Бош саҳифа / Таълим / “Отам давлатим – онам жаннатим”

“Отам давлатим – онам жаннатим”

Куни кеча худди шу номдаги тадбир Қумқўрғон туманидаги 1-умумтаълим мактабида ташкил этилди. Тадбир аввалида мактаб директори Насиба Мустафоқулова ўқувчиларнинг ота-оналарига ташаббускор, билимли, зукко фарзанд-ларни вояга етказаётгани учун миннатдорчилик билдирди.

Тадбирда ўқувчиларнинг ота-онага бўлган ҳурмат, эҳтиром, меҳр-муҳаббатни тараннум этувчи саҳнавий чиқишлари, ҳикматли сўзлари ҳамда ижтимоий видеороликларнинг намойиш этилиши барчага бирдек манзур бўлди. Фарзандларининг саҳнадаги чиқишларидан ва самимий тилакларидан қувонган ота-оналар кўзида беихтиёр севинч ёшлари қалқиди. Мактабнинг ёшлар иттифоқи етакчиси Баҳодир Сатторов ташаббуси билан ташкил этилган ушбу тадбирнинг ўзига хослиги шунда бўлдики, бунда ўқувчилар ота-оналари олдида қанчалик бурчли эканлигини, орзу-итсаклари ҳам уларнинг бахтли табассумини кўришга қаратилганлигини баралла айта олишди.

—    Ота-она ҳақида гап кетганда, аввало, барчанинг юрагида алланечук ёқимли туйғулар туғён ура бошлайди, — дейди мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Феруза Қурбонова. — Ўқувчиларнинг ота-оналарни мадҳ этган чиқишларини томоша қила туриб, кўз ўнгимда беихтиёр ота-онам гавдаланди. Негаки, баъзан биз катталар ҳам турмуш ташвишлари билан овора бўлиб, ота-онамизнинг кўнглини олишга вақт ажрата олмаймиз. Бугунги тадбир нафақат ёшларга, балки биз катталарга ҳам ўрнак бўлди, десам адашмаган бўламан.

Жамиятнинг асосий илм ўчоғи ҳисобланадиган мактабларда ўтказиб келинаётган бу каби тадбирлар оила ва мактаб ҳамкорлигини юқори босқичга кўтарибгина қолмай, ёш авлоднинг қалбида ота-онага муҳаббат туйғусини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Чунки тадбир давомида ҳар бир ўқувчи саҳнада туриб ўз ота-онасини самимий таърифлаш орқали уларга қарата дил изҳорларини-да айта олиши, гулдасталар ҳадя этиб, кўнглига қувонч бағишлаши замирида катта фалсафа яширинган. Бу фақатгина ўз фарзанди тилидан табригу қутловлар эшитаётган ота-оналаргагина аёндир.

Адолат МЎМИНОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Унутилмас учрашув

Анъанага айланиб келаётган “Устоз ва шогирдлар учрашуви” бу йил ҳар қачонгидан ҳам ўзгача руҳда ўтди. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan