирза бахши, Олломурод бахшилар ҳам элнинг ардоқли бахшилари эди. Улардан ўнлаб достонлар ёзиб олинди. Изида шогирдлари қолди. Устоздан шогирдга, отадан болага анъаналари ушбу кунларда Шеробод достончилик мактаби бахшилари тизимида давом этиб келмоқда.

Ҳозир ҳам Сурхонда элнинг юрагидан жой олган бахшилар кўп. Улар термаю достонлар куйлашда чечан, сеҳрли сўзга моҳирдирлар. Аксарияти достон бошлагач, охирига етказиш қувватига эга. Маълумки, достон йўли узун ва чексиз. Шу маънода, бахши бўлиш ҳам осон эмас. Унинг ноёблиги ҳам шунда.

Бахши одатда давра талаб қилган достонларни айтади. Бу ҳам бахшига айрича масъулият юклайди. Агар бахши эл сўраган достонни кўнгилдагидек куйлаб берса, халқнинг, мухлисларининг синовидан ўтган бўлади. Уни кейинги давраларга ҳам таклиф этишади. Аксинча бўлса, бахши ҳам бундан хулоса чиқаради. Демак, маҳоратни оширмоқ даркор.

Бахши бардошли, камтарин, қалби пок, ширин тил, очиқ юз, оқкўнгил бўлмоғи жоиз. У мисоли дарё бўлиб, чанқоқ дилларни қондиради. Ҳақиқий бахшининг бир қўлида сози, бир қўлида доим қалам, қоғози шай бўлиши керак. Эҳтимол, ижро вақтидаги янги бир ўхшатиш, ташбеҳ дунёга келар. Вақт ўтиб бахши уни сайқаллаб, ривожлантириши мумкин.

Жуйруқ бахши ҳақида бир эшитганим бор. Эмишки, бахши куйлаётиб, гўё сўздан маржон тузар, созини шайлаб, элу овул кезар экан. Борган даврасида тонггача бўзлаб, куларкан, эл кўнглини хушлар экан. Одамларнинг олқишини олиб, қушдек парвоз қилар экан.

Асл бахши сел бўлиб, борлиқни, дунёни, қолаверса, ўзни ҳам унутиб айтади. Унинг қулоғига дунёнинг юракни қора қиладиган гаплари кирмайди, ёлғондан ўзини олис тутади. Кўнгли кийикдайин ўйноқи, сўзи танга малҳамдай ёқимли бўлади. Чорша бахши “Бахшининг” номли термасида шундай сўзларни айтган эди:

Хонишидан тош эрийди суйилиб,
Тумонат эл қўшиқ тинглар жийилиб,
Достон тинглаб, кўзин ёшлар ийилиб,
Мавжланади сўзи селдай қуйилиб,
Булбули гўёдир ли бахшининг.

Яна бахшининг парвози устозлари билан эканлигини таъкидлаб шундай дейди:

Элу юртин хуш, чоғ қилиш тилаги,
Устозлар сўзига соқчи қулоғи,
Лоладай қизариб икки яноғи,
Терма достонининг йўқдир саноғи,
Чарчаб толмас, дулдул йили бахшининг.

Бахшиси бор элда хавф-хатар йўқ. Бахшиси кўп эл ботир келади. Негаки, достонни тинглаб, ким нечалар ўзини қаҳрамон чоғлаб, юрагида жасурлик, мардлик ҳислари тўлиб-тошаверади. Алпларнинг жасорати қалбини, юрагини уйғотади.

 Мустақиллик йилларида Шеробод достончилик мактаби вориси Чорша бахши Раҳматуллаевдан йигирмага яқин достон ёзиб олинди. Ўзбекистон халқ бахшилари Шоберди Болтаевдан “Ойпарча”, “Нурхон қизи”, Абдуназар Поёновдан “Алпомиш”, “Олтин қобоқ”, “Санам гавҳар”, “Туркистон”, “Равшан ва Зулхумор”, “Гўрўғлининг туғилиши ва ўспиринлиги”, “Олланазар Олчинбек”, “Хонойим пари”, “Турсун мерган ва Рамазон чабоғон”, Бобораҳим Маматмуродовдан “Авазхон ота юртида”, “Сарвигул”, Қора бахши Умировдан “Авазхон”, “Малла савдогар”, “Алпомиш”, “Кураш ва Семурғ”, “Жаҳонгир”, “Самангул ва Сувонгул”, “Жузумкўзнинг олиб келиниши”, “Гуржистон”, Хушбоқ бахши Мардонақуловдан “Алпомиш”, “Соқибулбул”, Чори бахши Умировдан “Қойибона”, “Таркибадахшон”, “Қораман ва Оламан”, “Шерали”, “Шералининг туғилиши”, “Ойнигор” каби кўплаб достонлар ёзиб олинди ва айримлари нашрдан чиқарилди.

Айтиш жоизки, Шеробод достончилик мактаби ўз анъаналарини бугун ҳам муваффақиятли давом эттирмоқда. Уларнинг репертуарлари янгидан-янги анъанавий ва замонавий достонлар ҳамда термалар билан бойиб бормоқда. Уларга қарата, “Азамат, ботир бахшилар, бардошли бўлинг! Созингиздан таралган куйлар, булбул овозингиз асло сўнмасин. Олов қалбингиз элнинг юрагига ҳам шундай ҳарорат, завқ бағишлайверсин” дегим келади.

Рўзиқул МУСТАФОҚУЛОВ,
Термиз давлат университети
доценти, филология фанлари номзоди

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мард ўғлонлар хотираси қалбимизда

Жанубий оператив қўмондонлик ҳарбий хизматчилари қўмондонлик бошлиғи, полковник Қодиржон Турсунов бошчилигида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan