Бош саҳифа / Жамият / «Отангна бор, Онангга бор»

«Отангна бор, Онангга бор»

ёхуд  Музработда  марҳумлар  ҳам  сув  ҳақи  тўлайди…ми?

Бугун  воҳада  ҳам  сув билан боғлиқ оғриқли ва долзарб, ечимини  кутаётган  муаммолар  талайгина. Бу муаммоларнинг  айримлари   табиий – техноген  хусусиятлар туфайли мавжуд  бўлса,  айримлари мутасаддиларнинг масъулиятсизлиги, ўз вазифасига совуққонлиги  сабабли  юзага  келган.  Музработ  тумани “Маданият” маҳалласи ҳам мана бир неча йилдирки, сув муаммоси билан курашиб  келади. Аслини олганда йиллар давомида ўз ечимини кутиб ётган, мутассаддиларнинг наздида “жуда катта муаммо” саналган бу муаммонинг ечими анча йиллардан бери фойдаланилмай келинаётган  сув  минорасини  ишга  тушириш  билан  бироз даражада  ҳал  қилса  бўлади.

— Маҳалламизда  неча  ўн  йиллардан бери  тоза ичимлик суви танқислиги  мавжуд. Маҳалла биттагина қўлбола  сув тортиш мосламасидан сув олиб ичади. Қанча мурожаат билан чиқдик, ўзимиз  ҳам ҳаракат қилдик, лекин масала ечилмади,  — дейди  меҳнат  фахрийси  Қурбон  Турдалиев.

Отахон  2016  йилнинг  сентябрь ойида  Ўзбекистон Республикаси  бош вазири  виртуал  қабулхонаси, ҳозирги Президент виртуал қабулхонасига  “Маданият”  маҳалласидаги  ичимлик  суви   муаммоси  бўйича  мурожаат  қилган. 2016 йилнинг 7 ноябрь куни эса мурожаат  муаллифига туман  ҳокимининг  36 – сонли жавоб хати  келади. Унга  кўра,  “2015-2017 йилларда Сурхондарё вилоятини йўл-транспорт муҳандислиги, коммуникация ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш  бўйича чора-тадбирлар  дастури  тўғрисида”ги  2349-сонли  қарори доирасида сув иншоотини  2017 йилда   реконструкция қилиниши таъкидланади. Ўша  пайтдаги  туман  “Сувоқова” корхонаси раҳбари  З.Ражабов   Қурбон Турдалиевга  сув  иншооти 2017 йилги  давлат дастурига киритилганлигини  айтиб, тушунтиришлар беради.

Мана  йиллар  ўтибдики,  масалага  ечим  ҳалигача  топилгани  йўқ. Маҳалла аҳолиси тоза ичимлик суви ичиш орзуси  билан яшаб келмоқда.

Маҳаллада  сув минораси ишламаслигига бепарволик билан қараган ва бунга алоқадор бўлган  мутасаддилар эртами-кечми жавоб берарлар, лекин  маҳалла аҳлига айбдорлар жазоланишидан кўра, тезроқ  сув  минораси  ишга  тушиши   муҳим   аҳамиятга  эга. Маҳалла фаоллари  Шукрулло Қудратов, Абди  Қамбаровлар  билан бўлган суҳбатимизда, улар бир қизиқ, ғайритабиий гапни айтиб қолишди. МИБ туман бўлими ходимлари  хонадонма – хонадон  юриб, сув  истеъмоли учун  тўлов  талабномаларини  тарқатиб  чиқишган.  МИБ  Музработ тумани  сув, электр-энергия ва табиий газдан фойдаланиш тартибини  назорат  қилиш  гуруҳи  раҳбари  О.Холиқназаров  томонидан  йўлланган  талабномалар,  ҳаттоки, ўн йиллар аввал  вафот  этганлар номига ҳам келган.  МИБ  туман  бўлими  масъуллари эса сув истеъмолчиларига  тарқатилган  талабномалар “Сувоқова”нинг ҳудудий бўлими  томонидан  шакллантирилган    рўйхат  бўйича  жўнатилганлигини маълум  қилишди.

— Отам  Ғундаев  Турдали  2006 йилда, онам  Саидова Майрам 2011 йилда вафот  этган. Қизиғи, уларга ҳам сув ҳақини тўлаб қўйиш бўйича талабнома келган.  Сув  эмас, ўтганларга бизнинг дуою хайримиз керак. Табиийки, улар учун  ҳам тўлов қилишим керак эмиш. Биз, бутун маҳалла ҳам биргина  сув  тортиш  мосламаси  орқали  сув  ичамиз.  Бу  нима  деган гап? —  дейди куюнчаклик   билан  музработлик  Исмоил  Ғўндаев.

Сув  масаласидаги  қатор  муаммоларга  ойдинлик  киритиш  учун “Сувоқова”  Музработ  туман  филиалига  борганимизда,  ташкилотни шовқин – сурон, норозилик  кайфияти  қўпганлигининг  устидан  чиқдик. Истеъмолчилардан  кимдир  хонадонида  вафот  этганлар учун ҳам тўлов белгилашганлигини,  биров  икки  кишилик  оиласи  рўйхатига  беш  киши  дея ёзилганлигини, бошқаси тўловни амалга оширган бўлсада, белгиламаганлиги  туфайли  яна тўлашга мажбур бўлаётганлигини, аллаким   банк ходимлари нақд пул учун терминални ишламаяпти, —  дея   важ   кўрсатишаётганлигини   айтиб  нолишди. Уларнинг эътирозлари  ҳақ  бўлиб  чиқди.

— Тўлов   учун   мендан   корхонанинг Шойим  исмли  назоратчиси  60  минг  сўм    олиб, атиги  35 минг сўмлик  квитанция  бериб, мени алдамоқчи бўлди, — дейди  тумандаги  “Шаффоф”  маҳалласида  яшовчи  Расул  Бойпўлатов.

— Хонадонимда  3  киши бўлсада, бу  ердан  берилган рўйхатда 6 киши ёзилган, — дейди  яна бир фуқаро  Олимжон  Аҳадов.

“Сувоқова”  ДУК  туман   филиали   директори   Х.Каримназаров  мавжуд оғриқли  ҳолатларга қуйидагича изоҳ берди.

— Менгача бу вазифага ўтирганлар корхона базасини шакллантирмаганлигининг оқибатида  соҳада қатор  муаммолар  юзага  келган. Истеъмолчилар   рўйхатини   шакллантиришда  биз туман статистика  бўлими  маълумотларидан  фойдаландик. Туман  статистика  бўлими  эса  сув  истеъмолчилар рўйхатини  маҳаллалардан олган. Вафот этганлар, бош- қа жойга кўчиб кетган ва турмушга чиққанлар ҳамда  бош қаларга  ҳам  рўйхат  асосида  талабномалар тарқатилган.  Билмадим, хатони ким қилган? Лекин, мажбурлаш  йўқ. Прокурор билан гаплашганимда, у  майли  кимда  виждон бўлса, мусулмончасига тўлаб кетаверсин, — деди. Шундай  йўл  тутаяпмиз.  “Маданият” ва  бошқа  маҳаллалардаги  сув миноралари  ҳамда  қўлбола сув чиқариш иншоотларининг  сувининг истеъмол қилишга яроқли ёки яроқли эмаслигига келсак, беш ой муқаддам бу  ишга келиб, аввалги  раҳбарлардан сўраганимда  яхши,  ичса бўлади  дейишганди, — дея  ўзини  оқлашга уринди корхона раҳбари.

Гап  шундаки,  Ўзбекистон Республикаси  Президентининг  2017 йил 16 ноябрдаги  “Сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, жорий йилнинг бошидан барча  гуруҳ  истеъмолчиларига сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш 100 фоизлик олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга оширилади.  “Сувоқова” корхонасининг, тааллуқлилиги бўйича ташкилотларнинг  уқувсизлиги, ишни сансоларлик ва ўзибўларчиликка ташлаб қўйганлиги, халқ дарди ва ташвиши билан яшамаганлиги оқибатида музработлик сув истеъмолчиларида  қатор тушунмовчиликлар  ва  норозиликлар  юзага келган. Кўпчилик фуқаролар  кўчадаги  сув  тортиш қудуғи ва корхона ҳисобидаги   истеъмолчи   аҳоли   учун   ҳам  тўлов  борлигини, жорий йилдан бошлаб бунга ҳам  олдиндан тўлов қилиниши кераклигини  билмаган  ҳолда,  ўтган йиллар   давомидаги  қарздорлик деб тушунган.

Яна бир гап, Музработ туманининг каттагина  қисми  истеъмолда ва  ерларни, томорқаларни  суғоришда  “Занг” каналидан  фойдаланади.

Бир неча туманни суғорувчи мазкур каналда кеч  куз ва қиш  мавсумида сув деярли бўлмайди. Оқибатда йиллар давомида қазилмаган  зовурлар  орқали   шўрланган  ҳудудлардан, айниқса, Қизириқ тумани ҳудудидан   нотоза бўлган сизот ва оқова сувларнинг каналга тушиши  оқибатида  сувнинг яроқлилик даражаси буткул ўзгариб, томор- қаларда  ҳосил  етиштиришнинг имкони бўлмаяпти. Куз-  қиш мавсумида  томорқалар суғорилганда  ерда  шўрланиш пайдо бўлиши, мавжуд экинлар  ва дарахтларнинг  қуриши  ҳолатлари  кузатилмоқда.  Хуллас, Музработда сув масаласи бўйича муаммолар ва мурожаатлар талайгина. Кўпгина масалаларнинг  ечими  эса мутасаддиларнинг ташаббуси ва  ғайратида.

Биз  эса мавзуга  яна  қайтамиз.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳидоят деб залолатга кетманг!

Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар кузатилаяпти. Муқаддас динимизга қаратилган эътибор …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE