Отам меҳри дарё экан

0
70

Қиз эсини танибдики, отаси унга қаттиққўл эди. Арзимаган нарсага ҳам танбеҳ бераверар эди. Унинг ҳар бир ҳаракатини эътибор билан кузатарди.

Қиз отасини дугоналарининг оталари билан солиштириб, бир куни онасига йиғлаб арз қилди.

— Дадам мени ёмон кўради, агар яхши кўрганларида бунчалик қаттиқ урушмасди.

— Йўқ, қизим, ундай дема, — дея юпатган бўлди онаси. — Аксинча, даданг сени жудаям яхши кўради, фақат сенга билинмайди. Ҳали катта бўлсанг, ҳаммасини тушунасан…

Аммо, қиз отаси ҳақидаги фикрини ўзгартирмади: “Отаси уни яхши кўрмайди…”

Йиллар ўтди. Ота назорати, она тарбияси таъсирида ҳавас қилса арзигулик ақлли, одобли қиз бўлиб улғайди. Вақти-соати етиб, ёруғ юз билан бахт остонасига қадам қўйди, келин бўлди. Тўй куни қадрдон уйини тарк этар маҳали остонада отасининг пойига бош урди. Отасининг қўллари дуога очилди ва овози титраб оқ фотиҳа берди. Қизининг кўзлари беихтиёр ёшланди, аммо кўнглида ҳамон эски ўйлар: “Отам мени яхши кўрмайдими-а?..”

Тўйдан сўнг қиз ота уйига чақирилди. Кўча бурилишига етганида дарвоза ёнида у ёқдан бу ёққа бориб келаётган отасини кўрди: Отамку! Қизнинг бу манзарадан юраги тўлиқди, “Отамнинг меҳри дарё экан-а!” Қиз машинадан тушиб, шундай кайфиятда отаси бағрига отилди. Пешонасидан ўпиб алқаётган падари бузрукворининг кўзидан оққан ёш юзига тушдию барча бегона ўйлар қалбидан йироқлашди.

— Отам меҳри дарё экан!

Гулираъно ОМОНОВА,
Термиз мактабгача таълим ва хизмат
кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг